22 ноябрда Жиззах шаҳрида вилоятнинг фаол ёшлари - Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда волонтёрлар учун «U-Report» платформаси, унинг имкониятлари тақдимот қилинди. Сўнг учта Олий таълим муассасалари - Жиззах политехника институти, Жиззах давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали талабалари билан учрашувлар ташкил этилди.

Республикамизнинг 8 та ҳудудидан жам бўлган «U-Report» жамоаси 27 ноябрга қадар, яъни беш кун мобайнида Жиззах вилояти бўйлаб 28 та тақдимот ўтказиши кўзда тутилган. Албатта, тақдимотлар билан бирга, турли викториналар ҳам ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, бугунга қадар «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ЮНИСEФ билан ҳамкорликда «U-Report» лойиҳасининг тақдимотларини Сирдарё, Андижон, Бухоро ҳамда Наманган вилоятларида ўтказди ва унга жами 40 минга яқин ёшлар қамраб олинди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 3 йил мобайнида «U-Report» платформасига 210 мингдан зиёд ёшлар аъзо. 30 дан ортиқ давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ёшлар билан мулоқот қилиш учун мазкур платформадан фойдаланяпти. Шу кунга қадар 100 дан ортиқ сўровлар ўтказилди ва ёшларнинг фикри 10 дан ортиқ ижобий ўзгаришлар ва қарорлар қабул қилишга ёрдам берди. Бутун мамлакат бўйлаб ёшлар учун 3000 дан ортиқ тақдимот-учрашувлари ўтказилди.
«U-Report» учун ҳар бир ёш йигит ва қизнинг фикри муҳим!

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.