Ўзбекистон давлат сифатида башариятга ўз тараққиётида янги палла — миллий юксалиш даври бошланганини эълон қилди. Бироқ унинг нима экани, замирида нималар мужассамлиги ва ниҳоят, истиқболи қандай бўлиши ҳақида ҳаммамизда ҳам тўлиқ тасаввур шаклланган эмас. Зеро, жамият кўп жиҳатдан илгари босиб ўтилмаган даврга ўтмоқдаки, бу ҳаққоний реаллик ва тарихда турли халқлар ҳаётида кузатилган. Бундай глобал трансформациянинг ўқ томири, шубҳасиз, Учинчи Ренессанс. Натижада миллий юксалиш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш бир вақтда улкан тарихий жараён сифатида ўзаро уйғунлик касб этмоқда.
Ўз-ўзидан, нега бугун янги Ўзбекистон истиқболини Уйғониш даври билан муштарак кўряпмиз, унга эришиш учун замонавий инновацион технологияларни интенсив жорий қилишнинг ўзи кифоя қилмайдими, қатор давлатлар шу йўлни танлади-ку, каби саволларга дуч келамиз. Ҳолбуки, барча ўзбекистонликни ҳаракатга келтирадиган ўзига хос интеллектуал омил нималигига аниқлик киритиш учун эътиборни Ренессанс концептига қаратсак, тўғри йўл тутган бўламиз. Зеро, янги Ўзбекистон қандай бўлиши, унинг ҳозирги глобал тарихий тараққиётга қай даражада ҳисса қўша олиши устувор даражада айнан шу феномен билан боғлиқ.
Ренессанс муайян ҳудуд ёинки минтақада кутилмаганда пайдо бўлган маёқ сингари ҳамманинг эътиборини ўзига қаратади. У ёки бу вақтда инкубацион давр ниҳояланиб, амалиётга айланади. Ўтмишга назар солсак, Европа тарихининг турғун палласида, яъни XIV асрда Италияда юз берган маънавий юксалиш — Ренессанс илғор фикрли жамоатчиликда ҳақли равишда қизиқиш уйғотганига амин бўламиз. Ўз даврининг илғор вакиллари ушбу Уйғониш даврининг баъзи ўхшаш жиҳатларига қараб, уни қадимги Юнонистонда илм-фан, адабиёт ва санъат соҳасида юз берган кенг қамровли маънавий юксалишга қиёсан “қадимиятнинг уйғониши”, деб тавсифлади. Яна бир мутафаккир “XIV асрнинг мозийга қайтиши”, деб баҳолади. Шундай қилиб, Италияда кузатилган Уйғониш феномени французча “Ренессанс” атамаси билан илмий жамоатчилик кўнглидан жой олди.
Бироқ кейинги ўзгаришлар, илмий тафаккурда рўй берган инқилобий силжишлар Ренессансни бундай талқин этиш маъно-мазмунига кўра, тор доирадаги фикрлаш эканини, яъни қайта идрок этиш лозимлигини тақозо этди. Кези келганда бир жиҳатга аниқлик киритиш лозим: бугун юртимизда туб асослари яратилаётган Учинчи Ренессанс шунчаки “мозийнинг уйғониши” ёки “мозий сари юзланиш” эмас. Нега деган саволга жавобни Ренессансни Ренессанс қиладиган, том маънода уни ҳаракатга келтирувчи омилдан излаш тўғри бўлади. Бу омил — инсонпарварлик. Ғоя, амалиёт, мақсад сифатида гуманизм барча ресурсни инсон камолоти, эркинлиги, фаровонлигига йўналтириш, унинг чексиз интеллектуал ҳамда маънавий салоҳиятини юксалтириш ва ниҳоят, одамлар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда ўз ифодасини топади. Эътибор берайлик: кейинги беш-олти йилда инсонпарварлик давлатимиз сиёсатининг бош йўналишига айланди.
Тўғри, Ренессанс фаолиятимизнинг бошқа муҳим соҳаларидаги ютуқлар билан ҳам боғлиқ. Бироқ бу ҳам юқорида келтирилган глобал жараён — умуммиллий сафарбарлик билан тирик ва бардавомдир. Мустаҳкам асоси бугун яратилаётган Учинчи Ренессанс асли шундан бошланади. Тарихий тараққиётнинг турли палласида маданий уйғонишни бошдан кечирган барча жамиятларда айнан шундай вазият кузатилган. Масалан, X-XIII асрлардаги Марказий Осиё, XIV асрдаги Италия, XVIII асрдаги Бенгалия ва XIX асрдаги Япония Ренессанси фикримизни тасдиқлайди. Ренессанс феномени улардан аввал ҳам содир бўлган, балки кейин ҳам юз бергандир. Аммо юқорида санаб ўтилганларда одатда кўпчилик тафаккуридан ташқарида юз берадиган, Ренессанс феноменининг туб маъноси, моҳияти ва ниҳоят, жаҳон тарихий жараёнига бунёдкор таъсир кучи яққол кўзга ташланган.
Ренессанс кенг маънода, биринчи навбатда, миллат ёки давлатнинг кутилмаганда бошқаларга нисбатан тез интеллектуал ва маънавий юксалиш чўққисига чиқиши, барча жабҳада яратувчанлик қобилияти намоён бўлишидан иборат. Бу ўринда гап миллатнинг табиат инъом этган ресурслар ҳисобига эмас, балки ўзи кашф этган, ўзи бунёд этган замонавий инфратузилма эвазига ўз давридан ўзиб кетиши ҳақида бормоқда. Шу йўсинда давлат ривожи ҳам дунё тараққиётига тамомила янгилик билан кириб боради.
Хўш, Учинчи Ренессансни бунёд этишда Ўзбекистон фуқароларининг зиммасидаги масъулият нималардан иборат ва маданий уйғониш қандай ресурслар ҳисобига рўёбга чиқади, деган савол туғилади. Жаҳон тажрибасида бунга ҳам жавоб бор.
Бизнингча, унга доир учта умумсайёравий сабаб бугунгача маълум. Улардан бири — шу юртда, яъни Ўзбекистонимизда узоқ ва яқин ўтмишда яшаган ота-боболаримизнинг йиғма интеллектуал ҳамда маънавий қуввати даражаси. Илм-фаннинг барча жабҳасида аждодларимиз асрлар оша Учинчи Ренессанс учун етарли беназир интеллектуал инфратузилмани бугунги авлодга қолдириб кетди ва бу мерос башарият томонидан аллақачон тан олинган, эътироф этилган. Демак, бу улкан тарихий-маданий силжиш объектив қонуният эканини Учинчи Ўзбек Ренессанси тўла тасдиқлашига ишончимиз комил.
Иккинчи сабаб шуки, ўзининг бунёдкорлик салоҳиятини кашф этган, рўёбга чиқарган ҳар бир халқ, миллатга эртами- кечми пассионарлик (мавжланиш, яна бир бор ўзини жумлаи жаҳонга намойиш қилиш, дунё тарихида из қолдириш) феномени хос. Бу ҳолат муайян пайт ва муҳитда юзага чиқиши мумкин, уни аллақандай ижтимоий-иқтисодий формациялар, турли “изм”ларга боғлаш жоиз эмас. Пассионарлик ҳолати тамомила ботиний реаллик сифатида эҳтиёж пайдо бўлиши заҳоти юзага чиқади. Бундай ғаройиб тарихий имкониятни воқеликка айлантира олиш, шубҳасиз, энг аввало, давлат раҳбарининг ўз миллати, халқи қалбида мавжланаётган бунёдкорлик туйғусини илғай олиш салоҳияти, дун ёда юз бераётган жараёнларни миллий манфаатлар нуқтаи назаридан сарҳисоб қила олиш қудрати ва турлича фикрловчи фуқароларни ўзининг ҳамкори ва фикрдоши деб ишонишига чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда буни халқимиз чуқур англагани шубҳасиз. Янги
Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни кафолатловчи учинчи муҳим омил халқ тарихининг бардавомлиги, дунё саҳнасига чиқишидан бугунгача башарият кечмишига дахлдорлиги билан боғлиқ. Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимиз уч минг йиллик тарихга эга. Танамизда қони оқаётган аждодларимиз биринчилардан бўлиб ўз давлатига эга бўлган камдан-кам халқлардан бири. Ўша кезлардан эътиборан улар дунё тарихининг фаол иштирокчисига айланди. Улар бир пайтлар қандай ном билан аталгани, қайси тилда сўзлашгани ва қай динга мансуб бўлганидан қатъи назар, бугунги авлод учун тарихий юртдош бўлиб қолаверади. Ренессанс феномени нуқтаи назаридан бир гўшада яшаб, ўзлигини, давлатчилик қиёфасини минглаб йиллар мобайнида асраб, бугунгача етиб келган халқларда маданий юксалиш қуввати барқарор ва бардавом бўлади.
Аждодларимиз юксак чўққиларни забт этиб, зафар қучган ёки қадди букилган паллалар ҳам бўлди. Бир неча юз йиллар жаҳон маданий жараёнига сарбонлик қилгани ҳолда муайян давр барча интеллектуал ва маънавий ресурсидан мосуволикни ҳам ичига ютди. Бугунги авлод фаровон ва эркин яшаётган замин минг йиллар давомида маданиятлар, цивилизациялар, илм-фан ютуқларининг кесишув ва ўзаро бойиш майдонига айланиб, бир муддат душман оёғи остида топталди ҳам. Бироқ бу ерда ҳеч қачон маънавий юксалиш сари интилиш асло тўхтаган эмас. Буюк мутафаккирларимиз, саркардаларимизнинг муборак нафаси билан суғорилган бу гўша бугун янги Ўзбекистоннинг, Учинчи Ренессанснинг бешигини тебратишга ҳозирлик кўрмоқда.
Юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, илм-фан, санъат адабиёт, умуман, маданий-маънавий жабҳа ривожига қаратилаётган ҳар томонлама эътибор, соҳа вакиллари салоҳиятини давр талаби даражасига кўтариш, хуллас, инсон капиталига қаратилган барча ишлар мамлакатимиз ривожида сифат жиҳатдан янги давр бошланганидан гувоҳлик бермоқда. Мулоҳазалар якунида яна бир карра Учинчи Ўзбек Ренессанси устувор даражада миллий-маданий юксалиш ҳодисаси эканини таъкидлаш жоиз. Зеро, унинг учун зарур замонавий воситалар — инновация ҳам, технология ҳам инсон меҳнати, интеллекти, хуллас, маданий салоҳияти натижаси ҳисобланади.