Халқ таълими вазирлиги томонидан беш ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича сезиларли ишлар бажарилди. Жумладан, биринчи ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида тажриба-синов тариқасида 2 минг 108 та ҳаваскор ёшлар театр-студияси ташкил этилди. Уларга 224 минг 504 нафар ўқувчи жалб қилинди.
Юртимиз умумтаълим мактабларининг тасвирий санъат ва мусиқа йўналишидаги тўгаракларига 1,1 миллион ўқувчи қамраб олинди. Болаларнинг карантин давридаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтган йили Халқ таълими вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқлардаги “Беш ташаббус уйимизда”, “Расмлар танлови”, “Ёш китобхон — 2020”, “Онлайн тўгарак” саҳифалари ташкил этилди ҳамда 70 дан ортиқ турли акция ва кўрик-танлов ўтказилди.
Иккинчи ташаббус — ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишига зарур шароит яратиш учун халқ таълими тизимидаги 10 минг 8 та умумтаълим мактабининг 7 минг 700 тасида спорт зали, шунингдек, 29 минг 73 та баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, мини-футбол учун мўлжалланган майдонча ва теннис кортлари мавжуд. 1,2 миллион нафарга яқин ўқувчи спортнинг ўн тўрт тури бўйича спорт тўгаракларига жалб қилинган.
Учинчи ташаббус доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Вазирлик тизимидаги умумтаълим мактабларида 15 минг 906 та компьютер синфи мавжуд. Шундан 9 минг 26 таси (57 фоизи) компьютер техникаси билан таъминланган. Ҳозиргача 8 минг 891 та (89 фоиз) мактаб юқори тезликдаги интернетга уланди. Бугунги кунда интернет тармоғи борган умумтаълим муассасалари “EDUCATION” тарифига уланган ва мактабда мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, 10/40/100 Мбит/с тезликда ишлайди. Бу замонавий технологияларни жорий этишда дастлабки қадамлар қўйилганидан далолат.
Шу кунгача халқ таълими тизимида 20 дан зиёд ахборот тизими ва ресурслари ишлаб чиқилган. Айни пайтда улар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Таълим жараёнида инновацион шакл ва усуллардан самарали фойдаланиш, умумий ўрта таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, синфлар миқёсида барча мавзулар бўйича видеодарслар базасини яратиш мақсадида Maktab.uz масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилган. Ҳозир контент яратиш ишлари бажариляпти.
Ахборот ресурслари орқали ўқувчиларнинг билимини мустаҳкамлаш учун Edu market, Edu kids, kitob.uz платформалари жорий қилинган. Айни пайтда бу ресурслар такомиллаштирилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида амалга оширилаётган муҳим ишлардан яна бири бу — ҳар бир вилоятда биттадан ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактабларнинг ташкил этилиши. Шу йил якунига қадар бундай мактаблар сонини 85 тага етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 215 та “Баркамол авлод” болалар мактабидаги 1 минг 17 та техника, конструкторлик ва дастурлаш тўгарагига 27 минг 617 нафар бола қамраб олинди. Жумладан, Тошкент шаҳри “Баркамол авлод” болалар мактаби ва Яшнобод тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида “Robokids”, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларида “TRANSFORMERS education” ўқув марказлари билан ҳамкорликда робототехника, муҳандислик ва дастурлаш тўгараклари йўлга қўйилди.
Умумтаълим мактабларида дастурий таъминот ва IT соҳасини ҳамда ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида 2020 йилда “Йилнинг энг яхши дастурчиси” республика танлови ташкил этилди. Ушбу танловда 180 нафар ўқувчи иштирок этиб, улардан энг яхши деб топилган уч нафари ғолибликни қўлга киритди.
Келгусида 215 та “Баркамол авлод” болалар мактабида дастурлаш хоналари ташкил этилиб, замонавий компьютер техникаси ва мебеллар билан таъминланади.
Шу билан бирга, 2021-2022 йилларда 2 минг 300 та умумтаълим мактабида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгаракларини ташкил этиш режалаштириляпти.
Тўртинчи йўналиш доирасида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш учун халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган Республика болалар кутубхонаси, 12 та болалар кутубхонаси ҳамда 9 минг 984 та мактаб кутубхонасида жами 15,1 миллион нусха адабиёт фонди мавжуд. Уларнинг 7,8 миллион нусхаси лотин алифбосидаги китоблардир. Китоб фондининг 400 минг 485 таси электрон адабиётдан иборат. Ҳозир 3,1 миллион нафар ўқувчи кутубхонага аъзо.
Бешинчи йўналиш бўйича умумтаълим муассасаларида “Қизларжон”, “Ораста қизлар”, “Моҳир қўллар” тўгараклари ташкил этилган. Айни пайтда 491 минг 359 нафар қиз бу тўгаракларда оилага тайёргарлик бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаяпти.
Беш ташаббус оддий ҳаракат эмас. Бир кунда юқори натижа сезилмаслиги ҳам мумкин. Бироқ ҳадемай ҳаётимизга кириб келган янги авлод мутахассислари ўзлари эришган муваффақиятларга мустаҳкам асос сифатида беш ташаббусни тилга олиши, шубҳасиз. Зеро, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунёда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқдир. Ёшларни оммавий маданиятнинг турли кўринишларидан асраш ҳамда уларнинг ҳаётда ўз фикри, қатъий позициясига таянувчи ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишларини мақсад қилган ҳолда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бугун мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёшлар учун айни келажак йўлини мақсадли белгилаб олишида муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Шерзод ШЕРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири