Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Фарғона вилоятида давом этаётган инфотур доирасида ОАВ вакиллари Учкўприк туманидаги «Меҳригиё» оилавий корхонасида бўлдилар.
24 гектардан иборат плантацияда лаванда, розмарин, ноёб турдаги атиргуллар, банан, киви, кофе дарахтлари етиштирилмоқда.
Бу йилги мавсумдан бошлаб Наманган вилояти ҳудудида 200 гектар ерда яна ўсимлик ва дарахтлар парваришланади.
Оилавий корхона ҳудудида меҳмонхона ва ўтовлар, саломатлик маркази, қайта ишлаш кичик фабрикаси, махсус дорихона, book-cafe, фитобарлар аҳоли ва бу ерга ташриф буюрган сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.
200 дан ортиқ асалари қутиларида лавандага тўйинган асал олинади.
Хожиакбар Абдураззақов, корхона иш бошқарувчиси:
– Плантация ва иссиқхоналарда 100 фоиз табиий маҳсулотлар етиштирилади. Тиббий мақсадда турли препаратлар, чойлар ва парфюмерия воситалари тайёрланмоқда.
Маҳсулотлар Россия ва қўшни мамлакатлар бозорларида харидоргир. Бу йилдан бошлаб АҚШ ва Саудия Арабистони билан ҳам шартнома имзоладик. Эндиликда мазкур давлатларда ҳам Ўзбекистоннинг "Меҳригиё" бренди остида маҳсулотлар сотувга қўйилади.
Оилавий корхонада доимимй 180 ишчи иш билан таъминланган. Мавсумга қараб яна 150дан 300 нафаргача ишчи-ходим иш билан банд бўлади.