2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, Учқудуқ тумани адлия бўлимига халқ таълими ходимларидан 28 та мурожаат келиб тушган. Шунда 18 таси қаноатлантирилиб, ўқитувчилар фойдасига судга даъво аризалари киритилди. 10 та мурожаат адлия иш юритувига олинган, дейди Учқудуқ туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шаҳзод Сайфудинов Бугун ҳақ-ҳуқуқ борасидаги фикр мулоҳазалар турлича. Кимдир зиёли қатлам ўз ҳаққини ундира олмаса, оддий халқ нима қилсин, дейиши мумкин. Қайси соҳа ходими бўлмасин, бор йўғи ҳақ-ҳуқуқини билиш кифоядир.

Масалан, Учқудуқ туманидаги 20-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Фотима Алимованинг рус тили фанидан халқаро S-1 сертификати бўлишига қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5117 сонли қарори талаблари бўйича базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида қўшимча устама пули тўланмаётганлиги бўйича адлия идорасига мурожаат қилди. Ўқитувчи таълим тизимидан бор йўғи қонуний ҳақини талаб қилди. Адлия аралашувидан сўнг Учқудуқ тумани халқ таълими бўлими фуқаронинг 2021-2022 йилларнинг 5 ойи давомида тўлаб берилмаган устама пуллари 6 миллион 4минг 90 сўм миқдоридаги қарздорлигини аниқлади. Учқудуқ тумани адлия бўлими судга талабгор Фотима Алимова манфаатига даъво аризаси киритди ва суд ўқитувчи ҳисобига даъвони қаноатлантирилди.

Худди шундай Учқудуқ тумани адлия бўлимига ҳудуддаги 9-сонли умумтаълим мактабидан рус тили фани ўқитувчилари Амангул Баимбетова, 7-мактабдан Гулираъно Болатова ва Шаҳло Нурмуҳаммедоваларнинг мурожаатига ҳам суд орқали қўшимча устама ҳақлари ундириб берилди.

— Учқудуқ туманинг 10-сонли умумтаълим мактабида ишлайман. Менга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юклатилган, дейди М Барноева. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ етиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сонли Фармонининг 13-бандида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш йўлга қўйилганлигини биламан. Адлияга мурожаатим туфайли Учқудуқ туман Халқ таълими бўлимидан 8 876 031 сўм қўшимча устама тўловларни олдим. Тизим фаолиятидан ғоятда мамнунман. Тўғриси иш судгача боради, деб ўйламагандим. Чунки ўзим ишлайдиган жамоа. Бироқ, андиша доим ҳам инсонга наф келтирмайди. Аммо тўғри йўл шу.

Барноева сингари 13 нафар спорт тарғиботчисининг 20 фоизлик устама ҳақлари Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ тумани судига киритилган даъво аризалари туфайли ундириб берилди. Айни кунда туман адлия бўлими ходимлари меҳнат қонунчилигига оид ҳуқуқий тарғибот билан таълим тизимларида бўлишмоқда. Худди шундай адлия бўлими қошида фаолият юритаётган юридик марказлар фаолияти ҳам эътирофга лойиқ. Марказ ташкил этилгандан бошлаб ҳозирги кунга қадар Учқудуқ тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш марказига жами 3608 та ҳужжат келиб тушган. Шундан 3348 тасига ижобий хулоса берилган бўлса, 55 та ҳужжатга марказлар томонидан салбий хулоса берилган. 205 та ҳужжат қайта ишлаш учун тегишли ташкилотларга юборилган.

Биринчидан бу тизим юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди. Сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатади. Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда таъсири кучли. Бундан ташқари, мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Аниқроғи, давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишида ҳимоя тўсиқ ҳисобланади. Юридик хизмат кўрсатиш маркази жамиятда “...фалон хоким нотўғри қарор чиқарди, фалон ташкилотдаги ҳуқуқшуноснинг биргина хатоси билан мулкий низолар келиб чиқди ёки юрист чиқарган қарор судда ўзини оқламади» деган важлар ва чинакамига ҳуқуқ бузилишларнинг олди олинишида эксперт ташкилот сифатида ўз номини оқламоқда.

Навоий вилояти

адлия бошқармаси

матбуот хизмати.