Жумладан, Шовот туманида яшовчи Одилбек Қаландаровнинг мурожаатида қайд этилишича, у тумандаги техника дўконларининг биридан ярим автомат кир ювиш машинаси сотиб олган. Хонадонига олиб бориб ўрнаттиргач, кир машинасининг айрим қисмлари носоз экани маълум бўлган. О.Қаландаров дўкон эгасидан кир ювиш машинасининг носоз қисмларини таъмирлаб беришни сўраганда истеъмолчидан қўшимча 300 000 сўм пул талаб этилган.

Бундан истеъмолчи ранжиган ва Гурлан тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига муаммосини ҳал этишда ёрдам сўраган. Гурлан тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари воқеа жойига чиқиб, вазиятни ўрганиш давомида истеъмолчига чиндан таъмирталаб кир ювиш машинасини янги, деб сотган ва уни таъмирлаб бериш учун пул талаб қилган “уддабурон” дўкон эгаларининг ёлғони фош бўлди. Шундан сўнг истеъмолчининг кир ювиш машинаси учун тўлаган 1 700 000 сўм пули олиб берилди.  

Самарқандлик Собир Файзиев янги харид қилган буюм билан ҳам шундай муаммо юз берди. У Жомбой туманидаги маиший техника дўконидан 3 400 000 сўмга телевизор сотиб олган. Уйига олиб бориб ўрнатгач, бир неча кун ўтиб телевизор сифатсизлиги маълум бўлган, телевизор экрани яхши кўрсатмай қолган.

Бундан норози истеъмочи дўконга мурожаат қилиб, телевизор экранини таъмирлаб беришларини сўраган. Дўкон эгалари бундан бош тортган. Бир йилга берилган кафолат муддатидан бир ой ҳам ўтмай бундай муаммога дуч келган истеъмолчи бундан норози бўлиб Жомбой тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Жамият ходимлари қонуний тушунтириш ишларини олиб боргач, истеъмолчининг телевизори таъмирлаб берилди.

Гулноза ШАРАФОВА,
журналист