Президентимиз жорий йил 25 ноябрь куни нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ҳолатига оид тақдимот билан танишар экан, тармоқдаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар ва инвесторлар билан ишларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлади. Йиғилишда хомашё базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини тушириб, ички ва ташқи бозорда рақобатдошлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Бугунги кунда нефть-газ кимё саноати анча ривожланиб, ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича қатор йирик корхоналарни ўзида мужассамлаштирди. Айтиш мумкинки, тармоқнинг асосий иқтисодий йўналишларидан бири углеводород ишлаб чиқаришдир. Бу хомашёни чуқур қайта ишлаш ва ундан қўшимча қийматга эга маҳсулотлар олиш, жараёнга хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда шу орқали экспорт географиясини кенгайтириш долзарб масалалардан биридир. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун эса мамлакатимизга нефть ва газ қазиб чиқаришда етакчи бўлган қатор йирик чет эл компанияларининг кўмаги керак.
Меморандум қандай мақсадларни кўзлайди?
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ қазиб олиш ва суюқ углеводородлар ишлаб чиқариш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилиб, кўплаб чет эл компаниялари билан шартномалар, келишувлар имзолаб келинмоқда. Яқинда Россиянинг “ВЭБ.РФ” Давлат ривожланиш корпорацияси билан имзоланган Меморандум углеводородлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштиришга қаратилган бўлиб, унда 650 млн доллар миқдорида кредит линия ажратиш мўлжалланган.
— Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган биринчи қадам Россиянинг юқори технологик маҳсулотларини етказиб беришни молиялаштириш, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашга қаратилган хизматларни кўрсатиш учун кредит линиясининг очилиши эди, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов. — Айтиш керакки, Меморандум Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади. Лойиҳанинг асосий мақсади, мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолисини етарли миқдорда энергия ресурслари билан таъминлашдан иборат.
“ВЭБ.РФ” Россия Федерациясининг Давлат ривожланиш корпорацияси бўлиб, унинг асосий вазифаси Россиянинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдир. “ВЭБ.РФ” тижорат банклари билан ҳамкорликда инфратузилма, саноат ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, технологик салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда одамларнинг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган йирик лойиҳаларни молиялаштиради.
Йил охиригача 129 та қудуқ ишга тушади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги углеводородлар қазиб олиш конлари кўп йиллардан бери ишлатиб келинаётганлигини инобатга олиб, ҳар йили табиий тушишни камайтириш, ишлаб чиқариш хажмларини ошириш ҳамда бир маромида ишлашини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
— 2020 йилда янги очилган Шоркум, Шортак, Ўртақум, Жанубий Кудбешкак конларидаги қудуқлар жихозланиб ишлаб чиқаришга қўшилди, — дейди Сиёвуш Ҳошимов. — Жорий йил геологик-техник тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, йил якунига қадар бурғилашдан янги 129 та қудуқни ишга тушириш, 587 та мавжуд қудуқда мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда интенсификация ишларини олиб бориш, 42 та технологик объектда қурилиш, модернизация ва реконстркуция ишларини олиб бориш, газ қазиб олиш конларида сиқув компрессор станцияларини қуриб ишга тушириш натижасида қазиб олиш кўрсаткичларини таъминлаш режалаштирилган. 2021 йилда ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган геологик-техник тадбирларни узлуксиз давом эттириб, жумладан бурғилашдан 164 та янги қудуқ жиҳозлаб ишга тушириш, мавжуд 600 та қудуқда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини амалга ошириш, ҳамда 23 та технологик объектда модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Бугунги кунда консервациядаги ишлатилмасдан турган, инфраструктурадан узоқ бўлган, фойдаланиш учун кўп капитал қўйилмалар талаб қиладиган 25 та конга Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 июлдаги “Тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар асосида углеводородларни қазиб олиш механизмини жорий этиш тўғрисида”ги қарори асосида риск-сервис шартлари бўйича инвесторларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Тўрт йиллик дастурнинг аҳамияти
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 2017-2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш дастурига 2 босқичдан иборат бўлиб, унга Россиянинг Газпромбанкидан 400 миллион АҚШ доллари ва Хитойнинг Ипак йўли жамғармасидан 585 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар жалб қилинган.
Дастурнинг биринчи босқичида 296 та янги қудуқни бурғилаб, ишга тушириш, 328 та мавжуд қудуқни таъмирлаш ишлари ҳамда 7 та йирик технологик объектни қуриб ишга тушириш белгиланган бўлса, иккинчи босқичда эса 185 та янги газ қудуғини очиш, 172 та қудуқда мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда Зеварда, Алан ва Денгизкўл конларида паст босимли сиқув компрессор станцияларини қуриб ишга тушириш кўзда тутилган.
Ушбу дастурнинг биринчи босқичи бажарилиши ҳисобига бугунги кунда 13,7 миллиард куб метр табиий газ ва 570,6 минг тонна суюқ углеводород қазиб чиқаришга эришилган. Дастурни амалга ошириш билан газ қазиб олиш конларида табиий тушишни кескин камайиши олди олинади, газ конларини ва қудуқларини бир маромида ишлаши таъминланади.
Имтиёзли кредитлар
Соҳани ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, йирик банклардан имтиёзли кредитлар жалб қилишдир. Бу тармоққа замонавий технологияларни олиб кириш билан бирга янги иш ўринларини яратишга ҳам замин яратади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан углеводородларни қидириш, қазиб олиш ва кўпайтириш, шунингдек, қайта ишлаш соҳасида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Геологик қидирув ва бурғилаш ишлари учун “Газпромбанк” билан узоқ муддатли имтиёзли кредитлар берилиши борасида келишув имзолангани шулар жумласидандир.
Келишув давомида республикамизда амалга оширилаётган 2017–2021 йилларда углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштириш доирасида Россия банкидан кредитларни жалб қилишнинг асосий шартлари муҳокама қилинди.
— Шу билан бирга, “Газпромбанк” АЖ 100 миллион доллар миқдорида олдиндан молиялаштириш ва Россия молия институтлари синдикати билан биргаликда ишлаб чиқилган 180 миллион доллар миқдоридаги узоқ муддатли кредитни ажратиш масалалари кўриб чиқилди, — дейди Сиёвуш Ҳошимов. — Қўшма лойиҳалар кўлами ва уларнинг республика учун аҳамиятини инобатга олган ҳолда, ҳар икки мамлакат учун ҳам энг мақбул кредит бериш шартларига эришиш зарур. “Газпромбанк” Жамиятнинг кўп йиллик ва ишончли ҳамкори бўлиб, “Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш”, Шўртан газ кимё мажмуаси ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш”, "Сечанкўл", "Оқжар" ва "Чимбой" инвестиция блокларида табиий газ қувурларини ўтказиш, шунингдек, "Ўрга", "Оқчалак" ва "Чандир" гуруҳи конларини ишлаб чиқиш каби инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этади.
Хулоса қилиб айтганда, бу каби лойиҳаларни амалга ошириш билан газ қазиб олиш конларида табиий тушишни кескин камайиши олди олинади, газ конларини ва қудуқларини бир маромида ишлаши таъминланади.
Соҳиба МУЛЛАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири