Жисмоний имконияти чекланган бўлсада, сабрбардошли, мустаҳкам иродали, матонатли инсонлар орамизда кўп. Бироқ ҳамма жамиятда уларнинг ишлаши, таълим олиши, ҳаётда тўлақонли иштирок этиши ва ўзига муносиб ўрин топиши учун имконият яратиш доим долзарб масала бўлиб келган. Жумладан, юртимизда ҳам ногиронлиги бўлган фуқаролар учун муносиб ҳаёт тарзини вужудга келтириш, инклюзив жамият барпо этиш кун тартибига кўтарилди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунида имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлаш, бунда имконияти чекланган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча квота ажратиш каби қатор имтиёзлар қонундан ўрин олди.
Давлатимиз раҳбари 2021 йил 22 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида имконияти чекланган шахсларнинг қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича минтақавий кенгаш тузиш таклифини билдирган ва мамлакатимизда алоҳида эҳтиёжга эга шахс лар ҳуқуқларини кафолатлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлаган эди.
Конституциявий қонун лойиҳасига имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир норма киритилгани ислоҳотлар изчиллигидан далолатдир. 57-моддада, жумладан, шундай дейилади: “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тои фаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди”.
“Имкон”даги янги имкониятлар
2017 йилда мамлакатимизда 188 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган, бироқ улар фаолиятида қатор камчиликлар кузатилган. Жумладан, мазкур ташкилотлар тарбияланувчиларининг 80-90 фоизи соғлом болалар эди. Ота-оналар фарзандини у ерга бирор-бир кўрсатма билан эмас, балки фақат яхши парвариш, кучайтирилган овқатлантириш, қўшимча машғулотларнинг мавжудлиги ва гуруҳларда болалар сони камлиги туфайли жойлашни маъқул кўрарди. Натижада тор турдаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич мақбуллаштириш, уларнинг ўрнига кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, инклюзив таълимни жорий этиш зарурати юзага келди.
Кўп тармоқли ёндашув туфайли тўлиқ реабилитация ва коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, болани бир вақтнинг ўзида битта муассаса шароитида барча мутахассислар ёрдами билан таъминлаш учун бутунлай янги — реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим тaшкилoти модели таклиф этилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги Оролбўйи минтақаси болалари учун зaмoнaвий тaлaблaргa тўлиқ жавоб берадиган реабилитация марказига эга “Имкон” кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ана шу модель асосида ташкил этилган. Мазкур ташкилотда бир вақтнинг ўзида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсони бўлган 150 бола таълим-тарбия олиш билан бирга, муолажаларни қабул қилиши мумкин. Бундан ташқари, марказда алоҳида эҳтиёжга эга 2-18 ёшли ўғил-қизлар реабилитация муолажалари ва коррекцион-педагогик машғулотларда қатнашиши учун имконият яратилган. Тaшкилoтнинг янa бир хусусияти шундаки, у ерда мaктaбгaчa ёшдан ошган, имконияти чекланган бoлaлaрга бeпул рeaбилитaция муолажаси кўрсатилади.
“Имкон” маркази Корея, Россия, АҚШ, Польша, Германия, Хитой, Буюк Британияда ишлаб чиқилган замонавий реабилитация ускуналари ва воситалар билан жиҳозланган. Бу ерда лифтлар ўрнатилган, коррекцион бассейн, ўйин майдончалари жиҳозланган ва буларнинг барчаси турли ёшдаги ногиронлиги бўлган болалар учун мослаштирилган. Сифатли ташкил этилган ўқув-фазовий муҳит ва реабилитация ускуналари мажмуаси болаларнинг ҳаётий компетенцияларини ривожлантириш ва такомиллаштириш имконини беради. Таълим-тарбия жараёни бола ва оила нинг эҳтиёжига қаратилган бўлиб, “Имкон” марказининг тузилмасида болаларга коррекцион-педагогик ва реабилитация ёрдами кўрсатиладиган даврда чекка ҳудудлардан келган ота-оналар фарзанди билан бирга яшашига мўлжалланган ётоқхона мавжуд.
Нукус шаҳрида фаолият кўрсатаётган реабилитация марказига эга “Имкон” кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг ижобий тажрибаси бу каби муассасаларни бошқа вилоятларда ҳам барпо этишга замин ҳозирлади. Жумладан, 2021 йилнинг ноябрь ойидан Қибрай туманида, ўтган йили июнь ойида Қашқадарё ва Навоий вилоятларида реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди.
— Тарбияланувчилар алоҳида эҳтиёжга эгалиги сабаб Мактабгача таълим агентлиги тавсиясига асосан, 2-7 ёшли алоҳида эҳтиёжли болалар учун мослаштирилган ўқув дастуридан фойдаланамиз, — дейди Қибрай туманидаги “Имкон” реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти директори ўринбосари Камола Аминова. — Таълим-тарбия ва реабилитация жараёнида тарбияланувчиларга қўйилган ташхис асосида болаларнинг имконияти, ривожланиш даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир болага индивидуал ёндашилади. Янги қабул қилинган бола ўз йўналиши бўйича шифокор, психолог, дефектолог кўригидан ўтказилиб, айнан унга мос индивидуал йўналиш ишлаб чиқилади. Бу йўналиш бўйича бола тиббий ёрдам ва таълим-тарбия олади. Чунки ташкилотимизда айнан битта ташхисга эга бўлган болалардан ташқари, бир нечта ташхисли болалар ҳам кам эмас. Шунинг учун уларни ривожлантириш, камчиликларни коррекциялашда индивидуал ёндашув талаб этилади.
Мазкур муассаса тарбияланувчиси Зафар Собитов 3 ёшда. У ўтган йилнинг апрель ойида марказга келган. Онаси унга ҳомиладорлик чоғида жигар циррозига йўлиқди. Шундай бўлса-да, боласини дунёга келтирди. Фарзанди бир ёшу икки ойлик бўлганида оғир хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмди. Зафар болалар церебрал фалажи, спастик тетрапарез билан туғилган. Онаси вафотидан сўнг бувиси қарамоғида қолган.
— Зафар “Имкон” реабилитация марказига келтирилган пайтида ҳатто бўйнини тута олмасди, — дейди махсус педагог, дефектолог Соҳиба Равшанова. — Ўтириш, эмаклаш малакаси мутлақо шаклланмаганди. Нутқи ривожланмаган, болада фаол ҳаракатланиш чекланган, диққати тарқоқ эди. Ўтган вақт мобайнида ҳаракати бир оз фаоллашди. Машғулотларга эътибор қарата бошлади. Умумий ва майда қўл ҳаракати яхшиланди. Оғзаки нутқида унли товушларнинг барчаси пайдо бўлди. Ҳозир баъзи қисқа бўғинли сўзларни талаффуз қилишга ҳаракат қиляпти. Машғулотларга ҳам қизиқиши пайдо бўлди. Атрофдаги мулоқотга бефарқ эмас. Ўзига қаратилган мурожаатни тушунади. Буларнинг барчаси марказда йўлга қўйилган коррекцион ривожлантирувчи таълим натижаси, деб ўйлайман.
Бу ерда болалар соғлом тенгдошларидан ажралиб қолмаслиги учун руҳиятига мос муҳит яратилган. Мутахассислар кўп йиллик тажрибага эга, улар бундан аввал ҳам алоҳида эҳтиёжга муҳтож бўлган болалар билан ишлаган.
— Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини коррекцион, педагогик ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги 74 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти 22 миллиард сўмлик жиҳозлар, жумладан, замонавий ускуналар, дидактик материаллар, махсус ўйинчоқлар, эшитиш қобилияти чекланган болалар учун замонавий эшитиш аппаратлари, аудио машғулот хоналари учун замонавий реабилитация ускуналари, педагогик ва реабилитация муолажаларини имкон қадар самарали ўтказишга хизмат қиладиган турли тренажёрлар билан таъминланди, — дейди Мактабгача таълим агентлигининг бошқарма бошлиғи Умида Муҳиддинова.
Тенгқурлари билан бир сафда
Муниса Абдужалолова 2010 йили туғилган. Гўдаклик чоғи нотўғри эмлангани қизнинг жисми ва руҳида ўчмас из қолдирди. Полиомиелит вакцинасининг ножўя таъсири туфайли руҳияти бузилган қизга шифокорлар “гидроцефалия” ташхисини қўйди. Аввалига унчалик сезилмаган касаллик мактаб ёшига етганида яққол кўзга ташлана бошлади. Шундай бўлса-да, Муниса уйига яқин мактабга ўқишга борди. Аммо қизнинг ўқишга лаёқати пастлиги, руҳиятидаги ноқислик махсус парвариш ва ёндашувни талаб этарди. Шу боис, ота-онаси уни пойтахтимиздаги алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар таҳсил оладиган 103-мактаб-интернатга олиб борди. Муниса шу мактабда ўқий бошлади.
— Келганида анчагина тортинчоқ ва руҳан беқарор қиз бугун мактабнинг энг
тартибли ўқувчисига айланган, — дейди мактаб-интернат директори ўринбосари Саодат Тўлаганова. — У ҳозир ўзини яхши ҳис қилади. Атрофни яхши англайди. Бунда мактабда яратилган шарт-шароит, оптималлаштирилган махсус таълим дастурлари катта аҳамият касб этмоқда.
Мактаб-интернатда ақлий ривожланишида нуқсони бўлган 283 ўғил-қиз таҳсил олади. Улар устоз-мураббийлар ташаббуси билан нафақат мактаб дастурларидан жой олган, балки фанлардан ташқари турли буюмлар ясаш, дурадгорлик, чилангарлик, каштадўзлик каби бир неча ҳунар сирларини имкон даражасида ўрганяпти. Ўқувчилар ўтган йили ўзи ясаган тайёр маҳсулотларни сотиш орқали 12 миллион сўм даромадга эга бўлди. Маблағнинг бир қисми ўқувчилар мотивацияси учун ўзларига берилди. Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфида алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 90 та ана шундай мактаб ва мактаб-интернат фаолият юритади. Уларда қарийб 42 минг бола таҳсил оляпти, 14,5 мингдан ортиқ педагог таълим-тарбия беради.
Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўплаб ўқувчилар учун янги имкониятлар эшигини очди. 2022 йили кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб ва мактаб-интернатлари учун аудиокитоблар яратиш режаси, Брайль ёзувидаги китобларни тайёрлаш ҳамда таълим муассасаларига етказиб бериш режа жадвали тасдиқланди.
Ўтган йил давомида мазкур режа асосида 12 номдаги аудиокитоб яратилиб, фойдаланиш учун kitob.uz сайтига жойлаштирилди. 40 минг 534 нусха Брайль ёзувидаги китоблар чоп этилиб, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб ва мактаб-интернатларига тақсимот асосида етказилди.
— Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналари учун 13 номдаги методик тавсиялар ишлаб чиқилди, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва инклюзив таълимни ривож лантириш бўлими бошлиғи ўринбосари Рўзибек Тўраев. — 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб инклюзив таълим тизимини босқичма-босқич ривожлантириб бориш ва кўламини кенгайтириш мақсадида инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактаблари сони 195 тага етказилди. Мазкур мактабларда ташкил этилган инклюзив таълимга 504 имконияти чекланган бола қамраб олинди. Уларга 248 педагог бириктирилган.
Олий маълумот олишдаги синовлар
Айни пайтда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган имконияти чекланган талабалар сони 6120 нафар. Уларнинг соғлом тенгдошлари қатори таълим олишини таъминлаш учун шароит яратилган. Жумладан, ўтган йили олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабалар учун педагогика, психология, тарих, математика, филология, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хорижий тиллар, спорт, физика, иқтисод, биология, кимё таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув қўлланма ва дарс ликлар тайёрланди.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ногиронлиги бор йигит-қизлар учун қатор имкониятларга йўл очди, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов. — Ушбу қарор қабул қилингунга қадар ногиронлиги бўлган абитуриентлар соғлом абитуриентлар билан бирга кириш имтиҳонларида иштирок этарди. Бироқ ўз-ўзидан кириш имтиҳонлари натижасига кўра, талабаликка қабул қилинишда уларнинг имконияти пасайиши кузатиларди. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ажратилган алоҳида давлат гранти квоталарига танлов фақат ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ўтказилмоқда.
Асадбек Зоиров шундай имкониятдан фойдаланган талабалардан. Болалигида олган жароҳати туфайли кўзи ожиз бўлган бу йигит ҳозир университетда изланувчанлиги ва фаоллиги билан кўплаб соғлом тенгдошларига ўрнак. У турли танловлар ғолиби, жумладан, Алишер Навоий номидаги ҳамда Президент давлат стипендияси соҳиби.
— 2019 йили давлат гранти квотаси асосида ўқишга кирганман, — дейди ЎзМУ 4-босқич талабаси Асадбек Зоиров. — Ўқишга кирган чоғимдаёқ дарҳол ётоқхона билан таъминландим. Курсдош ҳамроҳим кўмагида ҳеч қандай қийинчиликсиз дарсларга бориб келаман. Соғлом тенгдошларимиз қатори машғулотларда қатнашамиз. Аммо кўп билим олиш учун маърузанинг ўзи етарли эмас. Университетда кўзи ожиз талабалар бошқа ОТМлардагига нисбатан кўпроқ. Улар, табиийки, электрон ёки босма нашрларни ўқий олмайди. Шу боис, бизга аудиоёзувлар қўл келмоқда. Ўқитувчиларимиз, курсдош дўстларимиз ёрдамида аудиодарсликларни тинглаб, машғулотларга тайёргарлик кўрамиз. Университет қошида махсус студия ташкил этиб, аудиодарсликлар яратиш бўйича раҳбариятга таклифлар киритганмиз. Режаларимиз амалга ошса, имкониятимиз яна ҳам кенгаяди.
Битирувчиларни иш билан таъминлаш ҳам давлат эътиборида. 2021/2022 ўқув йилида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини 660 нафар I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар тамомлаган эди. Ўтган йили ноябрь ойи ҳолатига кўра, уларнинг аксарияти ишламоқда.
Олий таълим муассасалари биноларининг ички ва ташқи йўлакларида таянч-ҳаракат аппаратида ногиронлиги бўлган талабаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун кириш жойларида меъёрий талабларга мос пандус, тутқич, махсус (тактиль плиткали) йўлаклар ва юқори қаватларга кўтарилиш учун лифт, кўтарма йўлаклар ўрнатилган. Қарийб уч минг нафар ногиронлиги мавжуд бўлган талаба турар жой билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, турар жойда яшаш учун тўловлардан озод этилган.
Ҳаёт сифатига қаратилган тадқиқотлар
— Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида тиббий-ижтимоий муассасалар фаолиятига доир муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган 5 та илмий лойиҳанинг тематик мавзулар рўйхати ўзаро тасдиқланиб, лойиҳалар танловининг 74-турида эълон қилинди, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов. — “Малакали спортчилар ҳамда имконияти чекланган шахслар велосипедда виртуал машғулотлар ўташи учун “Virtual training in cycling” технологиясини ишлаб чиқиш”, “Умуртқа поғонаси ва орқа мия жароҳатлари ҳамда касалликларига учраган бемор ва ногиронлиги бўлган шахсларни ташхислаш, даволаш ва комплекс реабилитация қилишда каминвазив технологияларни ишлаб чиқиш”, “Оёқ чўлтоқлиги бўлган бемор ва ногиронлиги бўлган шахсларни протезлашда эрта протезлашнинг янги технологиясини ишлаб чиқиш” каби қатор мавзулардаги илмий лойиҳалар натижасида соҳада янги дастур ва услублар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилган.
Булардан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлашга қаратилган 300 миллион сўм қийматидаги 3 та стартап лойиҳа ҳамда 800 миллион сўм қийматидаги 1 та илмий лойиҳа амалга оширилган.
“Кўзи ожизлар учун инновацион рельефли хаританинг янги авлодини яратиш”, “Ногиронлар учун миникран” стартап лойи ҳалари ҳамда “Кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун электрон “Брайль гаджет”нинг прототипини яратиш” илмий лойиҳаси шулар жумласидан.
— Олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўп, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Салоҳиддин Санақулов. — Ногиронлиги бўлган талаба-ёшлар турли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида бошқалар сингари ўз иқтидор ва қобилиятини, билимини намойиш қилишда тенг имкониятга эга эмас. Шу боис, улар учун алоҳида кўрик-танлов ва спорт мусобақаларини ташкил этиш лозим. Бу уларнинг алоҳида қобилият ва иқтидорини намоён этиш, муносиб қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида паралимпия ўйинларида фаол иштирок этиши учун ҳам хизмат қилади.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган талабаларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши, ногиронлик даражаси ва тоифасига кўра мавжуд қийинчиликларни енгиши билан боғлиқ жараёнларни қамраб олган ҳамда уларга ижтимоий-психологик кўмаклашишга мўлжалланган илмий-амалий, ўқув-услубий адабиётларни ишлаб чиқишда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштириш, ногиронларга кўмаклашувчи ахборотлар базасининг миллий контентини яратишга эҳтиёж мавжуд.
Ногиронлик даражаси ва туридан келиб чиққан ҳолда, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ишларини амалга ошириш мақсадида илмий тадқиқот олиб борувчи мутахассис-олимлар гуруҳини шакллантириш ва ногиронларга ижтимоий-психологик кўмаклашишга мўлжалланган илмий-амалий, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда ногиронларга кўмаклашувчи ахборотлар базасининг миллий контентини яратиш олдимизда турган муҳим вазифадир.
Бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлар, маҳаллий ҳамда халқаро грант лойиҳаларини жалб этиш режалаштирилаётгани имконияти чекланган инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, уларнинг бошқа соғлом инсонлар қатори турмуш кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадни кўзда тутади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири