Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатағон қурбонлари ҳақида “Уларнинг айби буюк бўлгани. Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми — ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак”, деган гапи исботи сифатида сўнгги йилларда ўша мудҳиш даврда қурбон бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, меросини ўрганишга доир фармон ва қарорлар имзоланиб, эзгуликка йўғрилган хайрли ишлар амалга ошириляпти.
2000 йил 12 май куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи тантанали-мотам вазиятида очилган эди. Бу халқимизга ХХ асрнинг 30–50-йилларида муборак хоклари собиқ Иттифоқнинг барча қатлгоҳларида қолиб кетган аждодларимизнинг шу ердаги рамзий сағанасига гул қўйиш ва улар руҳига тиловат қилиш имкониятини ҳам берди.
Айнан шу санада совет давлати қатағончилик сиёсатининг қурбони бўлган ота-боболаримиз ваҳшийларча отиб ташланган. Камина ўша тарихий кунни эслаганимда, бир томондан, жабрдийда ота-боболарини эслаб йиғи-сиғи қилган, иккинчи томондан, уларнинг “халқ душманлари” эмас, балки миллат фидойилари сифатида эъзозланаётганидан мамнун бўлган чол ва кампирлар, йигит ва қизлар кўз олдимдан ўтади. Улар шундай муборак кунга етиб келганлари ва ота-боболари номини ғурур билан тилга олиш мумкин бўлганидан бениҳоя бахтиёр эди.
“Шаҳидлар хотираси” майдонида
Ўша кундан бошлаб ўрта ва олий ўқув юртлари талабалари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, вилоятлардан ва хориждан келган меҳмонлар тез-тез шу ерга ташриф буюриб, номаълум қатағон қурбонининг рамзий қабрига гул қўйиш, Қуръон сураларини ўқиш билан шаҳидлар руҳини эслаб, эъзозлаб келади ва бу маросим миллий маросимга, миллий анъанага айланди.
Шундай зиёрат кунларининг бирида оташнафас шоир Жуманиёз Жабборов шаҳидларнинг порлоқ хотирасига бағишланган шеърини ўқиб, йиғилган ёшлар қалбини титратиб юборган эди:
Улар... минглаб, балки милён эдилар,
Яшашга туғилган инсон эдилар,
Ширин жон эдилар, иймон эдилар,
Бу жаҳон уйига меҳмон эдилар,
Ҳали ушалмаган армон эдилар...
...Ногоҳ чангал уриб даҳшатли бало,
Уларни шу кунга этди мубтало.
Сирти хўп ялтироқ, асли аждаҳо
Сочди ғазабини — ёвуз ва юҳо...
Айбларин билмасдан ҳайрон эдилар...
“Улар... минглаб, балки милён эдилар...” — шоирнинг шу сатрида тилга олинган масала узоқ йилларда бери оддий ватандошлармизни ҳам, қатағон даври тарихи билан шуғулланаётган олимларни ҳам ўйлантириб келади.
Ўзбек халқи қатағон йилларида қанча фарзандидан жудо этилди? Бу саволга ким жавоб бериши мумкин? Қатағон даври тарихчиларими? НКВД-КГБнинг ўша йилларда Ўзбекистонда қатағон сиёсатини амалга оширган қонхўр раҳбарларими?
Афсуски, на улар ва на булар бу ҳамлетона саволга аниқ жавоб беролмай келади. Биринчи Президентимиз “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуини очиш маросимида сўзлаган нутқида шу ҳақда бундай деган эди:
“...машъум 1937–1953 йилларда содир этилган бедодликни тасаввур этиш учун Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя...”
Давлатимиз томонидан биринчи марта бу нозик масалага ойдинлик киритилганига қарамай, биз, қатағон даври тарихчилари ҳам, хорижий қатағоншунос олимлар ва журналистлар ҳам бу маълумотга шубҳа билан қарадик. Бизнинг тасаввуримизда, мамлакатимизда қатағон бўрони кириб, ҳаммаёқни хонавайрон қилмаган на шаҳар, на қишлоқ, на кўча ва на маҳалла қолмагандек эди.
Собиқ НКВД архивида ишлаган вақтимизда эса ҳар 15–20 саҳифали “дело”ларда НКВД жаллодлари томонидан калтаклаб ўлдирилган, судга етиб бормаганлари учун “шахсий ишлар”и ташлаб юборилган, аммо улар ўлимини тасдиқлаган тиббий маълумотномалар жуда кўп учраган. (Биз қатағон қурбонларининг реал рўйхатини тузаётганимизда шу маълумотномалардан ҳам фойдаланишимиз лозим.)
“Известия” газетасининг 1990 йил 14 февраль сонида берилган маълумотга қараганда, 1930–1953 йилларда СССР бўйича 3 миллион 778 минг 234 киши аксиинқилобий-аксилшўровий-миллатчилик ташкилотларига алоқадор унсур сифатида қамоққа олинган. Шулардан 786 минг 98 киши отиб ташланган.
Махфий ҳужжатларда берилган маълумотларга кўра, 1919 йилдан 1937 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда 450 минг киши устидан “дело” қўзғатилган. Агар 1937 йилдаги “Катта қирғин”да ВЧК-ГПУ-НКВД томонидан қамоққа олиниб, айби исботланмагани учун озод этиб ёки қисқа муддат ётиб чиққан кишиларнинг қайта қамоққа олинганларини ёдда тутсак, Ўзбекистон бўйича қатағон қурбонлари сони бир неча баробар ошиб кетади.
Қатағоннинг бошланиши
Совет давлати 1917 йилда Петербургда оз сонли большевикларнинг кўп сонли пролетарлар ёрдамида амалга оширган давлат тўнтариши натижасида вужудга келган. Жаҳоннинг олтидан бир қисмида пролетар (йўқсил)лар давлатининг вужудга келиши Европа мамлакатларидаги пролетарларда ҳам шундай истакни уйғотиши мумкин эди.
Большевиклар ҳам шу мамлакатлардаги пролетарлар ёрдамида “жаҳон инқилоби” ғояси билан яшай бошлаган эди. Кундан-кунга кучайиб бораётган бу сиёсий вазият Европа давлатларини ҳушёрликка чақиради ва улар СССРни ўша пайтдаёқ бўғиб ташлашга аҳд қилади.
Агар Европа давлатлари СССРга қарши уруш бошласа, СССРда совет давлатидан норози бўлган кишилар оз эмас ва улар танклар ҳамда тўплар билан кириб келиши мумкин бўлган душман тарафга ўтиши мумкин эди. Қолаверса, совет давлатига раҳбарлик қилаётган большевиклар ўртасида ҳам пинҳона кураш бошланганди.
Шунинг учун совет давлати раҳбарлари тарих саҳнасига чиқишлари биланоқ ВЧК, ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси), ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) деган жазо органларини тузиб, совет давлатига хайрихоҳ бўлмаган, янги тузила бошлаган колхозу совхозларга киришни истамаган ёки шу хўжаликдаги техника (масалан, трактор)га уқувсизлиги орқасида зарар келтирган кишиларни қамоққа ола бошлади.
Натижада давлат ва халқ ўртасидаги алоқа янада таранглашиб борди. 1934 йилда Ленинградда Сталиннинг яқин сафдошларидан бири С.М.Кировнинг отиб ўлдирилиши жазо органларининг фаоллашувига баҳона бўлди. Мамлакатда “тозалаш”, у билан кетма-кет “қулоқлаштириш” кампаниялари амалга оширилди. Сталин ва унинг сафдошлари давлат билан халқни қамчи билан бошқариш сиёсатини жорий этди.
30-йиллар арафаси ва 30-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда суд ва прокуратура органларидаги миллий кадрларни, Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигидаги собиқ “миллий иттиҳодчилар”ни, Боту раҳбарлигидаги Маориф халқ комиссарлиги тизимидаги ходимларни, шунингдек, НКВДга ёлланган унсурлар ёрдамида “Ботир гапчилар” сингари ғайришўровий ташкилотларни тузган ва шу ташкилотларга аъзо бўлган кишиларни ҳам қамоққа олиш ишлари авж олди.
Сталин раҳбарлик қилган совет давлати бундай жиноий ишларни амалга ошириш билангина кифояланиб қолмай, 1937 йилда тарихга “Катта қирғин” номи билан кирган ва юз минглаб бегуноҳ кишиларнинг ёстиғини қуритган, минглаб оилаларни хонавайрон қилган катта қатағонни бошлаб юборди.
Нега қатағон давлат раҳбарлари ва адабиёт яловбардорларини қамоққа олишдан бошланган?
“Репрессия” лотин тилидаги repression сўзидан олинган бўлиб, айрим луғатларда жиловлаш, жазо чораси маъносини англатган бўлса, бошқа луғатларда ўзга юрт фуқароларига таҳдид ва тазйиқ ўтказиш, жазолаш маъносини билдиради.
Бинобарин, бу сўз совет давлатининг қатағон сиёсати бошланган 30-йилларга қадар Ғарб давлатларининг ўз мустамлакаларидаги эрк ва ҳуррият учун курашган кишиларга нисбатан қўлланган террорни, қирғинни англатган. Ўзбек тилида “репрессия” сўзининг асл маъносини ифодаловчи бирор калима бўлмагани учун 50-йиллардан бошлаб “қатағон” сўзи “репрессия” маъносида қўлланиб келади.
Чор Россияси Туркистонни босиб олганидан кейин “ўзга юрт”, яъни Туркистон аҳолисининг зулм ва зўравонликка қарши, миллий озодлик учун олиб борган курашига раҳбарлик қилган ва шу курашда қатнашган аждодларимизни отиб, осиб, Сибирнинг офтоб тушмайдиган жойларига бадарға қилиб келди.
1917 йили ҳокимият тепасига келган большевиклар ҳам Туркистонда Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсатини чиройли шиорлар билан ниқоблаган ҳолда давом эттирди.
20-йиллар охири 30-йилларнинг бошларида, бошқа республикаларда кузатилганидек, Ўзбекистонда яшовчи аҳоли ўртасида ҳам совет давлати сиёсатидан норозилик кайфияти кучайди, адабиёт ва санъат асарларида эрк ва ҳуррият учун кураш ғоялари янграй бошлади.
Республика раҳбарлари, айниқса, Марказкомнинг рус миллатига мансуб иккинчи котиби ГПУ, ОГПУК ва НКВД раҳбарлари билан бирга шундай ғояларнинг жарчиси бўлган Беҳбудий, Чўлпон ва Фитратларнинг “попуги”ни пасайтириш чораларини кўрди.
Сирасини айтганда, совет давлатининг мустамлакачилик сиёсатини ўз кўзлари билан кўриб турган миллий раҳбарлар ҳам Чўлпон ва Фитратлар билан шу масалада ҳамфикр эди. Шунинг учун ҳам 1937-1938 йиллардаги қатағоннинг биринчи ва катта зарбаси Республика раҳбарлари ва Чўлпон, Фитрат сингари “халқ дили таржимонлари”нинг бошларига келиб тушди.
Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовнинг қатағон қилиниши
Файзулла Хўжаевни яхши билган ва ҳурмат қилган рус адибаси Галина Серебрякованинг хотираларида бундай сўзлар ёзилган: “Файзулла Хўжаев бизнинг хонадонимизда бўлганида, онам ва дўстларим туфайли ҳаётимизни безаган мусиқани тинглашни севарди. Бир кун Хўжаев Икромов билан келиб қолди. Улар бизникида турмуш ўртоғимнинг гимназиядоши Борис Пастернак билан танишишди. Бизникида тез-тез меҳмон бўлиб турувчи Пастернак оқшом чоғида “Лейтенант Шмидт” достонини ёддан ўқиди.
Биз бу асарни нафас олмай тинглаб, жуда манзур бўлганини айтдик. Пастернак ўқишни тугатгунига қадар Хўжаев унинг ёнида тик туриб тинглади. У рус шеъриятининг билимдони экан, гоҳ Блокдан, гоҳ Брюсовдан парчалар келтириб, Пастернак билан узоқ суҳбатлашди...”
Г.Серебрякова сезганидек, Ф.Хўжаев ҳам, А.Икромов ҳам нафақат сиёсат, иқтисод ва қишлоқ хўжалигини яхши билувчи, балки адабиёт ва санъатни ҳам чуқур тушунган, шу соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаган давлат ва партия арбоблари эди. Халқ уларни севарди ва ҳурмат қиларди.
Шабадаси эса бошлаган “Катта қирғин”нинг Туркистонда муваффақиятли ўтишида шу икки раҳбарнинг республика халқи ўртасидаги катта обрўси халал бериши шубҳасиз эди. Шу ҳол юз бермаслиги учун улар ўртасига азалдан нифоқ солиб келинаётган, энди бу ишни янада кучайтириш, маҳаллий қўрқоқ большевиклар ёрдамида улардан бирининг оёғига болта уриш керак бўлган. Москва назарида, аввал бой савдогар оиласидан чиққан Файзулла Хўжаевни бир ёқлик қилиш, бунинг учун эса уни Марказкомнинг янги бюроси таркибига киритмаслик шарт эди.
Съезд тўртинчи иш куни ҳайъат аъзолари ўз ўринларини эгаллаганларида улар орасида Ф.Хўжаевнинг йўқлиги съезд қатнашчиларини ажаблантирди.
А.Икромов микрофонни қўлига олиб: “Қадрли ўртоқлар! Съездни бир кун кечиктирганимиз учун кечирасизлар. Бунинг сабаби ёпиқ овоз бериш натижасида Файзулла Хўжаев Марказий Комитет аъзолигига ўтмай қолди. Мен бу ҳақда ўртоқ Сталинга қўнғироқ қилиб, унга маълум қилдим. У киши менга: “Ҳаммасини демократия ҳал қилади”, деб жавоб берди”, деб минбардан тушиб кетади.
Демократиянинг калити Сталиннинг қўлида эди. А.Икромов Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси Ф.Хўжаевнинг тақдири масаласида Кремлга қўнғироқ қилиши билан алоқа узилиб, нафақат Хўжаевнинг, балки Икромовнинг ҳам тақдири ҳал бўлгани маълум бўлади.
* * *
А.Икромов жамоалаштириш ва саноатлаштириш даврида фавқулодда чораларнинг қўлланганига қарши чиққан совет давлати арбобларидан бири, “Правда” (1928-1929) ва “Известия” (1934–1937) газеталари муҳаррири Н.И.Бухарин билан яқин алоқада бўлган.
20-йилларнинг ўрталарида Бухарин билан Сталин ўртасидаги биродарлик муносабати дарз кетгач, у 1924 йилда ВКП(б) МК Ташкилий бюроси аъзолигига номзодлик ҳуқуқидан маҳрум этилади, 1937 йилда биринчилардан бўлиб “халқ душмани” сифатида айбланиб, қамоққа олинади. Бу ҳол у билан дўстона алоқада бўлган
А.Икромовга таъсир кўрсатмай қолмади.
А.Икромов билан Ф.Хўжаев Москвага олиб борилиб, 1938 йил 2–13 февраль кунларида “Советларга қарши ўнг троцкийчи блок” устидан бўлиб ўтган суд жараёнида шундай таҳқир қилинадиларки, совет давлат тузумида нафақат мустамлака халқ, ҳатто унинг раҳбарлари ҳам ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслиги бутун дунёга ошкор бўлади.
Иккинчи эшелон
Ҳали қатағон тегирмони ишга тушмаган, ўйин-кулгилар давом этаётган, ҳатто мамлакат раҳбарлари Москвада ўзбек санъати декадасини ўтказиш ташвиши билан яшаётган кунлар эди.
Ёш истеъдодли композитор Мутал Бурҳоновга Сталин ҳақидаги қўшиқ мусиқасини яратиш вазифаси топширилгани учун у поччаси Фитрат туфайли яхши танигани Чўлпоннинг уйига бориб, ундан шу қўшиқ сўзларини ёзиб беришни илтимос қилади.
Аммо Чўлпон: “Мутаваккилжон, менга шеър ёзиш қийин эмас. Бир кечада ёзиб ташлашим мумкин. Аммо замон қалқиб турибди. Агар менга бир бало бўлса, менинг шеъримга куй басталаганингиз учун сиз ҳам жабр кўрасиз. Мен туфайли озор чекишингизни сира-сира истамайман”, деб жавоб беради.
Чўлпон аросатда қолмаслиги учун ўша кунлардаёқ дастлаб Андижонга, ундан Ўшга ўтиб, НКВД айғоқчиларининг қўлига тушиб, қариндош-уруғлари бошига бирор фалокат тушмасин, деб барча қўлёзмаларини Тошкентга олиб келади.
Уларни ёқиб, кулини бир халтачага солиб, деразанинг тепа бурчагига осиб қўяди. Ким билади, балки Чўлпон агар қамаладиган ва отиладиган бўлса, юрак қони билан ёзилган, энди кулга айланган шеърларини —
шу ҳамойилни бўйнига осган ҳолда нариги дунёга кетишни хоҳлаганмикин?..
Кўп ўтмай, у кутган момагулдиракли кунлар етиб келди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Боту, Ғози Юнус, Сўфизода, Ғулом Зафарий, Рафиқ Мўмин, Шокир Сулаймон, сингари шоир ва ёзувчилар манглайига “халқ душмани” деган тамға урилиб, камераларга ташланади.
Улар орасида Чўлпоннинг Низомиддин Хўжаев деган дўсти ҳам бор эди. Буни қарангки, у ҳам шоир экан. Агар шоир бўлмаганида, шундай ғаройиб шеърни ёза олган бўлармиди?..
Бу дунё лаззатин топмай, чекиб ғам,
Юрардим изланиб, ҳеч олмайин дам.
Қаердан топса мумкин зарра роҳат,
Йўқолсин юртимизда хоб-у ғафлат.
Кеча-кундаз юракда ўт ёнадур,
Шу халқим дардида дил ўртонадур.
Бу ғафлат ичра токай биз ётурмиз,
Келиб ғайратга элни уйғотурмиз.
Бўлур обод юрт қўлни-қўлга берсак,
Тутиб қўлга қурол, майдонга кирсак.
Чўлпонлар ҳам, Низомиддин Хўжаевлар ҳам шундай ташвиш ва шундай мақсад билан яшади. Аммо шимолдан кетма-кет келган зулм карвони олдида улар ночор аҳволда қолди.
Чўлпон қамоқхонага тушган кунларида қандай руҳий аҳволда бўлганини тасаввур қилолмайман. Ҳар ҳолда эркин нафас олиб, Тошкент осмонидаги чақноқ юлдузлардан нур олиб яшаётган шоирнинг қамоққа тушиб, ҳар куни терговчининг совуқ юзини кўришидан азобли нарса йўқ, бу дунёда.
Лекин у руҳининг синиқлигига қарамай, қўшни камерада Ғози Юнуснинг рафиқаси, бошқа давлат ва маданият арбобларининг рафиқалари азоб-уқубат чекиб ётганларини эшитиб, улар руҳини кўтарувчи хат ёзиб, киргизган.
Хадича ая большевиклар дўзахидан омон-эсон чиққанидан кейин ўша кунни бундай эслаган эди:
“...Мени турмада қолдиришди. Қизларимни эса чирқиратганча бошқа жойга олиб кетишди. Камерага кирсам, бир тўда аёл, бир-бирининг пинжига тиқилиб, жовдираб қараб туришибди. Кўзим қоронғилиққа кўниккач, танидим: Собира Холдорова, Файзулла Хўжаевнинг оиласи... Хуллас, ким қамалган бўлса, аёллари шу ерга тиқилган экан. Чўлпон аканинг аёли югуриб келиб, мени қучоқлаб олди.
Бир куни овқат олиб келувчи туйнукчадан мўралаб туриб: “Хадича опа ким?” — деб сўради. Аёллар менга ишора қилишди. Овқат олиш навбати менга етиб келганида ҳалиги киши менга букланган бир қоғозни яширинча қўлимга тутқазди. Собира Холдорова дарров уни қўлимдан олди, ўқишга тутинди.
Бу — Чўлпон аканинг менга ва мен билан бирга қамоқда ўтирган жабрдийда аёлларга бағишлаб ёзган шеъри экан. Чўлпон ака, афтидан, ўзининг аёли ҳам қамалганини, биз билан бирга бир камерада ётганини билмас эди.
У бизни замонанинг қаҳрамонлари сифатида шеърга солиб улуғлаган, кўп таъсирчан, самимий сифатларда матонатли бўлишга ундаган эди...”
Чўлпон қамоқхона терговчилари ва назоратчиларидан қанчалик озор кўрганига, шўро давлатининг ўзбек халқига нисбатан бошлаган қирғинини ўз кўзи билан кўриб, эзилиб юрганига қарамай, истиқлолсеварлар рафиқаларининг камерада ҳақоратланиб яшаётганига чидай олмаган.
Айни пайтда маҳбус эрларининг содиқ рафиқалари сифатида қамоққа олинган бу аёлларни декабрист аёллар, деб улуғлаган. Рус халқи рус декабрист аёлларини миллий қаҳрамон сифатида қандай улуғлаган бўлса, ўзбек халқи ҳам дориломон замонлар келганида ўзбек “декабрист аёллари”ни ҳам шундай улуғлайди, деб ўйлаган ва орзу қилган эди.
Афсуски, Чўлпон орзу қилган дориломон йиллар келганида ҳам ўзбек зиёлилари Сиз — Хадича ая, Сиз — эрларини шўро давлати зулмидан, қилич ва милтиқ кўтариб турган жаллодлардан ҳимоя қилишга уринган, истиқлолсевар турмуш ўртоқларингизга энг зарур пайтда қалқон бўлганингиз ҳақида достон ва романлар, кинофильм ва спектакллар ярата олмади.
Лекин Сизлар, буюк Чўлпон айтганидек, “Катта қирғин” даврида ўз Ватани ва халқини севган, шу Ватаннинг озод ва обод бўлишини истаган эрларингизни қалқон бўлиб ҳимоя қилдингизки, қаҳрамонлигингиз олдида декабрист аёллар жасорати байрам шарларидек пучайиб кетади.
Мустамлакачилик ва қатағончилик даврининг бегуноҳ қурбонлари
Шаҳидлар... Мустамлакачилик ва қатағончилик даврининг бегуноҳ қурбонлари... Уларнинг янги ёққан қордек пок номлари ўзбек халқи тарихида абадий қолади. Биз ҳар йилнинг 31 августида ва бошқа кунларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуига бориб, шаҳид аждодларимизнинг рамзий сағаналарига гул қўйган пайтимизда шоир Жуманиёз Жабборов сатрлари жаранглаб тургандек бўлади:
Вале, бу дунёда олий ҳакам бор,
Ўшал қудрат эрур мангу устувор,
Шаҳидлар бонг уриб ҳар шому наҳор,
Бизни огоҳ этар, бўлинг, деб, ҳушёр,
Улар халқимизга қалқон эдилар,
Абадий барҳаёт виждон эдилар!
Шаҳидлар хотираси ҳаммамиз учун муқаддасдир.
Наим КАРИМОВ,
академик