Яна Ҳазрат Навоий “миллатимиз қуёши” деб ҳам улуғланади. Бунинг маъносини тушуниш, мағзини чақиш учун эса алломанинг ҳаёт ва ижодини чуқур ўрганишимиз, фарзандларимизга ўргатишимиз зарур. Навоийшунос олимларимизнинг “Навоийни ўқиган миллат асло кам бўлмайди” деганларида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам. Ўз ижоди билан дунёга донг таратган Алишер Навоий нафақат “Хамса”, “Хазойин ул-маоний”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Ҳайрат ул-аброр”, “Наводир ун-ниҳоя”, “Муншаот” каби бетакрор асарлари, балки ибратли ҳаёти, улуғ инсоний фазилатлари билан ҳам биз авлодларга салкам олти асрдан буён сабоқ бериб келади.
Буюк шоирга бағишланган барча наср ва назм намуналарини ўқиганимизда ҳар нафасда улуғ инсонга бўлган самимий муҳаббатни сезиб, ҳис этамиз. Ўзга миллат вакилларининг Навоий асарларини севиб ўқишлари, унинг ижодига ўзгача қизиқиш, шахсиятига чуқур ҳурмат билан қарашлари ҳам бор гап. Шундай экан, ҳар биримиз Навоий сингари бутун дунё аҳли меҳру эътиборига сазовор бўлган аждодларимизга муносиб бўлиш туйғуси ила уларнинг бизга қолдирган меросини ўрганиш, мутолаа қилишни ўз авлодлик бурчимиз деб билишимиз лозим.
Зотан, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади”.
Дарҳақиқат, бугунга қадар Алишер Навоий ижодига бағишланган тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, ижодий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинаётган бўлса-да, ёш авлод Навоийни англаши учун бу каби саъ-ҳаракатлар етарли эмас. Навоийшунос олимларимиз таъкидлаганидек, фарзандларимизни боғча ёшидан, энг зийраклик давриданоқ уларга Навоийни ўргатишимиз, унинг бой адабий мероси мазмун-моҳиятини уқтиришимиз керак. Унинг асарлари асосида қизиқарли кино, саҳна асарлари, болажонлар учун мультфильмлар яратилиши керак.
Демак, бу борада маданият ва санъат соҳаси вакиллари, тизим ташкилотлари ходимлари зиммасида ҳам улкан масъулият турибди. Ўйлаймизки, соҳа ходимлари ана шу масъулиятни чуқур англаб, буюк аждодларимиз шахсияти ва адабий меросига фақатгина бирор сана муносабати билан юзланмасдан, йил давомида ўқиб, ўрганиб, ўргатиб, намойиш этиб боришади.
Шундагина келгусида ўз тарихини чуқур биладиган, юксак маънавиятли, маданиятли, илм-маърифатли, миллатпарвар авлодни улғайтиришга ҳиссадор бўла оламиз.
Барчангизга, бугунги қутлуғ сана – буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муборак бўлсин!
Озодбек Назарбеков,
Маданият вазири