Журналистни бошқалардан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳат – ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарай олмаслиги. Ҳақиқий журналист одамлар кунда-кунора кўравериб одатланиб қолган ва эътиборсиз бўлган муаммоларни зукколик билан илғайди. Шунингдек, ҳар бир кундалик воқеа-ҳодисага муносабат билдира олади. Соҳада фидойилик билан меҳнат қилаётган, ахборот тарқатиш ва уни таҳлил қилиш билан шуғулланаётган журналист борки, Ватанини озод ва обод, халқи ҳаётини фаровон, ўзи мансуб жамиятни бенуқсон кўргиси келади.
Ана шундай фидойилардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, давлат ва жамоат арбоби Сафар Остонов эди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида устоз ижодкорнинг “Умид билан яшагин” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Афсуски, бу кунларга Сафар аканинг ўзи етиб кела олмади.
– 73 йил яшаб, салкам эллик йиллик заҳматли ҳаётини журналистикага бағишлаб, умрининг сўнгги нафасига қадар қўлидан қоғоз-қалам тушмаган устозимиз Сафар Остоновнинг ушбу китоби ниҳоят дунё юзини кўрди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил. – Билмайман, устоз бу китоби учун материалларни қачондан бери тўплаган, кимларга маслаҳат солган. Лекин бир ҳақиқат аёнки, Сафар ака кейинги 25-30 йил ичида ҳар куни сарғайиб кетган бу қўлёзмалар, блокноту газета тахламларини неча марта варақлаб, кўздан кечириб ўтирганига гувоҳман. Китобнинг “Умид билан яшагин” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Сабаби, Сафар Остоннинг ҳаёт аъмоли, шиори аслида умид билан яшамоқ эди! Умид унинг топингувчи байроғи эди.
С.Остонов мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, кенг кўламли ислоҳотлар маъно-мазмунини жамоатчиликка етказиш, миллий қадриятларни тарғиб этиш, ахборот соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш ишларига муносиб ҳисса қўша олган ижодкорлардан эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритган даврида қонун ижодкорлиги соҳасида бой билим ва тажрибасини ёрқин намоён этди. Сўнгги йилларда халқ билан бевосита мулоқот қилиш асосида жамиятимиз ҳаётини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги ташаббусларни оммалаштиришда, айниқса, жонбозлик кўрсатди.
Маҳоратли журналист Сафар Остонов ижтимоий ҳаётдаги кўплаб долзарб ва кескин муаммоларни дадил кўтариб, уларни холис ва ҳаққоний ёритадиган, фаол фуқаролик позицияси, ватанпарварлиги билан кенг жамоатчилик ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонган ўткир қалам соҳиби эди. Ўнлаб истеъдодли ёшларга журналистика соҳаси сир-асрорларини ўргатиб, салоҳиятини юзага чиқариши учун ўзини аямасдан, беғараз хизмат қиладиган меҳрибон ва талабчан устоз сифатида танилганди.
– Тажрибали муҳаррир Сафар Остонов қалам тебратмаган мавзунинг ўзи йўқ эди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов. – У қайси соҳада ёзмасин, воқеа-ҳодиса тафсилотларини чуқур ўрганиб, фикрини жамлаган ҳолда ёзув столига ўтирар, чарчаш нималигини билмас эди. Суд-ҳуқуқ мавзусида мақола ёзадиган публицистлар республикамизда саноқли бўлган. Бу борада Сафар етакчилардан бири эди.
Тадбирда Сафар Остоновни яқиндан билган-таниган дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари сўзга чиқиб, турли йилларда ёзилган долзарб мавзудаги мақолалар, очерклар ва ижодкор ҳақида ҳамкасблари битган хотиралардан жам бўлган китоб ҳамда унинг муаллифи ҳақида сўзладилар.
– Устоз бир умр эътиқодига содиқ қолди, – дейди таниқли журналист Рўзибой Қўлдошев. – У халқи, миллати ва ватанини Сафар Остонга хос муҳаббат билан севар ва қадрлар эди. Шунинг учун бугун унинг китоби тақдимотида сўзга чиққанлар, асосан, журналистнинг ана шу бетакрор фазилатларини урғуладилар.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири