Санъаткорни қутлаш ва “Буюк хизматлари учун” орденини топшириш маросимида Президентимиз Зокировлар сулоласи деганда узоқ йиллардан буён миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини халқимизга тақдим этиб келаётган бутун сулола кўз олдимизга келиши, миллий эстрада санъати асосчиси Ботир Зокиров ижро этган ўлмас қўшиқлар халқимизнинг улкан маънавий бойлиги эканини таъкидлади. Мана шундай оила, бутун бир авлоднинг ўз умрини санъат ва маданият равнақига бағишлаши дунёда кам учрайдиган ноёб ҳодиса эканига урғу берди.
Мазкур сулоланинг улуғ вакилларидан бири, шубҳасиз, Ботир Зокировдир.
Ҳаёт бўлганида 26 апрель куни 90 ёшга тўлган бўлар эди.
Санъат оламида эстрада юлдузи бўлиб порлаган хонанда ўзбек қўшиқларини
қатор мамлакатлар саҳнасида мардонавор куйлади. Дунёда ўзбек деган буюк халқ
борлигини фидойилик билан тарғиб қилди ва танитди.
Ботир Зокировнинг умр дафтарини варақлар эканмиз, ҳаёт ва ижод йўлларида
учраган қувончли ҳодисалар, ибратли воқеаларга дуч келамиз. У
ҳаётнинг оқ ва қора ранглардан иборат эканини жуда эрта англади. Ўзи танлаган
йўналиш — миллий эстрада санъати йўли осон кечмаслигини билиб, айниқса, санъат
ва маданият соҳасидаги ғовларни юксак истеъдоди ва иродаси билан енгиб ўтди.
Сиз бутун вужуди, қалби билан
қўшиқ куйлаётган Ботир Зокировнинг ёниқ, дардли ва доно кўзларини кўрганмисиз?
Ҳа, унинг донишманд кўзлари порлаб, тингловчини ҳайратга солар эди. Дард билан
қалқиб, ҳаётнинг изтиробларини эслатарди. Донолиги эса умрнинг мазмундорлиги
ва нурли лаҳзаларидан хабар берарди.
Ботир Зокиров кўп китоб ўқиган,
китобни маънавий дўст ва устоз деб билган чин зиёли эди. Шу боис, у ўзи билан
бир даврда ижод қилган машҳур ижодкорлар — Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев,
Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров каби шахслар билан сафдош, суҳбатдош ва дилдош
бўлган. Уларнинг ижодини қадрлар, эълон қилинган ҳар бир янги асарини ўқиб,
фикр-мулоҳазаларини, баъзан эса эътирозларини ҳам билдирарди. Шунингдек, Ботир
Зокиров машҳур рассом Рўзи Чориев ва таниқли актёр Турғун Азизов билан ҳам яқин
дўст бўлган.
У катта ижодкорлар — Асқад Мухторнинг
теран фалсафа билан суғорилган шеърлари, Зулфиянинг вафо ва садоқатга йўғрилган
асарларини, Миртемирнинг халқ донишмандлиги уфуриб турган ёрқин мисраларини
қайта-қайта ўқиб, адабиётдан руҳий қувват олар эди.
Ботир Зокиров Москвадаги Кремль
шифохонасида ётган кезлари жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намояндаларининг машҳур
асарларини ўқигани ҳақида кундаликларида ёзиб қолдирган:
“Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп
нарсани билмаслигим аён бўлди. Ўз тарихимни ғурур ва фахр билан ўқиб ўргана
бошладим. Қанчадан қанча очилмаган тенгсиз хазиналар бор. Ўз миллий маданиятимизни
ҳали жуда юксакларга кўтаришимиз керак. Албатта, кўтариш керак! Қандай қилиб?
Ҳамма гап шунда...”.
“Бир нарсани англадим. Шу
пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар
қайтадан бошлаш керак...”.
Ҳаётлик чоғидаги суҳбатимиз жараёнида
Ботир Зокиров машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов билан Бишкекда учрашгани, унинг
дала ҳовлисида меҳмон бўлганини фахр билан гапириб берган эди. Айниқса,
ёзувчининг ўша йиллари эълон қилинган “Оқ кема” ва “Соҳил бўйлаб чопаётган
олапар” асарлари ҳақида теран фикрлар билдирганди: “Оқ кема” — фалсафий асар.
Унда қирғиз халқи тарихидаги жароҳатлар ривоят ва афсоналар орқали очиб
берилган. Она буғу фожиаси кишини титратиб юборади. Чингиз Айтматов — жаҳон
адабиётининг устунларидан биридир”.
Ботир Зокировнинг диди баланд
эди. Бу дид унинг ҳар бир қўшиғида намоён бўлади ва акс садо бериб туради. Ижодкорнинг
диди истеъдоди билан чамбарчас боғлиқ. Яратилган асарда намоён бўладиган юксак
дид тингловчи ёки ўқувчини қаттиқ ҳаяжонга солади, юрагига чуқур кириб боради.
Теран диди ва юксак тафаккури туфайли
у ажойиб ҳикоялар ёзди. Ёзганлари машҳур адиблар Асқад Мухтор ва Шуҳратнинг
юксак баҳосига сазовор бўлди. Санъаткор ўзига хос, бетакрор рассом ҳам эди.
Картиналарини таниқли рассомлар юксак эътироф этган ҳамда Раҳим Аҳмедов, Рўзи
Чориев, Неъмат Қўзибоев сингари рангтасвир усталари томонидан самимий кутиб
олинган. Бундан ташқари, Ботир Зокиров “Сўғд элининг қоплони” либреттосини ҳам
ёзган.
У Москвада биринчи бор операция
қилинган вақтда радио орқали Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”
асари инсценировкасини машҳур артист Мария Бабанова ижросида эшитиб, қаттиқ
ҳаяжонланган. Шундан сўнг қиссани катта миллатлар сафига қўшиламиз? Қачон
юксаламиз, қад ростлаймиз?.. Шоир дўстим Абдулла Орипов ниҳоятда топиб
ёзганидек: “Қачон халқ бўласан, эй сен оломон?..”.
Баъзан ўйлаб қоламан: бугун қўшиқчилик
санъатида учраётган саёзлик, енгил-елпилик, айниқса, эстрададаги қуруқ
бақир-чақирларни кўриб, эшитиб, бизга Ботир Зокировдек чинакам синчи санъаткор
етишмаётгани яққол намоён бўлади. Айрим таниқли санъаткорлар билан эса
суҳбатлашиш қийин. Уларнинг саводсизлиги, фикрининг ғариблиги — умуман китоб
ўқимаслик, фикрсизлик ва онгни ҳаёт дурдоналари билан бойитиб бормаслик оқибати
деб ўйлайман. Ахир Ботир Зокиров, Шерали Жўраев, Фахриддин Умаров каби
ижодкорлар билан суҳбатлашсангиз, роҳатланардингиз ва яна суҳбатлашгингиз
келарди. Улар қўшиқларининг мазмун-моҳиятини теран тушуниб ижро этарди. Ўзлари
ҳам жуда билимдон ва чин зиёли инсонлар эди.
Ботир Зокировнинг умр дафтарида
бундай нурли саҳифалар жуда сероб. Бу улуғ санъаткорнинг ибратли ижоди, инсоний
фазилатлари ва доно фикрлари бугун ҳам ўз аҳамияти ҳамда қадр-қимматини
йўқотган эмас. У кундаликларидан бирида бундай ёзган эди: “Агар қайтадан
туғилиш имкони берилганда мен барибир яна қўшиқ йўлини танлаган бўлардим”.
Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист