У ҳаётни севмаганида...
Инсон меҳр-эътибордан четда қолса, унинг умрида мазмун қолмайди.
Агар у болаликдан ногирон бўлса-чи?.. Жондорлик Боғдагул Мансурова ҳаёти мисолида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ўзининг жисмоний нуқсонига қарамай, жамиятда ўз ўрнини топган юртдошларимиз талайгина. Бундан анча йиллар муқаддам Боғдагулнинг илк шеърий тўплами нашрга тайёрланди.
Орадан йиллар ўтди. Боғдагул қатор ҳунарларни ўрганди. Жисмоний нуқсони сабаб юришга қийналса-да, тақдир зарбаларига мардонавор қарши тура олди. Бу орада яна иккита китоби чоп қилинди.
Унинг жасорати, бардошига мукофот ҳам келди. Бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилган имтиёзли кредит асосидаги уйлардан бирининг соҳибаси бўлди. Энди уйнинг ойма-ой тўланадиган кредит пулини топиш лозим эди. Бунинг ҳам чораси топилди. Боғдагулнинг қўлида ҳунари бор. Шу сабаб бир йирик ташкилот буюртма берадиган, ишларини қилиб берса, кредит тўловини шу ташкилот тўлайдиган бўлди.
Ҳозир Боғдагул файзли бир хонадоннинг келини, бекаси. Бир ўғил фарзанднинг онаси. У тақдиридан рози. Шеърлар машқ қилишни давом эттирмоқда.
Ўйлаб кўринг, у ҳаётни севмаганида, изланмаганида, эртанги кунга ишонч билан олға интилмаганида шу кунларга етармиди?..
Бирни кўриб фикр қил...
Яқинда дўстим Достон Жўраев қўнғироқ қилиб:
— Ака, шаҳардаги ногиронлиги бўлган болалар интернат уйига бориб, имконияти чекланган болажонлар ҳолидан хабар олмоқчиман. Албатта, қуруқ қўл билан эмас, совға-саломлар, интернат ҳовлисига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб бориб ўтқазамиз. Насиб бўлса, шу ниҳоллар дарахт бўлиб, мева солади, савоби тегади, савоб иш яхши-да. Болалар уйига мен билан бирга борсангиз, — деб қолди.
Албатта, бундай хайрли ишдан четда туриш яхши эмас, дарров йўлга тушдим.
Дастлаб болажонлар ўртасида спорт мусобақаси ташкил қилинди, ғолиблар тақдирланди. Шундан сўнг мурувват уйи тарбияланувчилари ҳамда муассаса ходимлари учун концерт дастури намойиш қилинди. Куй-қўшиқ, рақслар, қўғирчоқ театри актёрлари ва турли спорт жамоаларининг кўргазмали чиқишлари болажонларнинг бир лаҳза бўлса-да, қувончига сабаб бўлди. Уларнинг маъюс кўзларида умид учқунлари, чеҳраларида оний табассум ёлқинланди.
Тадбирнинг энг эсда қоларли лаҳзалари имконияти чекланган болажонларнинг шеър ва қўшиқлар тинглагани ҳамда меҳмонларнинг улар билан бирга рақсга тушгани бўлди.
Совғалар улашилди. Ташаккурномалар берилди. Қайтаётган вақтимизда бир болакай Достонга “Яна келинглар”, деди. Достон менга қаради ва: “Албатта, келаман, йўқ, келамиз!”, деди.
Биргалашиб “Яшил макон” акцияси доирасида муассаса ҳудудида мевали ва манзарали кўчатлар ўтқаздик. Ортга қайтар эканмиз, ҳамма бир-бирига тикилди: кўзлар ёшланган, шунда кимдир пичирлади: “Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил...”.
Обид ҚЎЛДОШОВ,
журналист
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири