Йиғилишда Ассоциация Раиси, Раис ўринбосари ва аъзо ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, жорий йилги Умра зиёратини намунали ташкил этишдаги янгиликлар ва навбатдаги мавсумга пухта ҳозирлик кўриш, Ассоциация фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда олдинда турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Маълумки, кейинги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, умра ибодатига боришда квоталарнинг олиб ташлангани барча юртдошларимизни хушнуд қилди. Албатта, бунда ушбу муқаддас зиёратларни намунали ва белгиланган тартибда ташкил этувчи давлат рўйхатидан ўтган фирма ва ташкилотларнинг ҳам ҳиссаси алоҳида ўринга эга.
Шунга кўра, Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан кенг муҳокамалар амалга оширилиб, халқимизга намунали хизмат кўрсатиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясига янги аъзолар қабул қилиниб, давлат намунасидаги аъзолик сертефикатлари тантанали топширилди.
Эслатиб ўтамиз: Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (уюшмаси) 2022 йил 7 октябрида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, бугунги кунга қадар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида Ассоциация атрофида муқаддас ислом динининг асосий арконларидан бирини намунали ташкил этишга ихтисослашган 25 дан зиёд республикамиз ҳамда хориждаги сайёҳлик фирма ва ташкилотлари бирлашиб, юртимиз аҳолиси ва хорижликларга замон талаблари асосида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ассоциация Ахборот хизмати