Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” асарида маҳалла ҳақида сўз юритиб, уни “шаҳар ичра шаҳарча” деб атайди:
“Шаҳарлар отини маҳаллот этиб,
Бўлди чу юз шаҳр Ҳири от этиб”.
Шунингдек, “Вақфия” асарида мутафаккир ўзи яшаган маҳаллада кўплаб хайрия ишларини амалга оширгани баён этилади. Навоий ўз ҳисобидан маҳалласида масжид, мадраса ва мактаб қурдирган. Ариқлар қаздириб, маҳаллани боғу бўстонга айлантирган. Унинг ҳомийлигида маҳалла йўллари таъмирланиб, ариқлар устига мустаҳкам кўприклар бунёд этилган.
Соҳибқирон Амир Темур “Тузуклар”ида жамоа бўлиб яшаш, ҳудудларда одамларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришини ягона тизимга солгани, қатъий қонун-қоидалари ва бу борадаги тажрибаларининг ижобий жиҳатларини баён этади:
“Амр қилдимки, уруш кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбошиники қўл остидагиларга жорий этилади. Агар бу тузукка қаршилик қилсалар, жазога тортилсинлар”.
Интизом, раҳбар топшириғига риоя қилиш ва вазифаларни ўз вақтида бажариш шарқона бошқарув асоси ҳисобланган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг жамият ҳаётида ўрни борлигини, унда кечаётган ҳодисаларга дахлдорлигини билдириб, ташқаридан келадиган хатарларга қарши бир жону бир тан бўлиб, қатъий тартибда бирлашишига хизмат қилган. Амир Темур фуқароларни умумманфаат атрофида бирлаштиришнинг энг адолатли йўлини топгани учун ҳам узоқ ҳукмронлик қилган. Шак-шубҳасиз, унинг минг-минглаб қўшинлари ортида минглаб оилалар, маҳаллалар ҳамда ўз раҳбаридан меҳру шафқат, адолату ҳимоят кўрган халқ турган. Айнан шу бирлашув Амир Темур ғалабаларига замин яратган.
Абу Наср Форобий бундай ёзади: “Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай туғилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади. У бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади”.
Демак, инсон даврага интилади, атроф-муҳит билан ҳамнафас яшайди. Унинг моддий жиҳатдан камчилиги бўлмаслиги мумкин, аммо моддият унинг том маънодаги бахтини таъминлай олмайди. У руҳий мададни, қувватни одамлардан олади. Инсон жамиятдан ўзига руҳий шериклар, маънавий фикрдошлар топади.
Тарих саҳифаларини варақлаганимизда, инсоният бундан уч минг йиллар олдин ҳам ягона эътиқод остида бирлашиб, жамоа бўлиб яшаганини кўрамиз. Маҳалла тушунчасининг ўша замонлардаёқ илдиз отганига амин бўламиз. Оғир кунларда елкадош бўлиб синовлардан ўтиш, бахтли кунларни биргаликда яратиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бамаслаҳат ҳал этиш, солиқ тайинлаш ва йиғиш, душман бостириб келганда сафарбарлик эълон қилиш, ғанимлар билан сулҳ тузиш, тўқнашувларни тўхтатиш ва урушларнинг олдини олиш учун ҳам бир ёқадан бош чиқариб, маҳалла бўлиб яшаш тажрибаси мавжуд эди. Милоддан аввал ташкил топган Қанғ, Давон давлатларида бу тузилма оқсоқоллар кенгаши сифатида фаолият юритгани тарихий манбаларда ўз аксини топган.
Шонли тарихимиз кўрсатадики, бир мақсад атрофида бирлашиш бизга ота мерос, бобо мерос бўлиб келган. Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши маҳалла тизимида инсон қадрини олий ўринга кўтарди. Юртимизда фуқаролар манфаатлари ҳар нарсадан устун. Миллий қадриятлар асосига қурилган ва юксалаётган жамиятимизда ахлоқий фазилатларимизнинг барчаси келажак авлодга сингдирилиши керак. Шунинг учун ҳам бизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бор.
Бизнинг ҳар биримиз етти маҳалла ёшларининг тарбиясига маънавий жавобгармиз, масъулмиз. Ўз вақтида оиламизда камол топаётган фарзандлар маҳалла, қўни-қўшнилар билан муносабатда шаклланади. Ақлини таний бошлагач, маҳалладаги тенгдошлари даврасидан руҳий андоза олади. Унинг ахлоқий тарбиясига маҳалла муҳити кучли таъсир ўтказади. Ҳар бир маҳалланинг фахри бўлган иззатли инсонлари бор. Одамлари меҳнаткаш, маърифатли, ҳалол, меҳрли ва сабрли маҳаллалардан файз аримайди. Айнан ўша маҳаллалар одамлари камбағал бўлмайди, ўзига тўқ яшайди. Барака энг аввало қатъий тартиб, меҳру оқибат, бир-бирини аяш, тушуниш, қўллаб-қувватлаш ва бир мушт бўлиб бирлашишдадир.
Азалдан ҳунарманд одамлар яшайдиган гўшалар обод бўлган. Яъни одамларни меҳнат, ҳунар ва маърифат бирлаштирган. Маҳаллаларнинг номлари ҳам аҳоли шуғулланган ҳунармандлик тури билан аталган. Масалан: Темирчилар, Косиблар, Наққошлар, Каштачилар, Тўқимачилар, Арқончилар, Нонвойлар, Патирчилар, Қандолатчилар, Эгарчилар, Заргарлар, Зардўзлар, Телпакфурушлар, Чилангарлар каби. Қишлоқ жойлардаги тўкинликни ҳам биргаликда қилинган меҳнат, ҳунарни қизғонмаслик каби олижаноб фазилатларда кўриш мумкин.
Бир-бирини таниган, оғир пайтда қўл чўзган, дардингни, оилавий аҳволингни кўзингдан қараб билган маҳалладошлар ҳақида “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши”, “Ён қўшнинг — жон қўшнинг”, “Гилам сотсанг қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан”, “Қиёмат куни қўшнидан сўралади”, деган пурмаъно гаплар бор. Бу гаплар замирида олам-олам маъно ётибди. Маҳаллани менсимайдиган, топган бир даста пулига маҳлиё бўлиб, ўзгаларни масхаралайдиган каслар бора-бора маҳалладан айрилиб қолади. Маҳалладан айрилиб қолиш эса оғир исноддек гап.
Атрофдагилар кўрганида тескари қараб ўтишидан ҳам хунук манзара бормикин? Маҳаллада бирор тадбир ёки маслаҳат йиғини бўлса-ю, кўпчилик “Эй, фалончини айтманглар, ҳамманинг дилини вайрон қилади, ўша билмай қўя қолсин”, дейишларидан асрасин. Шунинг учун ҳам маҳалланинг обрўли инсонлари маҳалла билан ҳисоблашмай қўйганлар билан алоҳида гаплашадилар, кўнглига йўл топиб, маҳаллага қўшилишига эришадилар.
Бу борада ҳам масалага ижобий ёндашиш керак. Яхши одам бўлиши мумкин, аммо бандлиги туфайли маҳалла идорасига кириб-чиқишга вақти йўқдир. Баъзан “Сулаймон тоғнинг олдига келмаган экан, тоғнинг ўзи Сулаймоннинг ёнига борибди”, деганларидек, ўша одамнинг олдига “маҳалла еттилиги” бориши, маҳалладаги ишсизларга иш топишида, муҳтожларга мурувват кўрсатишда унинг салоҳиятидан фойдаланиши яхши натижалар бериши тажрибада ўз исботини топган.
“Маҳалла менга нима берди?” дейдиган эмас, “Мен маҳаллага нима бердим?” дейдиганлар кўпайди. Эзгуликлардан руҳланган одамлар ўз-ўзидан маҳаллада бирлашдилар. Биргаликда эришаётган ютуқларимиз ҳам бизни янада жипслаштирди.
2026 йилнинг юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши ҳам биргаликда эришмоғимиз шарт бўлган мақсадларга илҳомлантирди. Бугунги кунда маҳаллаларимизга 5-6 йил келмаган одам уларни таний олмай қолмоқда. Муҳташам бинолар, равон йўллар, кўркам гузарлар қад ростлади. Замонавий мактаблар очилиши, жамиятда ўқитувчиларнинг мақоми кўтарилиши, марказдан то энг чекка ҳудудлардаги маҳаллаларимизгача тиббий хизмат сифати ошиши халқимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган “Маърифат карвони” лойиҳаси кириб бормаган маҳалла қолмади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Цивилизациялар — шахслар — кашфиётлар”, “Тирик тарих”, “Фаровон ҳаёт сари илк қадам”, “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Ижтимоий ғоялар форуми”, “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” каби 70 га яқин илмий-маърифий форум ва тадбир ташкил этилиб, уларга 40 мингга яқин иштирокчи жалб этилди.
“Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури доирасида оғир ижтимоий тоифадаги 1024 та маҳаллага обрў-эътиборли, нуроний олимлар, ёзувчи-шоирлар, театр ва санъат арбоблари “маънавий кўмакчи” сифатида бириктирилди. “Маънавий кўмакчи”лар томонидан маҳаллада камбағал оила аъзоларининг ишлаш иштиёқини ошириш мақсадида “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳаси доирасида 17 461 та турли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Маънавий кўмакчи”лар бириктирилган маҳаллаларда узлуксиз ўтказилган тадбирлар, давра суҳбатлари, якка тартибдаги мулоқотлар ўз самарасини берди. Лойиҳа натижасида одамларда ишлашга иштиёқ ошганига гувоҳ бўлдик.
“Маънавий кўмакчи”ларнинг фаолияти, айниқса, хотин-қизлар орасида яхши самара бермоқда. Халқимизда “Эл онасига эргашади”, деган нақл бор. Бунда ҳам кўп ҳикмат яширинган. Бу ҳикматли сўзни яшашга, интилишга рағбат ошириш учун қўллаш мумкин экан.
Ўзим “маънавий кўмакчи” бўлиб иш юритган 5 та маҳалла раисларидан олган хулосаларим кўрсатдики, маҳаллаларда маънавий муҳит кескин ўзгарди. Эрта-кеч кўчага чиқиб, нималардандир нолиб, ғийбат қилиб ўтирадиган аёллар аста-секин камаймоқда. Эри даромад топиб келадиган ёки турмуш ўртоғи хориждан пул юборадиган айрим аёлларнинг кафелардаги беҳуда кўнгилочар ўтиришлари қисқариб, улар “маҳалла еттилиги” таклиф этган ишларга жойлашиб, даромад топа бошлашди.
Тўғрисини айтиш керак, дастлаб иш таклиф этилган корхоналарда маош 2-3 миллион сўмдан бошланади. Иш жойининг маҳаллага яқинлиги, йўлга узоқ вақт ва йўлкира сарфланмаслиги каби қулайликларни “маънавий кўмакчи” тушунтириб боради. Энг муҳими, бир неча ойдан кейин маошнинг ошиши, маҳалла ва қўни-қўшнилар олдида “ишсиз” деган ёрлиқнинг олиб ташланиши уларнинг ҳаётига илиқлик, ёруғ нур олиб киради. Маҳалла ёрдами билан касб-ҳунар курсларида бепул ўқиб, тикиш машиналарида ўз меҳнатига яраша маблағ топа бошлаган аёллар билан суҳбатлар уларни маҳалла билан боғлаш нақадар катта аҳамиятга эга эканини кўрсатди.
Тўғри, бу ишга бирдан, оммавий киришиб кетилгани йўқ. Аммо 1 та “маънавий кўмакчи” дастлаб 2-3 кишига руҳан кўмак берган бўлса, 1 ой ичида 10 та, 2 ой ичида 20 та, 4-5 ой ичида эса 50 дан ортиқ одамнинг иш топиб, катта хоҳиш билан меҳнат фаолиятини бошлашига сабабчи бўлиши мумкин.
Аҳолининг ижтимоий фаоллиги оширилиши умумий кайфиятга таъсир қилади. Китобхонлик маданиятини юксалтириш ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш ишлари “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ёз фаслида, минг-минглаб ўқувчилар таътилга чиққач, иштирокчилар қамровини кенгайтирди. “Китоб карвони” орқали маҳалла кутубхоналарига туҳфа сифатида дурдона асарлар кириб боргани, китобсеварларнинг адиб ва шоирлар билан жонли мулоқотлар ўтказиши унутилмас хотирага айланди.
Яқинда 94 ёшни қарши олган устоз журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Яйра Саъдуллаева билан маънавий юксалишимиз ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Унинг тўлқинланиб айтган гаплари ҳеч ёдимдан чиқмаса керак. Нуроний адибамиз бундай деди:
“Президентимизнинг ўзи юртимиздаги оддий халқ билан тез-тез учрашиши, маҳаллаларга бориб, нуронийлар билан қучоқ очиб кўришиши, жажжи болаларни бағрига босиб гаплашиши, олис қишлоқларга ташриф буюрганида хонадонларга кириб халқимиздан ҳол-аҳвол сўраши барчамизнинг кайфиятимизни кўтаради. Шу улуғ ёшга етганимча мен ҳам ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп бошдан ўтказдим.
Журналист нигоҳимда олис қишлоқлардаги томидан чакка ўтган мактаблар, ўнқир-чўнқир йўллар, пастак, пахса деворли қишлоқ ҳовлилари, уйлардан бир этак гўдаклари билан тонгданоқ пахта даласига йўл олган қишлоқ аёллари, юқумли касалликларга тўлиб кетган шифохоналар кўз ўнгимдан кетмайди. Катта-катта маҳаллалар ўртасида битта ё иккита дўкон бўларди. Бозорлардаги антисанитария ҳолатини эсласам, ҳамон дилим қайғуга тўлади.
Мана бугун тўйлар “Маромийлик” лойиҳаси асосида ўтмоқда. Одамларнинг кайфияти миллий қўшиқларимиз, бахшиларимиз айтган достонлару ўланларга ҳамоҳанг бўлмоқда. Азиз юртдошларимизнинг юриш-туришлари, кийинишларига қараб завқланаман ва маданият ҳам жамиятнинг маънавий юксалиши эканига амин бўламан.
Бугун маҳаллаларимизни кезиб, кўнглинг яйрайди. Тўғри, кейинги йилларда оёғим оқсаб, панд бермоқда. Аммо фарзандларим автомашинада ҳафтада икки марта шаҳримизни ва юртимиздаги янги иншоотларни томоша қилишга олиб боришади. Юрт гўзалликларини кўриб кўнглим очилади, дилим яйрайди. Шунинг учун фарзандларим мени тез-тез сайрга олиб чиқишни одат қилганлар. Юртимизнинг жаннатий жамолини кўришга етказганига шукур”.
Дарҳақиқат, маҳалла аҳли орасида кўпчилик бўлиб зиёратларга бориш, театр ва томошаларга оилавий ташриф буюриш урфга айланди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари бўлган машҳур олимлар, санъаткорлар, адиб ва шоирлар Қорақалпоғистоннинг Мўйноғидаги овуллардан то Қашқадарёнинг энг чекка қишлоғи Ғилонгача, Сурхондарёнинг Бойсунидаги Юқори Мачайигача, Фарғонанинг Сўхию Навоий вилоятининг Танги Жуманигача, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Чорчинор, Жиззахнинг қайта чирой очган Манас маҳалласигача янги Ўзбекистон руҳини, абадий барҳаёт қадриятларини, маънавий хазинасини ташиб юрувчи карвон бўлиб кириб борди.
Президентимиз бошлаб берган бу муҳташам карвоннинг нурли манзиллари маҳалладошларимиз даврасида, маҳаллаларимиздадир. Зеро, умримизнинг мазмуни шу ватанга хизмат қилишдир. Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятимизни юксалтиришда фидойилик кўрсатиш ҳар биримизнинг виждон ишимиздир.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси