Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси тобора мустаҳкам қарор топиб, барча саъй-ҳаракатлар фуқароларни ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлардан халос этишга йўналтирилмоқда. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиши, салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятларни кенгайтириш, уларни реабилитация қилишда инклюзив жамият қуришнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 27 ноябрдаги “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ногиронликни белгилаш жараёнини тўлиқ қамраб олувчи ягона тизимни йўлга қўйиш, шаффоф, замонавий услуб ва мезонларни амалиётга жорий этиш каби масалаларни кун тартибига қўйди.

Мазкур қарор билан тиббий-меҳнат экспертиза хизмати тизими негизида ягона тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкил этилди. Ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга ногиронлик белгилашда мутлақо янги босқичга ўтилди, яъни ушбу тоифага ногиронликни белгилаш янги ташкил этилган Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга ошириладиган бўлди. Ногиронлиги бор бола деб топилганларга ногиронлик гуруҳи белгиланмасдан, “ногиронлиги бўлган бола” мақоми берилиб, ижтимоий ҳимояга олинмоқда. Шу билан чекланмай, аҳолининг мушкулини осон қилишган қаратилган ишлар тизимли ва изчил давом эттирилди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 17 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилди. Шу аснода 34 та касаллик киритилган рўйхат тасдиқлаб берилди.

Инсонпарварликка йўғрилган мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида тиббий-ижтимоий экспертиза хизматини рақамлаштириш, экспертиза жараёнини шаффофлаштириш, соҳага инсон омили аралашувини камайтириш орқали бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш бўйича ҳам зарур ишлар бажарилмоқда. Биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги — “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимини жорий қилиш, 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида апробациядан ўтказиб, 2023 йил январдан юртимизнинг барча ҳудудида амалиётга киритиш белгиланган эди.

Бу борада мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасалари врачлик-маслаҳат комиссиялари врачлари ва IT ҳамширалари инспекция ва дастурчилар томонидан махсус ўқитилди. Уларга логин ва пароллар берилди. “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими 2023 йил 1 январдан бошлаб юртимизнинг барча ҳудудида тўлиқ амалиётга жорий этилди.

Ногиронликни белгилашга асос бўладиган тиббий ҳужжатлар электрон тарзда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига юборилиши йўлга қўйилди. Ҳозир соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи, амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ногиронликни белгилаш мақсадида электрон тарзда тиббий ижтимоий эксперт комиссиясига юборилмоқда.

Бу жараёнда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган ҳамда нохуш клиник прогнозга эга касалликка чалинган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, фуқаронинг иштирокисиз, ногиронлик муддатсиз даврга белгиланмоқда. Кўрик натижасида ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома QR-код билан тасдиқланиб, ахборот тизими орқали шакллантириляпти.

Иккинчидан, ҳозир ногиронликни белгилашда даволаш-профилактика муассасаларининг йўлланмаси, касаллик тарихидан кўчирма, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастлангани тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ахборот тизими орқали қабул қилинмоқда. Ахборот тизимидаги фуқарога тегишли маълумотлардан келиб чиқиб, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсони бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланмоқда.

Натижада йилига 20 минг фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади ҳамда ушбу маълумотлар асосида фуқароларнинг иштирокисиз ногиронлик белгиланади. Ногиронлиги бўлган шахсга тааллуқли, шунингдек, даволовчи ҳамда тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этилмоқда. Ногиронлик белгиланган шахсларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун электрон маълумотлар “Пенсия” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади.

Учинчидан, бу тизим мутлақо янги бўлиб, ногиронлик белгиланган шахсларнинг ногиронлик муддати тугаётгани ҳамда қайта кўрикка келиши тўғрисида қисқа хабар мобиль алоқа воситаларига бир ой олдин хабар юборилади. Бу жараёнда ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар тегишли вазирлик ва идораларга “электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали электрон юборилмоқда.

Масалан, кўрикка чақириш учун “Ҳурматли (шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми)! Сизнинг 2023 йил 3 март куни соат  10:10 дa ТИЭК кўригига келишингизни сўраймиз. Манзил: Қўқон шаҳри, 114-ПТИЭК. Қўшимча маълумот учун: 1246” мазмунидаги хабар юборилади. Ногиронлик белгиланганда эса “Ҳурматли (шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми)! Сизга Ховос туманлараро ТИЭК томонидан 27.02.2023 йилда II гуруҳ ногиронлиги 28.02.2025 йилгача белгиланди”, деган хабар боради.

Тўртинчидан, мазкур ишлар туфайли мамлакатимизда ногиронликни белгилашнинг эски тиббий моделидан воз кечиб, умумэътироф этилган мутлақо янги ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш зарурати пайдо бўлди. Маълумот учун айтиш керак, ижтимоий моделда шахснинг касаллиги билан бирга жамият ҳаётидаги иштироки инобатга олинади. Давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун жамиятдаги тўсиқларни бартараф этиш тадбирлари амалга оширилади.

Тиббий моделда шахснинг касаллигидан келиб чиқиб, унинг меҳнат қила олиши даражасига мувофиқ ногиронлик белгиланади. Ногиронлик собиқ иттифоқ даврида (43 йил илгари) ишлаб чиқилган меъёрлар асосида тайинлаб келинган. Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида жорий йил 1 апрелга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифаси белгиланган.

Зотан, ижтимоий моделга ўтиш бўйича тавсиялар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда белгиланган. Мазкур концепциянинг қабул қилиниши натижасида ногиронликни белгилашда халқаро классификацияга асосан ахборот технологиялари жорий этилади (касалликлар шифрланади), ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитлар яратилади (пандуслар, кўтарма лифтлар, сурдотаржималар, товушли ва визуал сигнализациялар ва бошқалар) ҳамда уларни реабилитация қилиш бўйича шахсий дастурлар ишлаб чиқилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш бўйича Президентимизнинг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси тасдиқланмоқда.

Концепция икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2023–2025 йилларда касалликларнинг халқаро классификацияси кодлари бўйича электрон база яратилади. Соҳа ходимлари тайёрланади, ижтимоий объектлар инвентаризациядан ўтказилади. Иккинчи босқичда 2025-2027 йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун 2030 йилгача тегишли шароит яратишга қаратилган давлат дастури ишлаб чиқилади.

Дастлаб ТИЭК тизимида ижтимоий модель 2026 йил 1 январдан бошлаб Сирдарё вилоятида ҳамда 2027 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудида жорий этилади. 2023-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасида ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш бўйича концепцияси лойиҳаси ва уни амалга оширишга доир чора-тадбирлар режаси БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг тегишли мутахассислари иштирокида бир неча маротаба муҳокама этилиб, улар томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам инобатга олинган.

Ушбу концепция фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказишни такомиллаштириш, ногиронликни ижтимоий модель орқали белгилашни амалиётга босқичмабосқич жорий этиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш соҳасидаги вазифаларни белгилайди. Концепцияни амалга ошириш натижасида қатор мақсадларга эришилади.

Жумладан, қонунчилик янада такомиллаштирилади. Мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятлар бартараф этилади. Миллий хусусиятлар ва шароитлар эътиборга олинган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба татбиқ этилади. Жамиятда ногиронликни белгилашнинг адолат принципи, тиббий-ижтимоий экспертиза фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланади.

Соҳада жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик мустаҳкамланади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли ахборотни олиши, жамоат транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун босқичма-босқич қулай шароит яратилади. Инклюзив таълим (мактабгача, мактабдан ташқари, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим) олиш имконияти таъминланади.