2021 йил 5 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар “Умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат сифати устидан назорат ўрнатиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани ҳам муҳокама қилдилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабарига кўра, депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев жавоб берди.
Таъкидланишича, юртимизда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчилар ва болалар учун уларнинг ёшига доир физиологик эҳтиёжларига мувофиқ бўлган рационал ва мутаносиб озиқ-овқат билан таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, мамлакатимиз аҳолисининг соғлом, хавфсиз ва тўғри овқатланишини ташкил этиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси асосида 600 та таом таркиби ва энергетик қуввати ишлаб чиқилди.
Шунингдек, юртимиз бўйича 7 ёшдан-17 ёшгача бўлган 19,5 мингдан ортиқ ўқувчиларнинг антропометрик параметрлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди. Баркамол авлоднинг ҳар томонлама соғлом бўлиб ўсиши ва ривожланишини таъминлаш мақсадида “Болалар маҳсулотлари хавфсизлиги” бўйича техник регламент лойиҳаси тайёрланди. Умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда таомлар рўйхати ишлаб чиқилиб, мактаб раҳбарлари ва мактаб ошхоналарини ижарага олган аутсорсерларга етказилди.
Умумтаълим ўқув муассасалари атрофида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган, хавфсизлиги кафолатланмаган, номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр таомлар, ширинликлар ва ичимликларнинг сотилишига йўл қўймаслик мақсадида барча мактаб раҳбарларига танаффус пайтларида мактабга кириш жойларида ўқитувчилар ва қўриқлаш хизматининг навбатчилигини ташкил этиш, ўқувчиларни ташқарига чиқармаслик тўғрисида кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
“Ҳукумат соати”да депутатлар таълим муассасалари ходимларини ишга қўйишдан олдин, тайёрлаш ва қайта тайёрлашда гигиена талабларига риоя қилинишини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам савол бердилар.
Вазир ўринбосари жавобига кўра, юртимиз бўйича таълим муассасалари ходимларини ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиеник ўқитиш юзасидан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида 35413 нафар мактабгача таълим ташкилотлари ва 10210 нафар таълим муассасалари ходимлари санитария минимум курсларида ўқитилган. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларни санитария-гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш орқали аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва санитария маданияти даражасини ошириш мақсадида вазирлик томонидан қатор амалий ишлар амалга ошириляпти.
“Ҳукумат соати”да шунингдек, бугунги кунда умумтаълим мактаблари биноси ва синфхоналарининг санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Хусусан, юртимизда мавжуд бўлган 10129 мактабнинг 7018 тасида ошхоналар мавжуд, 2990 тасида ошхоналар йўқ, уларда вақтинчалик буфетлар фаолият кўрсатмоқда, 121 тасида эса буфет ҳам ташкил этилмаган. Шунингдек, мактабларининг 4124 тасида лойиҳа асосида тиббий хоналар қурилган, 6005 тасида тиббий хоналар ўқув ёки маъмурий хоналар ҳисобига мослаштирилган. 2017-2020 йилларда мактабларда 327 та ошхона қурилиши устидан огоҳлантирувчи санитария назорати ўтказилди. Ушбу жараёнларда 31 та ҳолатда белгиланган талаблардан четга чиқиш аниқланиб, қурилиш давридаги камчиликлар бартараф этилди.
Мамлакатимиздаги 181 та таълим муассасасининг 2497 та синфхонаси ва 36 та компьютер синфхонасида шовқин ҳамда электромагнит майдоннинг қуввати ўлчанди. Улардан 466 та ҳолатда шовқин миқдори рухсат этилган меъёрдан юқорилиги қайд этилди. 1598 та мактабда микроиқлим текширилди. Бунда 22662 та ўлчовлардан 2925 тасида кўрсатгичлар санитария меъёрларига мос келмаган. Ёритилганлик бўйича 1498 та объектда 31662 та ўлчовлар ўтказилди. Шундан 2219 тасида кўрсаткичлари санитария меъёрларидан паст эканлиги аниқланди. Ўтказилган текширувлар давомида аниқланган санитария-гигиена талабларини қупол равишда бузган мактабларнинг масъул ходимларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, интизомий чора қўлланилди, 230 та мактабнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаган 1036 нафар ходимлар ишдан четлаштирилди.