Ноябрь ойи давомида университетга бириктирилган мактабларнинг ҳолати, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ҳамда бошқа таълим ва тарбия кўрсаткичлари ўрганилди. Битирувчи синф ўқувчиларидан синов тестлар қабул қилинди. Тўпланган маълумот ва кўрсаткичлар асосида, мактаб раҳбарларининг талаб ва тавсиялари инобатга олиниб, ҳар бир мактаб учун «Университет-мактаб» ҳамкорлик дастури йўлга қўйилади.
15 декабрь куни университет ректори Одил Абдураҳмонов Миробод ва Пискент тумани Халқ таълими бўлими раҳбарлари, Миробод туманидаги 214, 213,154, 125-сонли мактаблар ва Пискент туманидаги 35,38, 40-сонли мактаб директорлари билан учрашди.
Дўстона ўтган мулоқотда университет ректори мактабни «сиз»ламай туриб, иқтисодий ва маънавий юксакликка эришиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
– Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, дейилиши бежиз эмас. Янги манзил олдида оғир ва машаққатли йўл, бироқ аниқ мақсадлар турибди. Бир ёқадан бош чиқариш деган халқона сўзларни дилга жойлаб ва унга амал қилиб яшайдиган беҳад масъулиятли кунлар келди, – деди университет ректори Одил Абдураҳмонов. – Давлатимиз раҳбарининг айтганидек, энди мактаб иши фақат Халқ таълими вазирлиги ёки ўқитувчиларнинг эмас, ҳар бир Ўзбекистон одамининг дарду ташвишига, қувончу қайғусига – умуммиллат юмушига айланмоғи зарур.
Бириктирилган мактабларда ўқитиш сифатини янада ошириш, битирувчиларни олий таълим муассасаларга кириш кўрсаткичларини яхшилаш ҳақида мактаб раҳбарларининг фикр ва мулоҳазалари тинланди. Мазкур мактабларга мос факультет ва кафедралар бириктирилиб, университетда фанлар кесимида ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва уларга методик ёрдам кўрсатиш орқали малакасини ошириш, университет профессор-ўқитувчилари ва мактаб ўқитувчилари «Устоз-шогирд» тизимини жорий этиш ҳамда юқори натижага эришган мактаб ўқитувчиларини «Университетнинг фахрий ўқитувчиси» мақомига кўтариш ва моддий рағбатлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва ғолибларга «Университет стипендияси»ни жорий этиш, юқори синф ўқувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёрлайдиган махсус ўқув-тайёрлов курсларини ташкил этиш, ўқувчилар қизиқишига кўра ижодий ва фан тўгаракларини ташкил этиш, беш ташаббус доирасида спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.
— Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик, — дейди Миробод туман 218-мактаб директори Мавжуда Урунбаева. — Биз меморандумда белгиланган тадбирлар қатори кимё, биология, физика фанлари бўйича лаборатория машғулотларини ҳам фан докторлари иштирокида ташкил этишни режалаштиряпмиз. Боиси, мазкур фанлардан олинган назарий билимлар кўпроқ амалий машғулотлар орқали самарали ўзлаштирилади.