Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жамоаси Тошкент шаҳридаги 22-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди. Янги ўқув йили бошлангани муносабати билан болаларга ўқув қуроллари ва совғалар улашилди.
Университет жамоаси муассасада тарбияланаётган ўғил-қизлар билан дилдан суҳбатлашди. Суҳбат болаларнинг келгусидаги орзу-интилишлари ва мақсадлари ҳақида бўлиб ўтди. Тарбияланувчиларнинг аксарияти келажакда ўқитувчи, ҳарбий, спортчи бўлмоқчилигини айтди. Университет томонидан тарбияланувчилар учун касб-ҳунарга йўналтирувчи ҳамда хорижий тиллар ва спорт тўгараклари ташкил этишга келишиб олинди.
— Уйимизга Тошкент давлат педагогика университети жамоаси келганидан жуда ҳам хурсанд бўлдик, — деди тарбияланувчи Сабинабону Мустафоева. — Мен келажакда ўқитувчи бўлмоқчиман ва ТДПУда ўқишни ният қилгандим. Ниятимга яраша шу университет ректорининг ўзи бизни кўришга келди. Энди университет томонидан биз учун спорт, ахборот технологиялари, мусиқа бўйича турли тўгараклар ташкил этилади. Албатта, биз ҳам бу тўгаракларда фаол иштирок этамиз.