Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари фаолиятининг тобора яхшиланиши, уларда янги имкониятлар салмоғининг ошиб бораётгани, умуман олганда, олий таълим тизими ўз сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини тобора юксалтириб бораётгани, албатта, қувонарли ҳолдир. Тизимнинг янгитдан ислоҳ қилиниши эса ўз таълим сифати, илмий салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратган олийгоҳлар номи халқаро мақомда эътироф этилишига замин бўлмоқда. Бу борада Фарғона давлат университетида сўнгги йилларда эришилаётган катта натижалар, айниқса, халқаро миқёсдаги эътирофлар кўнгилларни тоғдек юксалтиради.
Бутун дунёда алоҳида нуфуз ва қимматга эга бўлган, халқаро шаффоф рейтинг саналган Буюк Британиянинг Times Higher Education — “THE” рейтингида Фарғона давлат университети имкониятларининг юқори баҳолангани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Энг эътиборлиси, дунё университетларининг БМТ – “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га (SDGs) мувофиқлигини баҳоловчи ушбу глобал рейтинг натижалари университетимиз салоҳияти сифатли таълим, гендер тенглиги, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш ҳамда тинчлик, адолат, самарали бошқарув сингари 14 та йўналишлар бўйича юқорилаганини кўрсатди ва Фарғона давлат университети юқори кўрсаткичлар билан 1000+натижани қайд этди. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ривожланишлар, хусусан, Фарғона давлат университетида таълим сифатига қаратилган жиддий эътибор ва олиб борилаётган ниҳоятда тўғри, ўринли ҳаракатларнинг самарасидир.
Айтишимиз керакки, бугун Фарғона давлат университети мамлакатимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари каби янги-янги имкониятлар, янгиланишлар ва илмий юксалишлар майдонига айланди. Чунончи, университетимизнинг бутун дунё бўйлаб халқаро ҳамкорлари сафи тобора кенгайиб, олийгоҳ илмий салоҳиятининг ўсиб бораётгани, ўқитиш тизими хорижий тажрибалар асосида мукаммаллаштирилаётгани, халқаро олий таълим муассасалари билан биргаликда қўшма факультетлар ташкил этилаётгани, шунингдек, талаба-ёшларнинг янги илм уфқларини эгаллашга интилаётганлари, бу борада уларнинг билим ва салоҳиятини кенг миқёсда намойиш этишлари учун етарли имкониятлар яратилаётгани бунинг яққол далилидир.
Фидойи меҳнат ва интилишлар самараси сифатида университетитиз номининг халқаро даражада эътироф этилиб, унинг фаолиятига муносиб баҳо берилаётгани барчамизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиш билан бирга, албатта, жамоамизнинг ҳар қайси аъзосига жуда катта масъулият ҳам юклайди. Зеро, олдинда университетимиз интилган улкан марралар, катта мақсадларимиз бор. Умид қиламизки, ўзининг ҳар томонлама мос ривожланиш йўлини белгилаб олган отахон олийгоҳимиз йилдан йилга ўсишда, халқаро эътироф ва натижаларга эришишда давом этади. Албатта, бу йўлда ҳар биримиз ўз илмий изланишларимиз, ўқув ва маънавий соҳадаги меҳнатимиз билан жонажон университетимизга қанот бўлмоғимиз жуда муҳимдир.
Шарифа ИСКАНДАРОВА,
Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси