Унда Свердловск, Челябинск вилоятлари ва Ханты-Мансийск автоном округи - Юградаги ўзбек миллий марказлари раҳбарлари ва фаоллари, ватандош тадбиркорлар, Екатеринбург шаҳридаги Тиббиёт, Тоғ-кон, Педагогика ва Урал Федерал унивеситетларининг фаол талабалари, шунингдек, мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир чоғида республика раҳбарияти ва ҳукумати томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, меҳнат муҳожирлари ва талабаларга нисбатан олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақидаги муҳим маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, 2021 йилнинг декабрида ўтказилган IV мажлисдан то бугунги кунга қадар Бош консулхонанинг ватандошлар билан ҳамкорликда амалга оширган тадбирларига ҳам назар ташланди. Шу ўринда эришилган натижалар ва мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Бош консулхона консуллик округи ҳудудида фаолият юритаётган ўзбек миллий марказлари ҳамда фаоллари билан келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалар, хусусан, миграция соҳасидаги ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар равнақига ҳисса қўшиш, фуқароларимизга оид кўтарилган мавзуларни ҳал этиш, Уралда ўзбекистонликларнинг ижобий имижини кенг ёйиш мақсадида тор доирада тизимли равишда учрашиб туриш учун Бош консулхона қошида “Маслаҳат кенгаши”ни таъсис этишга келишиб олинди.
Тадбир интиҳосида Бош консулхона таъсис этилгандан буён Уралда турли тадбирларини ўтказишда ҳомийлик қилган ҳамда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган фуқароларимизга доимо ёрдам қўлини чўзиб келаётган 14 нафар тадбиркор ватандошларимизга консуллик муассасасининг ташаккурномалари тақдим этилди.