Мамлакатимизнинг иқтисодий имконияти кенгайиб, аҳоли турмуш шароити яхшиланаётгани боис, уй-жойга талаб йилдан йилга ошмоқда. Муҳими, урбанизация ва уй-жой қурилишида янгича, замонавий ёндашувларни жорий этиш танлов эмас, объектив заруратга айланди. Аҳоли нуфусининг жадал ўсаётгани, ёшлар улушининг юқорилиги, ички миграциянинг кучайиши шаҳарларга йилдан йилга қўшимча босим юкламоқда.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ўртача аҳоли ўсиш тенденцияси йиллик 2 фоизни ташкил этмоқда. Агар бу жараён илмий асосда режалаштирилмаса, инфратузилма етишмаслиги, транспорт ва экология муаммолари, ижтимоий тенгсизлик кучайиши мумкин. Янгича урбанизация сиёсати айнан шу хавфларни бартараф этишга қаратилган.
Энди шаҳарлар қайси томонга кенгайса бўлади деган мантиқ билан эмас, балки қай тарзда барқарор ривожланади деган ёндашув асосида режалаштирилмоқда. Айни мақсаддан келиб чиқиб, урбанизация ва уй-жой сиёсати Ўзбекистонда стратегик трансформацияга айланди. Бу борадаги мақсадли ва самарали сиёсат давлат учун узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминлайди. Иқтисодий ўсишни барқарорлаштиради ва аҳоли ҳаёти сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Урбанизация бугун фақат шаҳарларнинг географик ҳажми ёки аҳоли сонининг кўпайиши эмас, балки инфратузилма, транспорт, ижтимоий хизматлар, экология ва замонавий шаҳар муҳитини комплекс ривожлантириш жараёнидир. Иқтисодий жиҳатдан урбанизация катта концентрация эффектини яратади. Шаҳардаги меҳнат бозори кенгайиб, саноат, хизмат кўрсатиш, логистика, молия, рақамли ва креатив секторлар тез ривожланади. Аҳоли ва бизнеснинг юқори зичлиги харажатларни камайтиради, билим ва технологиялар алмашинувини тезлаштиради. Меҳнат унумдорлигини оширади ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиради. Давлат учун бу инвестициявий жозибадорликни мустаҳкамлаш, солиқ базасини кенгайтириш ва халқаро рақобатбардошликни ошириш имконидир.
Дунё тажрибаси урбанизация самараси узоқ муддатли стратегия ва кучли бошқарув институтларисиз амалга ошмаслигини кўрсатади. Масалан, Сингапур бир неча ўн йилда аҳолиси кўп ва ресурслари чекланган шаҳардан дунёдаги энг қулай, рақобатбардош мегаполисга айланди. Бу пухта шаҳарсозлик режаси, жамоат транспорти ва уй-жой сиёсати орқали амалга оширилди. Сеул эса инфратузилма ва рақамлаштиришга йўналтирилган катта инвестициялар орқали иқтисодий ва технологик марказга айланди.
Ўзбекистон ҳам ана шундай стратегик йўлни босиб ўтмоқда. Бироқ ўн йиллар олдин мамлакатимизда урбанизация соҳасида кўплаб тизимли муаммолар мавжуд эди. Шаҳарлар узоқ муддатли турғунлик ҳолатида, ҳудудларни ривожлантириш бўйича ягона стратегия йўқ эди. Кўпгина шаҳарларнинг бош режаси аҳоли ўсиш суръатига мос келмасди. Транспорт, коммунал хўжалик ва муҳандислик инфратузилмаси урбанизация талабига жавоб бермас, йўллар тор, жамоат транспортида тирбандлик юқори ва коммуникациялар эскирган эди. Экология, ободонлаштириш ва яшил ҳудудларга етарли эътибор қаратилмаган, уй-жой қурилиши эса кўпинча ижтимоий инфратузилмасиз амалга ошириларди.
2017 йилдан бошлаб давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация давлат сиёсатида устувор аҳамият касб эта бошлади. Шаҳарларни ривожлантиришга тизимли ва стратегик ёндашув жорий этилди. Урбанизация ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида асосий йўналиш сифатида белгиланди. Катта сармоялар йўл тармоқлари, жамоат транспорти, муҳандислик ва коммунал хўжалик, коммуникациялар, сув ва иссиқлик таъминоти, электр тармоқларини модернизация қилишга йўналтирилди.
Энг асосийси, шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасида транспорт алоқалари яхшиланиб, аҳоли мобиллиги сезиларли даражада ошди. Шаҳар муҳитини инсон учун қулайлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги боғлар, хиёбонлар, пиёдалар йўлаклари ва умумий жамоат жойлари барпо этилмоқда.
Институционал ривожланишда муҳим қадам ўтган йили ноябрда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилиши бўлди. Президентимиз фармони билан қўмита урбанизация жараёни, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини юритиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи деб белгиланди.
Қўмита қарорларнинг барча босқичини мувофиқлаштириш, дастурларни ривожлантириш ва назорат қилиш имконига эга. Миллий қўмита тузилгандан сўнг “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши ҳамда Тошкент, Нукус ва вилоятлардаги йирик шаҳарлар ягона бошқарув тизимига ўтди. Бу тарқоқ ёндашувдан комплекс ва шаҳар ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу тариқа урбанизация Ўзбекистонда узлуксиз, стратегик жиҳатдан режалаштирилган ривожланиш инструментига айланди. Бу сиёсат иқтисодий ўсиш, инвестициявий жозибадорлик ва аҳоли ҳаёти сифатига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда давлат учун узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминлайди. Мурожаатномада бу соҳага алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, урбанизация жараёнини жадаллаштириш, агломерациялар барпо этиш, шаҳарларни яшаш учун қулайлаштириш ва аҳолининг кенг қатламлари учун муносиб ҳамда ҳамёнбоп уй-жойга эҳтиёжни қондириш бугунги кунда фақат қурилиш соҳасининг эмас, балки ижтимоий адолат, иқтисодий барқарорлик ва келажак авлодлар манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ стратегик вазифадир.
Давлатимиз раҳбари ушбу соҳага тўхталар экан, “Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотларни бошлаймиз. Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонларни белгилаймиз ва шу орқали экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади”, дея таъкидлади.
Шундай экан, урбанизация, энг аввало, инсонлар ҳаёти сифати учун қилинадиган танловдир. Бу жараёнда йўл қўйилган ҳар қандай хато қимматга тушади. Чунки унумдор ерлар йўқолиши, инфратузилмага ортиқча юк тушиши ва аҳолининг ишончи сусайиши мумкин. Шу боис, бугун шаҳарлар ривожи тасодифий эмас, балки пухта ўйланган сиёсат, узоқ муддатли режалаштириш ва профессионал ёндашув асосида амалга оширилиши ниҳоятда муҳим.
Президентимизга жорий йил 3 февраль куни урбанизация ва уй-жой қурилишида янгича ёндашувларни жорий этиш юзасидан бўлиб ўтган тақдимотда сўнгги 8 йилда мамлакатимизда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилгани, уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг фуқарога 103 триллион сўм кам фоизли ипотека кредити ва субсидиялар ажратилгани маълум қилинди.
Қайд этилганидек, қурилиш ишлари кўлами кенгайгани қурилиш материаллари саноати ривожига катта туртки бериб, кўплаб ҳудудларнинг драйверига айланди. Урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.
Тақдимотда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, аҳоли пунктларининг тартибсиз кенгайиб бориши айрим ҳудудларда келгусида экин ерларининг танқислигига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан эскирган уй-жой фондини янгилаш, уй-жой қурилишида реновация улушини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Урбанизация ва уй-жой қурилиши жараёнини тўғри ҳамда самарали режалаштириш учун рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш муҳим. Айни мақсадда бош ва мастер режаларнинг ягона маълумотлар базаси, қурилишга тайёр ер майдонлари базаси, кўп квартирали уйларнинг ягона геоахборот базаси, эскроу тизими, қурувчилар рейтинги ва бошқаларни қамраб олган “Уй-жой” ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида аҳолининг уй-жойга талаблари ҳисобга олинган ҳолда қурилиш ҳажми ортади. Қурилаётган уй-жойлар эса барча зарур инфратузилмага эга бўлади. Урбанизация жараёни аниқ белгиланган дастурлар асосида ташкил этилади.
Лутфулла СУВОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири