Ўзбекистонда темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакат иқтисодиёти, логистика салоҳияти ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири Самарқанд – Ургут янги темир йўл йўналишидир. Мазкур темир йўл нафақат инфратузилмада, балки Ургут ва бутун Самарқанд вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга.

2025 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддан Ургутга янги темир йўл орқали биринчи сафарни амалга оширди. Давлат раҳбари лойиҳа билан бевосита танишиб, қурилиш ишларининг сифатини, вокзал инфратузилмаси ва йўловчиларга яратилаётган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Президент Ургут “эркин иқтисодий зонаси”нинг логистика эҳтиёжлари, тадбиркорлар ва аҳоли учун янги имкониятлар пайдо бўлаётганини алоҳида қайд этиб, йўлнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, туристлар учун қулайликларни ошириш, вокзал атрофидаги хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, 27 ноябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ташаббуси билан маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур доирасида журналистлар:

• янгитдан қурилган Самарқанд – Ургут темир йўлининг барча техникавий объектлари,

• “Жартепа” ва “Ургут” вокзаллари,

• юк ортиш-тушириш майдонлари,

• кесишмалардаги хавфсизлик тизимлари,

• электр ва алоқа инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар.

Тадбир давомида мутахассислар журналистларга қурилиш жараёни, техник параметрлар, келгуси режалар ва йўналишнинг иқтисодий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот олдилар. Пресс-тур иштирокчилари янги йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган йўловчи поездида сафар қилиб, яратилган қулайликларни ўз кўзлари билан кўрдилар.

Ургут 600 мингга яқин аҳоли яшайдиган, вилоятнинг йирик иқтисодий марказларидан бири. Мазкур ҳудудни Самарқанд ва бошқа шаҳарлар билан янада самарали боғлаш мақсадида 55,4 километрлик янги темир йўл қурилди.

Лойиҳа доирасида:

• 2 та вокзал (Жартепа ва Ургут),

• 2 та кўприк,

• 110 та сунъий иншоот,

• 3 та қўриқланадиган ва 10 та қўриқланмайдиган кесишма,

• 58,3 км рельс ётқизиш,

• 58,3 км оптик толали алоқа линияси,

• 1,8 млн куб метр тупроқ иши амалга оширилди.

Мутахассислар ҳам ушбу пресс-турга жалб этилиб, улардан ОАВ ходимлари батафсил маълумотлар олишди. 

Ургутга янги темир йўлнинг кириб келиши туман иқтисодиёти, аҳоли қатнови ва тадбиркорлик салохиятида янги босқични бошлади. Мазкур лойиҳа аҳоли интизорлик билан кутган ва тадбиркорларнинг эса орзуси эди. Ушбу янги йўналиш фаолияти, унинг иқтисодий аҳамияти ва келгуси режалар ҳақида Ургут тумани ҳокими ОАВ ходимларига ўз фикрларини билдирди. 

– Фуқароларимиз билан учрашувлардаги мулоҳазалар шундан далолат берадики, юртимизнинг айрим туманларида қатновларнинг вақтинча тўхташи аҳолига маълум ноқулайликлар келтирган. Лекин Ургут – Самарқанд темир йўлида бундай ҳолат бўлмайди. Чунки бу йўналишга талаб катта, аҳоли ва хусусий сектор учун энг зарур транспорт турига айланди. Келгусида ҳам йўловчилар оқими ортиб боради, деб ишонамиз. Темир йўл ишга тушиши биланоқ унинг натижаси кўрина бошлади. Масалан, саноат соҳасидаги тадбиркорларимиз Жартепа вокзали ҳудудида биринчи юкларни қабул қилишни бошладилар. Айниқса, кўмирни қулай ва арзон етказиб бериш жараёни йўлга қўйилди. Бу темир йўлининг иқтисодий самараси дарҳол сезилганининг ёрқин мисоли.

Бундан ташқари, Жартепа атрофида саноат учун махсус ер майдонлари ажратилган. Бу ерда юк тушириш, сақлаш ва қайта ишлаш учун замонавий инфратузилма яратилмоқда. Ургут тумани 116 та маҳалла, 140 та қишлоқ ва 600 мингга яқин аҳолини ўз ичига олади.

Шу билан бирга, мамлакатимиз раҳбари ташаббуслари билан Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали очилди. Бугун бу ерда нафақат Ургутдан, балки қўшни туманлар ва бошқа вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар кўп. Шу сабаб темир йўл нафақат иқтисод учун, балки талабалар ва ўқитувчилар учун ҳам жуда муҳим. Шунинг учун айтаманки, янги темир йўл нафақат қатновни, балки аҳолининг ҳаётини ҳам анча қулайлаштиради. Ишонаманки, у доимий равишда ишлайди, халқимиз ва тадбиркорларимиз манфаатларига хизмат қилади. 

Илгари тадбиркорларимиз хом ашё ва маҳсулотларни автомобилларда бир неча марта ташишга мажбур эди. Бу эса қимматга тушар, таннархни оширар, юк айланмасини секинлаштирарди. Энди эса саноат юклари темир йўл орқали келиши, катта иқтисодий ютуқ.

Ташиш арзонлашади, вақт тежалади, таннарх камаяди. Натижада корхоналар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу эса янгидан-янги иш ўринларини яратади, туман иқтисодиётида фаолликни кучайтиради.

Темир йўлнинг кириб келиши фақат Ургут учун эмас, балки Тайлоқ, Нуробод, Самарқанд тумани каби қўшни ҳудудлар учун ҳам иш ўринлари ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиради. Меҳнат ресурслари ортиб, янги ишчи кучларига талаб пайдо бўлади. 

Яна бир бор таъкидлайман: бу темир йўл халқимиз учун, тадбиркорларимиз учун, юртимиз иқтисодиёти учун жуда катта лойиҳа. У инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, тумандаги саноат ва иқтисодий ҳаётни кўтариш мақсадида амалга оширилди. Янги қатнов Ургутни янада ривожланишига, янги имкониятлар очилишига хизмат қилади деди, Ургут тумани ҳоким Дилмурод Саидкулов.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради. 

– Тўлиқ электр ва алоқа инфратузилмаси қайта янгидан қурилди, мавжуд 10/35/110 кВ линиялар тўлиқ кўчириб ўтказилди. Зарафшон дарёси бўйлаб ўтувчи ҳимоя дамбаси қурилиши ҳам муваффақиятли якунланди. “Жартепа” станциясида юк ташиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 833 метрлик қўшимча темир йўл шохобчаси барпо этилди. Мазкур янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.

Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади деди, Темирйўлинфратузилма АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, Авазбек Ахмедов. 

Поездаги маҳаллий йўловчилар ҳам янги қатновдан мамнун: “Билет нархи 20 минг сўм. Поезд иссиқ, қулай, болалар билан ҳам бемалол йўлга чиқса бўлади. Таксидан тезроқ етиб келдик. Мен қизимнинг уйига набирам билан келдим – жуда ҳам яратилган қулайликлардан хурсандман ва бунинг учун аввала юртбошимизга ўз миннатдорчилимни билдираман”, — деди маҳаллий фуқаро. 

Самарқанд – Ургут янги темир йўли бу шунчаки 55 километр ўлчовдаги инфратузилма эмас. Бу минглаб одамларнинг ҳаётига таъсир этадиган катта ижтимоий–иқтисодий ўзгаришлар, ҳудуднинг янги имкониятлари, тадбиркорлик ва логистикадаги янги босқичдир. Давлат сиёсати доирасида бошланган ва мутахассислар меҳнати билан амалга оширилган ушбу йирик лойиҳа Ургутни мамлакатнинг энг муҳим транспорт нуқталаридан бирига айлантирмоқда. Келгусида йўлнинг тўлиқ электрлаштирилиши ва хизматлар соҳасининг ривожланиши унинг аҳамиятини янада оширади.

Зулхумор Акбарова