Чунки хасталик белгиларини эмас, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш муҳим. Бунинг учун эса илмий-амалий ёндашувлар жуда зарур! Мамлакатимизда 18 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, уларнинг ҳудудларда 174 та филиали ҳамда туманларда 310 та бўлими ташкил қилинишига худди шу омил асос бўлди. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази — шулардан бири. Ҳозир бу муассаса замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминланган. Юқори малакали мутахассисларга эга. Салоҳияти жиҳатидан Марказий Осиёда етакчи ўринда туради. Шу боис бу ерга мурожаат қилаётганлар орасида қўшни давлатлар ҳамда узоқ хориж мамлакатлари фуқаролари ҳам бор.
Умуман, ўтган йили марказга консультатив ёрдам учун мурожат қилганлар сони 51169 нафарни ташкил этди. Улардан 21400 нафари даво муолажаларини олди. 7818 нафар беморда жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Операцияларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологик усулда бажарилди.
—Муассасамизда буйрак ва пешоб йўллари тошларини диагностика қилиш ва даволашнинг энг илғор усуллари жорий қилинган, — дейди Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Шуҳрат Мухтаров. — Булар оддий операциялардан тортиб, барча турдаги эндоурологик амалиётлар, ретроперитонеоскопик ва лапароскопик муолажалар ҳамда пешоб йўлидаги тошларни масофадан туриб майдалаш технологияларигача қамраб олади.
Қолаверса, бу ерда урологик хасталикларни даволашда кам шикаст етказадиган амалиётлардан фойдаланиш чоралари кўриляпти. Натижада тош касалликларида очиқ турдаги жарроҳлик операциялари ҳажми 2,5 фоизга етказилди. Бу дунёнинг етакчи клиникаларидаги кўрсаткичлар даражасига тенг.
Бугун пойтахтимизда ўтказилаётган Ўзбекистон урологларининг 2-пленумида шу ютуқлар ҳам тилга олинди. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон урологлар илмий жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда Германия, Туркия, Россия ва Марказий Осиё давлатларининг етакчи клиникаларидан ташриф буюрган олимлар иштирок этмоқда. Улар соҳага доир билим ва тажрибалари билан ўртоқлашяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.