Учрашув доирасида томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Шунингдек, учрашувда USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
Вазир Жамшид Ходжаев биринчи навбатда Пол Политис ҳамда Микаэла Мередитни Ўзбекистондаги янги тайинлов билан қутлади ва уларга муваффақият тилади.
«Биз АҚШ ҳукуматининг қишлоқ хўжалигига техник ёрдам кўрсатиш, агро - озиқ - овқат тизимларининг ишлаб чиқариш ва сотиш занжирлари салоҳиятини ривожлантириш борасидаги кўмагини жуда қадрлаймиз, — деди вазир. — Қишлоқ хўжалигида давлат бошқарувининг замонавий тизимини ва қулай агробизнес муҳитини яратишга интилиш кетяпти. Вазирлик Ўзбекистонда агро - озиқ - овқат соҳасини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ асосий ислоҳотларни фаол амалга оширишни бошлаб юборган. Шу нуқтаи назардан, USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш бўйича 18,9 миллион долларга баҳоланган янги лойиҳаси (АДА) биргаликдаги ташаббусларимизни кучайтириш ҳамда аввалги «Қишлоқ хўжалигидаги қўшилган қиймат занжири» лойиҳаси ютуқларини кенгайтириш учун қулай имкониятга айланади.
Тадбир давомида USAID Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Ушбу маблағлар қишлоқ аёлларининг ахборот технологиялари борасидаги ва тадбиркорлик кўникмаларини такомиллаштириш, уларга тижорат корхоналарини очиш ва маҳаллий корхоналарга расмий ишга жойлашишларига кўмаклашиш учун тасарруф этилади, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
«Ўн йилдан зиёд вақт мобайнида USAID Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектори билан юқори қийматли товарларни яратиш мақсадида қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш бўйича ҳамкорлик қилиб келади, — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. — Ушбу келишув мамлакатда олиб борилаётган ҳамкорликдаги фаолиятимизни янада мустаҳкамлайди ва ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига чакана савдода, маҳаллий ҳамда халқаро бозорларга чиқишда рақобатбардошликни оширишга ёрдам беради».
2020 йилнинг июль ойида ўз фаолиятини бошлаган USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури — мақсадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча қиймат қўшишнинг янги технологиялари ва бошқарув амалиётини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусий сектор улушининг ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган беш йиллик лойиҳадир. Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аёллар ва ёшларни соҳага жалб қилиш, таълим муассасаларини хусусий сектор эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ва қишлоқ хўжалиги учун қулай сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида шунингдек, Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ушбу жамғарма Ўзбекистон бўйлаб хусусий агробизнес корхоналарининг инновацион ғояларини молиялаштиради.