Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев АҚШ элчихонасининг муваққат ишончли вакили Пол Политис ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг мамлакатимиздаги миссияси директори Микаэла Мередит билан учрашиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Вазир Жамшид Ходжаев биринчи навбатда, Пол Политис ҳамда Микаэла Мередитни Ўзбекистондаги янги тайинлов билан қутлади ва уларга муваффақият тилади.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув доирасида томонлар яқинда ўз фаолиятини бошлаган USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
— Биз АҚШ ҳукуматининг қишлоқ хўжалигига техник ёрдам кўрсатиш, агро-озиқ-овқат тизимларининг ишлаб чиқариш ва сотиш занжирлари салоҳиятини ривожлантириш борасидаги кўмагини жуда қадрлаймиз, — деди Жамшид Ходжаев. — Биз қишлоқ хўжалигида давлат бошқарувининг замонавий тизимини ва қулай агробизнес муҳитини яратишга интилмоқдамиз ва ҳозирги пайтда биз Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида тарихий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқдамиз. Вазирлик Ўзбекистонда агро-озиқ-овқат соҳасини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ асосий ислоҳотларни фаол амалга оширишни бошлаб юборган. Шу нуқтаи назардан, USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш бўйича 18,9 миллион АҚШ долларига баҳоланган янги лойиҳаси (АДА) биргаликдаги ташаббусларимизни кучайтириш ҳамда аввалги “Қишлоқ хўжалигидаги қўшилган қиймат занжири” лойиҳаси ютуқларини кенгайтириш учун қулай имкониятга айланади. Мен ушбу янги лойиҳани амалга ошириш доирасида бугун имзоланган Меморандумни кўтаринки руҳда маъқуллайман ва барчангизга, айниқса, лойиҳа жамоасига муваффақиятлар ҳамда барқарор натижалар тилаб қоламан!”
Тадбир давомида USAID Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 миллион АҚШ доллари ажратишини маълум қилди. Ушбу маблағлар қишлоқ аёлларининг ахборот технологиялари борасидаги ва тадбиркорлик кўникмаларини такомиллаштириш, уларга тижорат корхоналарини очиш ва маҳаллий корхоналарга расмий ишга жойлашишларига кўмаклашиш учун тасарруф этилади.
Маълумот учун, 2020 йилнинг июль ойида ўз фаолиятини бошлаган USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури — мақсадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча қиймат қўшишнинг янги технологиялари ва бошқарув амалиётини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусий сектор улушининг ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган беш йиллик лойиҳадир. Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аёллар ва ёшларни соҳага жалб қилиш, таълим муассасаларини хусусий сектор эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ва қишлоқ хўжалиги учун қулай сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида шунингдек, Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ушбу жамғарма Ўзбекистон бўйлаб хусусий агробизнес корхоналарининг инновацион ғояларини молиялаштиради.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан, COVID-19 ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади.