Ҳаво ҳарорати кундуз куни 10-15 даража илиқни, энг жанубда 17-20 даража илиққача, республиканинг шимолида 5-10 даража илиқни ташкил этади.

Эртага Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида асосан куннинг биринчи ярмида ёғингарчилик бўлади. Ҳарорат фони ўзгармайди.
Ҳафтанинг ўртасида Қозоғистон ҳудудларидан яна нам ҳаво массалари ўтади ва у Ўзбекистоннинг шимолий қисмига киради.

Чоршанба куни Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида, пайшанба куни Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Термометр устуни кундуз кунлари 15-17 даража илиққача, жанубда 20 даража илиққача кўтарилади.

Жума куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ҳаво ҳарорати февраль ойига қараганда март ойининг охири ва апрель ойининг бошига кўпроқ хосдир. Кундуз куни ҳаво 17-20 даража илиққача, жанубда ва чўл ҳудудларида 22 даража илиққача исийди.
Ҳафта давомида республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради, деб хабар беради Ўзбекистон гидрометеорология маркази.