Тадбирда Наманган вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари, Наманган адаби муҳити вакиллари, кўплаб зиёлилар иштирок этди.

Ёзувчилар уюшмаси раис ўринбосари Ғайрат Мажид йиғилганларга шоирнинг жияни Нодира Рашидова, академик Наим Каримов ва Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг эҳтиромини етказиб, Усмон Носир таваллуди бутун Республикада жуда кенг миқёсда нишонланаётгани, катта тадбирга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Сўз якунида шоир хотирасига бағишланган шеъри билан қалбларни тўлқинлантирди.  

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг Усмон Носир тақдири тўғрисидаги таъсирли ҳикоялари барчани изтиробга солди. Тадбирда, шунингдек, адабиётшунос олимлар Қозоқбой Йўлдошев,  Нурбой Жабборов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвуддин Мансур сўзга чиқиб, қимматли маълумотларни ҳавола қилди. 

Шоир туғилган хонадонда ташкил этилган музейнинг очилиш маросимида шоир ва унинг яқинлари руҳига Қуръон тиловат қилинди. Музей қимматли манбалар, қўлёзмалар, суратлар, ҳужжатлар билан аниқ изчилликда бойитилган.