Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими жамоаси отахон журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳаммаджон Отақуловни йўқлаб борди.

Нурафшон шаҳрида истиқомат қилаётган Муҳаммаджон ота узоқ йиллар Тошкент вилояти матбуотида ҳалол меҳнат қилган. 18 ёшида "Машъал" газетаси таҳририятида журналистик фаолиятини бошлаган бўлажак муҳаррир чуқур таҳлилий-танқидий мақолалари билан эрта донг таратди. Унинг мақолалари доим марказий матбуот эътиборида бўлди.

Муҳаммаджон Отақулов ҳозирги "Юқори Чирчиқ ҳаёти" газетаси бош муҳаррири бўлган йиллари нашр ҳаётида янги саҳифа очилди. Газетадаги мақолалар географик ва мазмун жиҳатидан янги мундарижа касб этди.

Устоз журналистнинг фидойи меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, у "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" фахрий унвони билан мукофотланган.

Уюшманинг вилоят бўлими раиси Раҳматилла Шералев Муҳммаджон отани йўқлар экан, уста муҳаррирга ҳаёти ва кўп йиллик ижодий фаолияти билан ҳамиша ёш авлодга ибрат бўлиб келаётганини эътироф этиб, миннатдорлик билдирди. Муҳаммаджон Отақуловга янгиланган аъзолик гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.

Йўқлов мобайнида Тошкент вилоятида фахрий журналистлар ўртасида шахмат мусобақасини ўтказиш ва фахрийларнинг Самарқанд шаҳрига зиёратини ташкил этиш таклифи илгари сурилиб, фаол қўллаб-қувватланди.

Уюшманинг Тошкент вилояти бўлими томонидан фахрий журналистларни йўқлаш давом этмоқда.

Отабек ИСРОИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими ходими.