Устюрт платоси Орол ва Каспий денгизлари орасида жойлашган бўлиб, Марказий Осиёнинг ғарбий қисмидаги ўзига хос ўсимликлар қопламига эга бўлган ботаник-географик ҳудуд ҳисобланади. Унинг умумий майдони 20 миллион гектарни ташкил этади. Устюрт платоси ҳудудининг тахминан 35 фоиз (7 миллион гектар) Ўзбекистон Республикаси (Қорақалпоғистон Устюрти) ҳудудида жойлашган. Устюрт платоси икки хил табиий зоналар — шимолий ва жанубий чўлларнинг туташган қисмида жойлашган бўлиб, ўзига хос табиий шароитлар, ландшафтлар, ўсимликлар қоплами билан характерланади. Ҳудудда тарқалган ўсимликлар жамоаси Шимолий Устюрт ва Жанубий Устюрт ўсимликлари қопламига бўлиб ўрганилади.

Ўз ФA Ботаника институти Геоботаника лабораторияси ходимларининг Устюрт платосига навбатдаги илмий экспедицияси 2020-2024-йилларда “Қорақалпоғистон Республикасининг ўсимлик қоплами ва яйлов ресурсларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш” дастури бўйича дала тадқиқотларини ўтказиш мақсадида ташкил этилди. Экспедиция Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг Қўнғирот бўлими ва Қорақалпоғистон давлат университети ҳамда Нукус давлат педагогика институти ходимлари иштирокида амалга оширилди.

 Илмий экспедиция давомида Қорақалпоғистон Устюртининг шимолий қисми ва Шарқий чинкдаги яйловларнинг ҳолати қуйидаги географик пунктларда ўрганилди: Караумбет, Урга, Aджибай, Aкбулак, Улкентумсук, Кабанбай, Каракудук, Корганшакала, Кассарма, Джедибулак, Дуана, Рисбай, Чурук, Белеули, Косбулак, Картпайкум, Барсакелмес. Шу билан бирга яйлов хиллари кадастрини ишлаб чиқиш учун тегишли маълумотлар олинди, яйлов хилларининг мавсумий ҳосилдорлиги аниқланди. Шарқий чинкнинг йирик масштабли яйлов харитасини тузиш учун корректировка маълумотлари йиғилди, ҳудуддаги Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган турларнинг ҳозирги ҳолати ўрганилди.