Европа Иттифоқининг “Promhouse” лойиҳаси доирасида Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида профессионал бошқарув сервис компаниялари вакиллари, коммунал соҳада кадрларни тайёрловчи мутахассислар ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар масъуллари учун халқаро анжуман ўз ишини бошлади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистонда уй-жой фонди бошқарувини такомиллаштиришни назарда тутган булиб, кўчмас мулк менежерларини тайёрлашда профессионал таълимни жорий этишни мақсад қилган.
Тадбирлар аввалида Ўзбекистон ва Қозоғистон уй-жой секторлари уюшмалари ўртасида давра суҳбати ўтказилди. Унда кўп қаватли уйлар бошқаруви тизимини ривожлантириш, бунда касб-ҳунар таълимини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ўқув даргоҳларига ўқитувчиларни тайёрлашда тренинглар ҳамда дуал таълимни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур давра суҳбати кўп қаватли уйларни сақлаш ва бошқаришнинг замонавий моделлари, ечимини кутаётган масалалар, соҳадаги янги тенденциялар ва уларнинг аҳамияти мавзуларига бағишланди. Шунингдек, икки мамлакатнинг уй-жой фондини профессионал бошқаришдаги тажрибаси, ўзига хосликлари муҳокама қилинди.
— Кўп қаватли уйларга самарали фаолият кўрсатишнинг асоси таълим тизимини ривожлантиришдир, — дея таъкидлади Қозоғистон Уй-жой ислоҳоти қўмитаси раҳбари Аркадий Рубцов. — 10 йиллик тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, кадрларни мутахассислик бўйича ўқитмасдан туриб, катта натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидламоқчиман. Шунингдек, умумфойдаланиш объектларини сақлашда аҳоли даҳлдорлигини ошириш, бу бўйича тизимли ишларни олиб бориш зарур.
Ўзбекистон профессионал бошқарув ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори Раҳима Ортиқова ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда кўп қаватли уйларни бошқаришни мувофиқлаштирувчи қонун ҳужжатлари, соҳадаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берди.
Учрашувнинг мунозара қисмида томонлар соҳага доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, шунингдек, мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш масалаларини муҳокама қилдилар. Унда бошқарув ташкилотларининг аҳоли олдида нафақат моддий, балки фаолият доирасидаги ҳисобдорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, housemaster (уй устаси)нинг уй-жой фондини бошқариш соҳасидаги ўрни, соҳани такомиллаштиришдаги янги хорижий тажрибалар таҳлил қилинди. Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Қозоғистон бошқарувчи ташкилотари уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.