Чунки узоқ муддат ишлатиладиган товарларга бўлган талаб истеъмолчилар кайфиятини жуда яхши акс эттиради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўчмас мулк ва автомобиль бозорларида талабнинг ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Жорий йил январь ойида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш аста-секин тикланаётганидан далолат бермоқда.
Кўчмас мулк бозори
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар республикамиз кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоиз ошиб борган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40–45 фоизини ташкил этган.
2021 йил январь ойида республика бўйича расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 2020 йил январь ойига нисбатан 17,9 фоиз ошди. Кўчмас мулк бозорининг 30 фоизидан ортиғини эгаллаган Тошкент шаҳрида эса ушбу кўрсаткич 26,9 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш кўрсаткичи Бухоро, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида кузатилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони эса 2020 йил январь ойига нисбатан камайди.
Марказ томонидан ҳар ойда истеъмолчилар кайфиятини акс эттирувчи сўров ўтказиб борилади. Жорий йил январь ойи учун ушбу сўров натижалари ва кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгариши таҳлили натижалари шуни кўрсатдики, аҳолининг узоқ муддатли товарларни сотиб олиш бўйича ижобий кутилмалари улушининг 1 фоиз ошиши кўчмас мулк олди-сотдилари сонининг 1,5 фоиз ўсишига олиб келади.
Автомобиль бозори
Одатда, республикадаги бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирлари жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоиз (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоиз), апрель ойида эса 73,8 фоиз (63,1 фоиз) камайган эди.
Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобиллар савдоси 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда 14,8 фоиз (ўтган ойга нисбатан 15,7 фоиз) кўпайди. Август ойида ушбу кўрсаткич 3,8 фоизни (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоизни) ташкил этди.
Автомобиль бозорида талаб сентябрь-октябрь ойларида ҳам ўсишда давом этди. Савдо ҳажми 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда сентябрь ойида 29,5 фоиз, октябрь ойида 19,2 фоиз, ноябрь ойида 9 фоиз ва декабрь ойида 10 фоиз ўсди.
2021 йил январь ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби 2020 йил январь ойига нисбатан 5,3 фоиз ошди. Автомобиль бозорида савдо динамикаси мавсумий характерга эга. Бу эса кўпгина омиллар билан изоҳланади (масалан, автомобиллар таклифининг камайиши, пул жўнатмаларининг камайиши). Одатда, ҳар йили январь ойида автомобиллар олди-сотдиси ўтган йил декабрь ойига нисбатан 16-19 фоиз камаяди.
Январь ойида автотранспорт воситалари савдоси ўсиш кўрсаткичи 5-6 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич бошқа ойларга қараганда ўртача ҳисобда паст ҳисобланади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръати Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди.
Таҳлил натижаларига кўра, ҳудудлар аҳолисининг 1 фоиз ўсиши автомобиллар олди-сотдисининг 1,1 фоиз ошишига олиб келмоқда.
Халилуллоҳ ҲАМИДОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
бош илмий ходими