Аҳолининг катта қисми илгариги кузатувчилик мақомидан бугунги жадал тарихий янгиланишлар жараёни иштирокчиси, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий, ахборий, инновацион-технологик соҳаларнинг фаоли бўлишга интилмоқда.

Бу табиий ҳол, албатта. Доно халқимизнинг “Минг марта гап уқтиргандан кўра бир марта амалда кўрсат” ҳикмати амалда намоён бўлаётир. Янгиланиш ҳамда ўзгаришларга томон қўйилган улкан қадамлар ва уларнинг яққол самараси фуқароларда ҳам акс садо бермоқда. Илгариги боқимандалик, шарт-шароитлар яратилиши ҳамда яхшиланишини кутиш, кузатувчилик ва шунга ўхшаш салбий иллатлар ўрнига юртимизда кечаётган ҳар бир жараёнга дахлдорлик ҳисси шакллангани, ўзининг шу юрт келажаги учун масъуллигини англаш даражаси бирмунча ўсганини қайд этиш лозим.

Президентимизнинг шу йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича саккиз йил олдин бошланган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли жамиятимизнинг ижтимоий¬-сиёсий манзараси бутунлай ўзгариб бормоқда.

Дастлабки босқичда халқ билан мулоқотдан бошланиб, янгича ижтимоий ҳимоя тизими барпо этилишигача бўлган сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда давлатнинг асл функция ва вазифаларини амалда татбиқ этишга киришилди. Норматив-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган ушбу йўналишдаги фаолиятни амалга ошириш учун бугунги кунда давлатнинг катта ресурслари йўналтирилгани ва бу борадаги улкан саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, аҳолида мамнунлик ҳамда розилик кайфияти шаклланишига, бу эса пировард натижада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлашувига олиб келяпти.

Дунёнинг кўплаб нуқталарида савдо урушлари ва ўзаро низолар, жангу жадаллар рўй бераётган ҳозирги пайтда, афсуски, ўша воқеалар кечаётган беқарор мамлакатларда ўзига хос ижтимоий-маънавий муҳит шаклланганини ҳам таъкидлаш лозим. Бундай мураккаб шароитда уларнинг аксарида фуқаролар онги, тафаккури ва шуурида ўч олиш, фақат ўзини ҳақ деб билиш, мулоқотдан, муросаю мадорадан қочиш каби салбий иллатлар устувордек, назаримизда.

Шу сабабли бугунги кунда юртимиздаги бунёдкорлик руҳига таянган улкан ўзгариш ва янгиланишлар қадрига етган ҳолда бунинг натижасида жамиятимизда шаклланган ўзига хос барқарор, ижобий, янгиланган ижтимоий-маънавий муҳитни ҳис этишимиз лозим. Нафақат ҳис этиш, балки уни асраб-авайлаш, давомийлиги ҳамда такомиллашувига эришиш, унга ҳисса қўшиш ва самарасидан баҳраманд бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси бўлиши шарт.

Албатта, кейинги йилларда шаклланган янгича ижтимоий-маънавий муҳит ўз-ўзидан юзага келиб қолгани йўқ. Аввало, мазкур масалага қараш ва ёндашувлар тамомила ўзгаргани, давлат идораларининг энг қуйи поғонагача тушиб, мавжуд вазиятнинг чуқур таҳлили асносида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, давлат бюджетининг 60 фоиздан ортиқ қисми бевосита ижтимоий масалаларга, бу борада истиқболли дея эътироф этилган лойиҳаларга йўналтирилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Тинч мамлакатда, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитда фуқароларнинг ўз салоҳиятини тўлақонли реализация қилиш, имкониятларини юзага чиқаришга хоҳиш ва интилиши ҳам бирмунча ўсди. Айниқса, аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшларда ҳаётга, кечаётган жараёнларга қараш, уларни қабул қилиш ва муносабат билдириш, мазкур жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлиш даражаси анча юксалди.

Жорий йил 30 июнда Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида юртимиздаги янгиланишлар жараёнида ёшларимиз алоҳида фаоллик кўрсатганини таъкидлаб, бу ўғил-қизларимизнинг ватанимиз тақдири ва келажагига юксак дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани, сиёсий-ижтимоий жараёнларга янгича руҳ ва мазмун олиб кираётганидан далолат беришини мамнуният билан қайд этди.

Айни пайтда бундай фаол муносабат бутун халқимиз қатори ёшларимиз билан ҳам доимий мулоқотни йўлга қўйиб, фикр ва истакларини эшитаётганимиз, барча дастур ва режаларимизни амалга оширишда ўғил-қизларимизни кенг жалб этиб, уларга ишонч билдираётганимиз натижаси, десак тўғри бўлади, деган эди давлатимиз раҳбари.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган ушбу учрашувда ёшларнинг ўз фикр ва қарашлари, таклиф ва ташаббусларини дадил баён этишидан кўриш мумкинки, мамлакатимизда янгича қарашга эга, замон руҳиятини теран англаган ва юксак маънавий-маърифий, ахлоқий қадриятларга таянувчи ижтимоий қатлам шаклланмоқда. Мазкур ижтимоий қатлам — ёшларнинг фикрлаши, хатти-ҳаракатлари ва орзу-истакларидан келгусида улар жамиятимиздаги ижтимоий муносабатларнинг етакчи кучига айланишини, бошқа ижтимоий қатламлар билан бўладиган алоқаларга таъсир кўрсата олишини ва ўз навбатида, ижтимоий-маънавий муҳит янгиланиши, такомиллашувига туртки беришини кутиш мумкин.

Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган айни паллада жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит қай ҳолатда экани, хусусан, ёшларнинг кайфияти, маънавий-руҳий баркамоллиги, марра ва мўлжални қандай олаётгани муҳим аҳамият касб этади. Буни ўрганиш, таҳлил этиш ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш борасида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида ўзига хос тажриба шаклланган. Институтимиз фаолиятини қуйидаги уч йўналишда амалга оширяпти.

Биринчидан, ижтимоий-маънавий муҳит, унинг илмий-методологик ва назарий-амалий жиҳатлари юзасидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари, турли лойиҳа ва давлат грантлари доирасида бажарилаётган ишлар, шунингдек, республика миқёсида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган илмий-амалий конференция ҳамда анжуманларни кўрсатиб ўтиш ўринли бўлади.

Иккинчидан, институтимиз томонидан ижтимоий-маънавий янгиланишлар жараёнининг бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолати ҳамда мавзуга алоқадор масалалар юзасидан аҳоли орасида ўрганишлар олиб борилаётгани, турли сўровномалар ўтказилаётганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур. Мазкур ўрганиш ва сўровномалар жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг ўзига хос барометри сифатида майдонга чиқмоқда ҳамда аҳоли кайфияти, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнига нисбатан дахлдорлик ҳамда розилик ҳиссини аниқлашда муҳим восита бўлмоқда.

Учинчидан, жамоамиз тизимдаги бошқа ташкилотлар ҳамда юртимиздаги зиёлилар, маънавият-маърифат соҳаси фидойилари билан биргаликда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолати, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришнинг долзарб масалалари юзасидан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган турли тарғибот тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувларда фаол иштирок этмоқда.

Келгусида ҳам ижтимоий-маънавий муҳитни доимий мониторинг қилиб бориш, ўрганиш ҳамда тизимли таҳлилга таянган хулосалар чиқариш долзарб аҳамиятга эга масала сифатида соҳа мутахассислари, экспертлар ва илмий доира вакиллари эътиборида бўлиши лозим. Зеро, мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар натижасида шаклланган тамомила янгича ижтимоий-маънавий муҳитни асраб-авайлаш, такомилига етказиш муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

Рустам РАШИДОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи