Баҳор фасли яқинлашгани сари кўпчиликни кундузи ҳам мудроқ боса бошлайди. Бу ҳолат айниқса ишхонада одамни хижолатга қўяди. Мудроқлигимиз ҳамкасбларимизга ҳам сезилиб қолганини пайқаганимизда ийманиб “яхши ухламагандим” дейишга мажбур бўламиз.

Хўш, яхши ухлаш, уйқуга қониш учун аслида нималарга эътибор беришимиз керак?

Аввало ухлайдиган хонамиз ёруғ бўлиши керак эмас. Қоронғи тушганда ухлаб, ёруғ бўлганда уйғонишимизни мелатонин ва кортизол гормонлари таъминлайди. Мелатонин қалқонсимон безда фақат қоронғилик шароитида ишлаб чиқарилади (миянинг биологик соат учун масъул бўлган қисми). У қон босимини пасайтиради, тинчлантиради. 

Кундузги уйқуни тақиқлаш кечасидаги нормал уйқуга хизмат қилади. Шунинг учун кундузи ҳар қанча уйқу келса ҳам, уни енгиш керак.

Шифтга қараганча кўзни очиб ётавериш ярамайди. 20 дақиқа ёки ундан узоқроқ ухлай олмасангиз, ўрнингиздан туриб, чуқур нафас олиш, медитация қилиш, китоб ўқиш керак.

Уйқунинг ҳам ўзига хос гигиенаси бўлади. Деразаларни, эшикларни ёпиб ухлаш лозим. Чунки ётоқхонангизга ташқи товушлар кирмаслиги жуда муҳим. Шунингдек, илиқ ҳароратда ухлаш фойдали. Уйқу учун идеал ҳарорат 15-19°С дир. Уйқудан олдин кофеинли ичимликлар ичмаслик тавсия қилинади. Энг муҳими, кун давомида жисмоний ҳаракатда бўлиш мунтазам машқлар қилиб туриш соғлом уйқу имкониятини оширади.