Акциядорлик жамиятининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этган учрашуда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, авиакомпания ва йўловчилар ўртасидаги амалдаги қонунчиликда белгиланган муносабатларни янада кучайтириш, бевосита мулоқотлар қилиш орқали юзага келган таклифлар ва муаммоларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан бартараф қилиш ва келгусида бундай вазиятларни олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди.

— Менинг асл касбим учувчи, — дейди меҳнат фахрийси Толемис Тундибаев. — Бутун ҳаётим парвозда ўтган. Бугунги сайёр қабул фуқаролар учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки фуқароларнинг авиапарвоздан фойдаланиш пайтида ҳар хил муаммолар келиб чиқиши табиий. Бугун илк мартоба ташкил этилган қабул пайтида барчамиз ўзимизни қийнаб келаётган саволларга атрофлича жавоб олдик. Шунингдек, ўз таклифларимизни ҳам бердик.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда яратилган шаффофлик ва ошкоралик муҳити халқ билан тўғридан-тўғри мулоқат қилиш имконини бермоқда. Ушбу сайёр йиғлишларида ҳам йўловчилар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳимоя қилиш ва кафолатлаш борасида аниқ манзилли ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.

— Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича масъул раҳбар ва ходимларга тегишли топшириқлар берилди, — дейди йўловчиларни ташиш бошқармаси бошлиғи Азиз Мухаммеджанов. — Халқ билан мулоқот тарзида бўлиб ўтаётган бу каби сайёр қабулларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мунтазам ўтказиш режалаштирилган.

Учрашувда авиакомпания вакилларига қандай қилиб учувчи ва борт кўзатувчиси касбини эгаллаш бўйича, янги йўналишларни очиш зарурлиги тўғрисида таклифлар ва мурожаатлар келиб тушди. Сайёр мулоқат онлайн тарзида ўтказилганлиги боис ёзма равишдаги саволларга ҳам жавоблар қайтарилди. Навбатдаги сайёр қабул Урганч шаҳрида бўлиб ўтади.

Минажатдин Қутлимуратов,

Янги Ўзбекистон мухбири.