Мана шундай корхонанинг Ўзбекистонда барпо этилиши ватандошларимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради.

Янги Ўзбекистон билан тенгдош, елкадош бўлган ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар якунига етмоқда. Табиий газни чуқур қайта ишлаш имкониятларини кенгайтирадиган, углеводородлар импортини кескин камайтирадиган ушбу мажмуанинг қурилиши ҳал қилувчи босқичга кирган. Бу ерда энг замонавий маркадаги авиакеросин, дизель ёнилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Дунё учун ўта мураккаб ва синовли кечган коронавирус пандемияси шароитида бунёд этилаётган саноат гиганти янги Ўзбекистоннинг чинакам иқтисодий салоҳияти, улкан бунёдкорлик ғояси ва ёрқин истиқболини ўзида мужассам этади.

Саҳродаги бетакрор саноат мўъжизаси

Жаҳон энергетика тармоғидаги энг йирик лойиҳалардан бирига Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан старт берилган эди. Давлатимиз раҳбари бу улкан лойиҳа ташаббускори сифатида унга бўлган эътиборини бир зум эса-да сусайтирмади. Ўтган йиллар мобайнида бу ерга бир неча бор келди, ўзгариш ва янгиланишларни кўздан кечириб, мутасаддиларга муҳим топшириқлар берди.

“GTL”да илк кунларданоқ бунёдкорлик ишлари шиддат билан бошланди. Кунлар тунга, кузлар қишга уланса-да, иш суръати асло пасаймади. Ҳатто 2020 йилдаги пандемия ҳам бунёдкорларнинг шаҳдини сўндира олмади. Айни дамда лойиҳанинг бажарилиш ҳажми 96 фоизга етди. Бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари билан бир пайтда заводни ишга тушириш ва созлаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Халқаро консультант Сараванан Сувермани уч йилдан буён мазкур қурилишда иштирок этмоқда. Экспертнинг сўзларига кўра, Қашқадарёда бунёд бўлаётган саноат мажмуаси дунёдаги GTL лойиҳалари ичида энг улкани.

— Ўзбекистон Президенти завод қурилаётган майдонга бир неча бор ташриф буюрди, — дейди Сараванан Сувермани — Зеро, бу ташаббус ортида янгича тафаккур, технологиялар, янги истиқбол ва экспортнинг янги имкониятлари мужассам. Мамлакат раҳбарияти лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратиб келяпти. Бизни қўллаб-қувватлаб, юзага келадиган ҳар қандай масала ва муаммони ҳал этиб беряпти. Чунки бу мамлакат учун улкан иқтисодий истиқболларни белгилайдиган йирик қувват. Завод ишга тушгач, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур барча ёқилғи турлари ишлаб чиқарилади. Табиийки, мамлакатнинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин.

1 миллиард долларлик нефть хомашёси

импортига чек қўйилади

Хўш, нима учун “Uzbekistan GTL” заводини саноат гиганти сифатида таърифлаяпмиз? Биргина қиёс. Қатарда GTL технологияси асосида фаолият кўрсатувчи заводда бир йилда 1 миллион 200 минг тонна суюқ синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилади. Нигериядаги GTL заводи 1 миллион 300 минг тонна шундай ёнилғи ишлаб чиқариш қувватига эга. “Uzbekistan GTL” ишга тушгач, бу кўрсаткич 1,5 миллион тонна бўлади.

 Ўзбекистон бозори учун янги, шу билан бирга, юқори сифатли нефть маҳсулотлари —  724,6 минг тонна дизель ёнилғиси, 437,3 минг тонна нафта, 307,3 минг тонна авиакеросин, қолаверса, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Бу —  йилига нефть хомашёси импорти учун сарфланаётган 1 миллиард долларгача валюта иқтисод қилинади, дегани.

— Лойиҳада нефть ҳамда табиий газни қайта ишлаш заводлари уйғунлашган, — дейди “Uzbekistan GTL” компанияси бўлим бошлиғи Носир Зокиржонов. — Яъни заводнинг ярми газни, қолган қисми нефтни қайта ишлайди. Лойиҳанинг ноёблиги шунда. Завод учун эксклюзив тайёрланган Фишер-Тропш реакторлари ёрдамида метан гази молекуляр даражада парчаланади. Бу жараёнда синтетик газ олинади. Ундан исталган нефть маҳсулотини тайёрлаш мумкин. Заводимиз ишга тушса, Ўзбекистон иқтисодиётига жуда катта ҳисса қўшишига ишонаман.

Мегалойиҳани ишга туширишдек энг масъулиятли ишда бош-қош бўлаётган ёш мутахассисдан “Заводни одамлар ўз ҳаётида ҳис қиладими?” деб сўраймиз.

— Aлбатта, ҳис қилади, — дейди қатъий ишонч билан Носир Зокиржонов. — Энг аввало, бозорда юқори сифатли янги маҳсулотлар пайдо бўлади. Лойиҳа ишга тушса, углеводород хомашёсини импорт қилишга ҳожат қолмайди. Заводимиз бир кун эртароқ ишга тушиши ҳам иқтисодиётимизга катта даромад олиб келади. Шу жиҳатдан қурилиш жараёнидаги ҳар бир дақиқамиз, ҳар бир кунимиз ҳисобли.

Хомашё қиймати камида икки баробар ошади

Умумий қиймати 3,6 миллиард доллардан зиёдни ташкил этадиган бу мажмуа ўз миқёсига кўра нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақадаги энг йирик инвестицион лойиҳалардан биридир.

— Бу биёбонларда ёшлигимиз ўтган, — дейди ғузорлик меҳнат фахрийси Халил Соатов. — Қақраб ётган чўл эди. Мана шундай улкан иншоот қуриляптики, уни қуриш ҳам ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай давлат раҳбарининг қўлидан келавермайди. Бунинг учун ҳам жасорат керак, ишонч керак. Янги Ўзбекистоннинг яна бир забардаст қадами, десак ҳам бўлади. Бу завод келажакни кўзлаб қилинаётган иш, Президентимизнинг етти ўлчаб, бир кесиб, шу юрт, шу эл учун қилаётган улкан ишларидан бири.

Мегалойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати унинг жаҳон бозорида энг арзон ҳисобланган метан газини қимматбаҳо нефть маҳсулотига айлантириш имкониятидадир. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, GTL технологияси асосида қайта ишланган углеводород хомашёсининг қиймати камида 2 баробар ошади.

— Ўзим иқтисодчи олимман, — дейди Халил ота. — Биз газни хорижга экспорт қилардик. Қайта ишлаш, қўшимча қиймат йўқ эди. Ҳузурини чет элликлар кўрарди. Худди пахтачиликдаги каби. Мана, кластерлар жорий этилиб, деҳқоннинг ҳам косаси оқарди. Янги завод иқтисодий самарадорлигининг ҳам чеки йўқ.

Завод учун фойдаланилган металл конструкциялардан

4 та эйфель минораси қуриш мумкин

Лойиҳа чин маънода гигант. Мажмуага жаҳоннинг энг олди технологияларига асосланган замонавий ускуналар ўрнатилган. Ҳисоб-китоб қилинса, ушбу ускуналар оғирлиги 40 000 тоннадан ошиб кетади.

Тасаввур қилиш учун айтиш керакки, мана шундай оғирликдаги металл конструкцияларга Франциядаги машҳур Эйфель минорасидан 4 та қуриш мумкин.

— Углеводородни парчалаб, ундан умуман бошқа нефть маҳсулоти ҳосил қилиш учун, албатта, жуда чуқур қайта ишлаш технологияси талаб этилади, — дейди Носир Зокиржонов. — Бу завод 3 та лицензиар - Жанубий Aфрика Республикасининг “Sasol”, Даниянинг “Haldor Topsoe” ва AҚШнинг “Chevron” компаниялари технологияси асосида қурилган. Мажмуада ҳавони таркибий кисмларга ажратадиган, ҳароратни автоматик тарзда назорат қиладиган дунёдаги энг олди технология ва реакторлар ўрнатилган. Бундай тарихий, улкан лойиҳаларда иштирок этиш ҳар бир ёшнинг орзуси деб ўйлайман. Aлбатта, мен ҳам бу қурилишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман.

Тошкент давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори Аъзамжон Зокировнинг қайд этишича, GTL заводини қуришда 24 та давлатдаги 129 та корхонада ишлаб чиқариладиган энг замонавий технологик ускуналардан фойданилган. Бу йирик мажмуа Ўзбекистон иқтисодиётидаги бошқа секторларнинг ривожланишига ва янгилари очилишига туртки беради.

Маҳсулотлар “евро 6” стандартига

жавоб беради

Хўш, гигант ва ноёб дея таърифланаётган заводда ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларининг сифати қандай бўлади? Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда нефть маҳсулотларига “Евро 5” стандарти талаб этилади. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, “Uzbekistan GTL” заводида тайёрланадиган нефть маҳсулотлари ҳатто “Евро 6” мезонларига ҳам тўла жавоб беради.

 — Бундай йирик лойиҳа қурилиши тарихда илк маротаба кузатилди. Завод кунига 37 минг баррель суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради. Шу тарзда Ўзбекистон дунё миқёсида мазкур йўналишдаги етакчи давлатга айланади, —  деб ҳисоблайди “Sasol” компанияси вакили Йохан Дегенаар.

Шундай кунлар келадики, мутахассисларимиз чет элга бориб, мана шундай заводларни қуради

Ўзбекистон иқтисодий қудратини ўзида ифода этган улкан мажмуа том маънода мамлакат фахрига айланади, десак муболаға бўлмайди. “Uzbekistan GTL”даги қизғин қурилиш жараёнларига гувоҳ бўлган Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори Октябрь Раҳимов ўз таассуротларини бундай ифодалайди:

“GTL раҳбарияти заводнинг ишга тушганидан кейинги тақдирини белгилаш учун яқинда ўзбек олимлари билан ҳамкорлик доирасида танлов эълон қилди. Танловда яхши ўрин олган бўлсам керак, суҳбатга чақиришди. Заводга бориб, тўғриси, ҳайрон қолдим. Мана буни бунёдкорлик деса бўлади.

 “Мен билан ким суҳбат қиларкан?” деб кутиб турдим. Ёш мутахассислар келишди. Ҳайратим янада ошди. Инглиз тилида хорижлик экспертлар билан эркин мулоқот қиляпти. Кўзлари ёниб турибди. Ҳали завод ишга тушмасдан муаммоларга ечим излашяпти: табиий газни қайта ишлагандан кейин чиқиндилар ҳосил бўлади. Шу чиқиндини такрор қайта ишлаб, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқсак бўлади? “Форсайт” — юқори технология асосида заводнинг 2050 йилгача бўлган стратегиясини башоратлаш ҳақида гапиришяпти. Ёшларимиз бундай замонавий технологиялардан хабардор эканига қойил қолдим. Ўз ишини шундай пухта биладики, ҳақиқатан ҳам ҳайрон қолмай иложимиз йўқ.

 Демак, завод тақдири ишончли қўлларда. Демак, Президентимизнинг ёшлар борасидаги сиёсати, Ўзбекистон саноатини ривожлантириш мамлакат иқтисодиётининг келажагини белгиловчи асосий омил эканига оид фикрлари 100 фоиз тўғрилигига профессор олим сифатида тан бердим”.

Ҳақиқатан, “Uzbekistan GTL” лойиҳаси ёшларга халқаро даражадаги тажриба ва билимларни ўрганиши учун катта имкониятдир.

 — Бу ерда энг малакали, юқори билимга эга бўлган ёш муҳандислар жамоаси йиғилган, — дейди “Uzbekistan GTL” компанияси бўлим бошлиғи Носир Зокиржонов. — Ҳаммаси билимга чанқоқ, тиришқоқ, ҳаммаси чет давлатларда малакасини ошириб келган.

— Заводда ишлаётганимдан фахрланаман, — дейди ана шундай ёш мутахассислардан бири Нуриддин Йўлчиев. — Кўриб турган технологияларингиз дунёда бармоқ билан санагулик, минтақада эса ягона, десак ҳам бўлади.

Ғузорлик меҳнат фахрийси Зокир Жумаевнинг мулоҳазалари ҳам эътиборимизни тортди.

 — Завод қуриляпти, бу ўз-ўзидан бўлаётган нарса эмас. Бунга жуда катта сабр, катта куч, катта матонат керак. “Қани эди, мен ҳозир ёш бўлсам-да, шу заводга ишга кирсам”, деган фикр ўтди хаёлимдан. Мамлакатимиздаги бундай катта ўзгаришларни кўриб, одам ёшаргиси ва яна ишлагиси келиб кетади. Ниятимнинг холислиги  — завод қурилишида ўғлим иштирок этяпти. Ўғлим билан суҳбатлашганимда: “Дада, — дейди, — шундай кунлар келади, бизнинг мутахассисларимиз чет элга бориб, мана шундай заводларни қуриб беради. Тенгдошларимнинг чет элдан келиб ишлайдиганларга нисбатан устунлик томонлари жуда кўп”. Иншааллоҳ, шу кунларга ҳам етайлик.

“Uzbekistan GTL” мамлакатимиз нефть-газ тармоғида янги даврни бошлаб беради. Бу стратегик лойиҳа билан мамлакатимиз энергетика тарихида илк бор юқори сифатли синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Агар буни пулга чақсак, гигант заводда йилига 7,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу эса иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлайди, халқимиз фаровонлиги учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ,

журналист