Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) молиявий кўмагида Италиянинг «Schola Campesina», Қирғизистоннинг “Тараққиёт ташаббуслари агентлиги” жамоат фонди ва «Çiftçi-sen» турк фермерлар иттифоқи томонидан ташкил этилди.
Халқаро тренинг Европа ва Марказий Осиё учун ФАОнинг Минтақавий бўлими билан ҳамкорликда “Мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ фуқаролик жамияти ташкилотларини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинди. Машғулотларни ФАО экспертлари, шунингдек, агроэкология соҳасида фаолият олиб борувчи туркиялик мутахассислар ва олимлар олиб бормоқда. Тренинг мақсади агроэкологиянинг озиқ-овқат тизимлари барқарорлигини таъминлаш учун тақдим этаётган катта имкониятлари борасида иштирокчиларнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё минтақасида фуқаролик жамияти ташкилотларининг кучли тармоғини яратишдан иборат.
Агроэкология – тирик организмларнинг атроф-муҳитга таъсири, кимёвий ва биологик ўғитлар, тупроқнинг мелиоратив ҳолати, чорва молларини ўтлатиш ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда индустриал хўжалик шароитида сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олишга қаратилган комплекс ёндашув ҳисобланади. Агроэкологиянинг мақсади барқарор ва адолатли озиқ-овқат тизимини яратиш учун зарур бўлган ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, одамлар ва атроф-муҳит ўртасидаги энг мақбул ўзаро таъсирни таъминлашдан иборат. ФАОнинг Барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини юритиш бўйича Умумий концепциясининг ажралмас элементи ҳисобланган агроэкология ҳозирги нотурғун шароитда глобал жавоб қайтариш чораларининг асосий бўғинларидан бири ҳисобланади.
Тренингда Ўзбекистондан “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ва “Моҳира Бону” жамоат бирлашмаси вакиллари иштирок этишди. Айтиш жоизки, “Аграр соҳада аёллар” уюшмаси ФАОнинг доимий ҳамкори ҳисобланади. ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ассоциация билан ҳамкорликда қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда инклюзив қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади. Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистонда агроэкология бўйича бир қанча қўшма тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
– Машғулотлар давомида бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасбларимиз билан агроэкология бўйича билим ва тажриба алмашиш имконига эга бўлдик. Тренинг “тенг-тенги билан” тамойили бўйича ўтказилди, биз барча иштирокчилар тажрибаси асосида очиқ мулоқот чоғида агроэкологияни ўргандик. Фикримча, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришда агроэкология ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу мавзу оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши керак ва биз шу орқали кенг жамоатчиликни агроэкологиянинг афзалликлари ҳақида хабардор қилишга ўз ҳиссамизни қўшамиз”, — деди Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бош директори ўринбосари Нигора Хўжаева.
Шунингдек, тренинг давомида иштирокчиларга ФАО минтақавий семинарлари якуни бўйича шакллантирилган агроэкологиянинг 10 та таркибий қисми ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Агроэкологиянинг таркибий қисмлари ўзаро алоқадор ва бир-бирига боғлиқ бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади: хилма-хиллик; синергия; самарадорлик; ташқи таъсирларга чидамлилик; қайта циркуляция; биргаликда билимларни бойитиш ва ўзаро билим алмашиш; умуминсоний ва ижтимоий қадриятлар; маданий ва овқатланиш анъаналари; циркуляр ва якдил иқтисодиёт; масъулиятли бошқарув.
Тренинг якунида иштирокчилар озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи ҳар турли фавқулодда вазиятлар шароитида агроэкология ва оилавий фермерлик хўжаликларининг ролини муҳокама қилишди. Олинган билим ва тажриба қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга йўналтирилган фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятида агроэкология ролини оширишга хизмат қилади.