Ҳужжат билан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси ҳузурида ташкил этилган “Agro Exchange” МЧЖнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:

— аҳоли хўжаликларида, шунингдек деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархларида сотиш имконини берувчи “Uzex Agro” электрон савдо майдончасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

— платформанинг техник қўллаб-қувватланишини ва бозор тамойиллари асосида кўрсатилаётган хизматларни доимий такомиллаштиришни таъминлаш;

— ҳудудларда қишлоқ хўжалигини юритиш учун мўлжалланган бўш ерларни кенгайтириш орқали замонавий агрокомплексларни ташкил этиш;

— агрокомплекслар атрофида жозибадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш.

2025 йил 1 январгача платформа орқали маҳсулот сотиш учун аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларидан воситачилик ҳақи олинмайди.

Қарор билан “Uzex Agro” электрон савдо майдончасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:

— платформада савдо иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби;

— оператор ва платформа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

— эълонларни жойлаштириш ва савдоларни ўтказиш тартиби.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 8 октябрдан кучга кирди.