Тақдимотда шоир ва ёзувчилар, журналистлар ҳамда шоир шеърлари ва “shom.uz” телеграм канали ихлосмандлари иштирок этди.

– Шуҳратжоннинг китобини ўқиб чиқдиму фикрларимни телефон орқали ўзига билдирдим. У – яхши шоир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Абдумажид Азим. – Шоир «Мен дунёга яшаш учунмас, келдим бермоқ учун тасалли» деб ёзади. Шеърда мақсаднинг гўзал ифодаси бор. Уни Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф каби катта устозлар кашф этди, қўллаб қувватлади. Ҳали университетга кирмаган пайтидан катта давраларда бўй берди. Кейин бирмунча муддат кўринмади. У бу муддат ичида ҳам ўз сўзини йўқотмади, ижтимоий-сиёсий фаолиятини олиб борди. Бугун шеърларини ўқиб адабиёт оламига ажойиб туҳфа билан қайтган шоир укамиздан хурсанд бўлиб ўтирибмиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, таниқли нотиқ Раҳимбой Жуманиёз, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Гулжамол Асқарова ҳамда Фахриддин Ҳайитлар Шуҳрат Ориф шеърларининг ўзига хослиги ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Тадбир давомида таниқли хонанда Бахтиёр Раҳмон шоир шеърларига басталанган қўшиқлари билан даврага файз киритди. Шунингдек, давранинг асосий қаҳрамони – Шуҳрат Орифдан шеърлар, шоирнинг йиллар давомидаги хулосалари тингланди. Тақдимот сўнггида тадбирга ташриф буюрган китобхонларга китоблар улашилди.