Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган мазкур халқаро тадбирда мамлакатимиз корхоналарининг чарм, пойабзал, мўйначилик маҳсулотлари, хом ашё ва материаллар намуналари хорижлик ҳамкорлар эътиборига тақдим этилди.

Мазкур халқаро кўргазмада бир қатор халқаро уюшмалар, хусусан, Халқаро теричилар уюшмаси (ICT), Россия мўйначилар уюшмаси, Россия теричилар ва пойабзалчилар уюшмаси, Россия миллий пойабзалчилар уюшмаси, «Руспушнина» халқаро мўйна аукциони, жумладан, Беларус, Ҳиндистон, Эрон, Қирғизистон каби бир қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари масъул вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, кўргазмада 30 га яқин хорижий мамлакатларнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида фаолият кўрсатувчи 70 дан ортиқ йирик ишлаб чиқарувчилари ва компаниялари раҳбарлари ва вакиллари қўшма инвестиция лойиҳалари ва экспорт келишувлари мақсадида бевосита иштирок этди.

Кўргазма доирасида жаҳон андозаларига мос келадиган маҳаллий чарм-пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг янги турлари, замонавий технологик асбоб-ускуналар, чет эл компания ва фирмаларининг пойабзал ва тери соҳасида эришган ютуқлари юзасидан кўргазмали семинарлар, бизнес-форум, тренинг, мастер-класс, давра суҳбатлари, тақдимотлар ташкил этилди.

Шунингдек, иштирокчи корхоналар учун соҳадаги охирги ривожланиш тенденциялари, сўнгги трендлар, технологиялар, маҳсулот бренди, сифат сертификатлари, маркетингдаги янгиликларни қамраб олган ўнлаб мавзуларда семинар тренинглар ҳамда турли мавзулардаги маҳорат дарслари, шу билан бирга, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг дизайнерлик йўналишида иш олиб бораётган талабалари томонидан пойабзал ва либослар ҳамда чарм-атторлик маҳсулотлари янги моделлари бўйича подиум бўлиб ўтди.

Хусусан, Франциянинг «Mephisto» компанияси томонидан «Бренд тарихи» номли, Португалиянинг «Mind Technology» компанияси томонидан «Mind Cad» дастурий таъминоти тўғрисида, Россиянинг «Neoxim» компанияси томонидан чарм ва мўйна саноати учун керакли бўлган махсус кимёвий моддалар ҳақида тақдимотлар ўтказилди, шунингдек, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассислари томонидан пойабзалларни конструкциялаш бўйича мастер-класс ва бошқа турли мавзуларда илмий-амалий ишланма материаллар корхоналар диққатига ҳавола этилди.

Хорижий меҳмонларни Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳити ва яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд, Бухоро, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги соҳа корхоналари бўйлаб бизнес-турлар ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, бой тарихимиз ва миллий маданиятимиз билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

Мазкур кўргазма-ярмарка доирасида чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жундан ишланган тайёр маҳсулот ва буюмлар ишлаб чиқариш соҳалари ривожланган Италия, Туркия, Англия, Франция, Россия, Беларус, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг уюшмалари, элчихоналари, компаниялари вакиллари ҳамда йирик ишбилармон доиралари билан B2B, B2G, G2G учрашувлар ўтказилди.

Ўтказилган музокаралар натижасида қарийб 50 миллион долларга тенг экспорт битимларига ва 35 миллион доллар миқдоридаги дастлабки инвестиция келишувларига эришилди.

Жумладан, Россия Федерациясидаги «Парижская Коммуна», «Yaxting», «Барс», «Мягкое Золото», «Фома», «Зебра», «Аванти», «Karavan-M», Германиядаги «Tutelo», Франциядаги «Mephisto», Италиядаги «Tecon», Ҳиндистондаги «Penza Exports», «Shine Leather Finishers», «Homera tanning», Эрондаги «Sepehr Industrial Group», Беларусдаги «Фурнитура», «Galanteya», «Минский кожевенний завод» компаниялари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжоннинг бир қатор компаниялари ва тадбиркорлари, йирик савдо тармоқлари билан келишувларга эришилди.

Мақсадлар ва натижалар бирлашадиган манзил « Uzcharmexpo-2022» халқаро кўргазма-ярмаркаси маҳаллий корхоналаримиз учун жаҳон бозорига чиқишда кенг имкониятлар ва республикамизнинг инвестициявий салоҳиятини ошириш учун бизнес-платформага айланди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Шунингдек, хабар орқали 2022 йил 12-14 октябрь кунлари юртимизда «UzCharmExpo -2022» 13-Халқаро чарм, пойабзал, атторлик, мўйна ва жун маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ташкил этилишини маълум қилади.