Пискентнинг миришкор боғбон-у деҳқонлари, айниқса, Мингтепанинг боғу роғлари ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Тарихи икки ярим минг йиллар нарига бориб тақаладиган туманимизда ўтроқ яшаган одамлар ер билан тиллашишда ўзига хос тажриба, мактаб яратганлар. Айниқса, узумчиликни ўзига касб қилган боғбонлар авлодлари бугун ҳам боболари касбини давом эттириб келяпти.
Ҳозирги кунда ҳам туманнинг “Мингтепа”, “Бекобод”, “Янгиобод” ва “Бирлик” маҳаллаларида деярли ҳар бир хонадонда ток сўриларда узум етиштирилади. Пискентликлар қайси соҳада ишламасин, қандай ҳаёт тарзида яшамасин, бўш жой топса, албатта, икки туп ток кўчати ўтқазади. Мингтепанинг эртапишар чиллаки, оқ чиллакилари, ширага тўлиб, қишгача сақланадиган хусайни, кади хусайнилари, ғоят хуштаъм, майизбоп шувилғони (кишмиш)лари нафақат Ўзбекистон, ҳатто, буёғи Қозоғистоннинг Чимкентию уёғи Россиянинг Оренбург бозорларигача машҳур, ўз ҳаридорларига эга. Хуллас, таъмини билган борки, унга ишқибоз бўлаверади.
Куни кеча Давлатимиз раҳбари бошчилигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилишида билдирилган мулоҳазаларни эшитиб, шулар хаёлимдан ўтди.
Дарҳақиқат, узумчилик асрлар давомида халқимизнинг миллий деҳқончилик маданиятида ўз ўрнига эга бўлиб келган. Узумчиликнниг аҳамиятини боғбон қизи бўлганим учун яхши биламан.
Мен катта бўлган Пискентда ёз кунлари токзор маҳаллаларга кириб боришингиз билан кўчанинг икки бетидаги узумзорларга қараб, кўзингиз қувнайди, боғларда узум қўриган болаларнинг овози қулоғингизга ёқимли чалинади. Ҳозир ҳам Пискентда чиллаки ғарқ пишган. Аҳоли томорқаларида 200 гектардан ортиқ майдонда узум етиштирилади. Тупроқ шароитини ҳисобга олган ҳолда оила аъзолари биргаликда етиштирган сарҳил мевалар хонадон эҳтиёжини тўла қондириш баробарида, ортгани бозор расталарини тўлдирмоқда. Аҳир, юртимизда мева-сабзавотлар тўкинлигида аҳоли томорқалари ҳам катта манбага айланяптида.
Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон бозорида узум савдоси мевалар орасида учинчи ўринда эканлиги, табиатнинг асл маҳсули бўлган Ўзбекистон узумларига талаб ва эҳтиёжнинг катталиги асрлар оша шаклланган боғбонлик қадриятимизни катта ва ҳалол даромад манбаига айлантириш имкониятини яратади. Давлатимиз раҳбари бежиз “Хўраки узум бўйича экспорт салоҳиятимиз камида 600 миллион доллар (бу йил 200 миллион доллар), майиз — 500 миллион доллар (бу йил 130 миллион доллар) ва табиий вино 100 миллион долларга (бу йил 50 миллион доллар) тенг. Бу биз учун жуда катта имконият, бундан унумли фойдаланишимиз керак”, — дея таъкидламади.
Пискентда ҳам Президент ислоҳотларининг ижроси сифатида тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Маҳаллабай” ўрганишлар натижасида аҳолининг аксарияти деҳқончилик ва боғбонлик билан шуғулланиши эътиборга олинди. Уларни ривожлантириш орқали “драйвер” соҳалар аниқланди.
Ҳатто, 19 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган “Ғайрат” маҳалласида 40 гектар майдонда узумчилик хўжаликлари ва иссиқхоналар барпо этилиб, узоқ муддатли кредит асосида эҳтиёжманд фуқароларга ажратилиши белгиланди. Асосан ҳовли-жойларда яшаб, томорқадан фойдаланишга ўрганган аҳолининг эҳтиёжларига ёрдамлашиш, тажриба ва кўникмаларидан фойдаланиш мақсадида йўлга қўйилаётган бу тажриба асосида ишлар бошлаб юборилган.
Бундан ташқари, “Oskar Oyl” МЧЖ томонидан 100 гектар майдонда қиймати 8 миллиард сўмлик, “G`alaba Cluster” МЧЖ томонидан 70 гектар майдонда қиймати 6 миллиард сўмга тенг боғдорчилик ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар туманда узумчиликни ривожлантириш орқали фуқароларга таниш ва тажриба тўпланган соҳасида бандлигини таъминлаш имкониятини яратади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги бозор талаби таҳлил қилинганида, узумчилик соҳасида жуда катта имкониятлар борлиги кўзга ташланади. Қайд этилганидек, Европада 800 миллион, Хитойда 600 миллион, Россияда 300 миллион, Ҳиндистонда 250 миллион долларлик экспорт бозори мавжуд. Шу вақтгача уста боғбонларимиз етиштирган машҳур ва сарҳил меваларимиз қайта ишланмаган, шундоққина бозор расталаридан жой олган. Энди эса уларни қайта ишлаш, тайёр, эспортбоп товарлар сонини кўпайтириш, республикамизни эса арзон ва сара мева-сабзавот таъминотчисидан саноати ривожланган давлат сифатида дунёга танитиш йўлида залворли вазифалар сирасига киради. Энг муҳими, манзилли молиявий кўмак кўрсатилади. Хусусан, узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилди. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади.
Кўриниб турибдики, соҳанинг истиқболи порлоқ. Бу истиқболни бунёд этиш учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳам кенг. Шундай экан, энди унга етишиш учун янада кўпроқ изланиш ва меҳнат қилиш талаб этилади.
Манзура РУСТАМОВА,
Пискент тумани ҳокими маслаҳатчиси