Матбуот анжуманида асосий эътибор Давлат фуқаролик хизматига қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш масалаларига қаратилди.
Давлат фуқаролик хизматига очиқ танловлар Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб йўлга қўйилган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг олдига ягона кадрлар сиёсатини юритиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Фармонда 2021 йил 1 январдан бошлаб — давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши белгиланган.
Шу мақсадда Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали ишлаб чиқилди.
vacancy.argos.uz электрон платформасига вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда келиб тушади
Ушбу платформага давлат органларидаги вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан келиб тушади ҳамда танлов эълон қилинган вакант ўрин учун номзодлар томонидан ҳужжатлар электрон тарзда қабул қилинади.
Вакант лавозим учун очиқ мустақил танлов қуйидаги тартибда ишлайди:
— ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиш (10 кун давомида);
— номзоднинг вакант лавозим малака талабларига мослигини ўрганиш;
— тест синовидан ўтказиш;
— суҳбат жараёни (ассесмент шаклида).
Танловнинг ҳар бир босқичи натижаси онлайн тарзда асослантирилган жавоб билан ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади.
Илҳом Қурбонов: 112 мингдан ортиқ номзод очиқ танловларда иштирок этди, бу давлат хизматига салоҳиятли кадрларни ишга қабул қилишда қўл келмоқда
Бугунги кунга қадар республиканинг 60 та вазирлик ва идоралари ҳамда 206 та туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд 7 094 та вакант лавозим учун танлов эълон қилиниб, 112 мингдан ортиқ номзодлар иштирок этган.
Энг кўп вакант лавозимлар учун танловлар Давлат солиқ қўмитаси (1 211 та), Молия вазирлиги (1 053 та), Халқ таълими вазирлиги (962 та), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (703 та) тизимида ташкил этилди.
Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратида 671 та танлов ўтказилган бўлса, ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикасида — 245 та, Андижон вилоятида — 510 та, Бухоро вилоятида — 523 та, Жиззах вилоятида — 442 та, Қашқадарё вилоятида — 366 та, Навоий вилоятида — 670 та, Наманган вилоятида — 467 та, Самарқанд вилоятида — 657 та, Сирдарё вилоятида — 572 та, Сурхондарё вилоятида — 356 та, Тошкент вилоятида — 481 та, Фарғона вилоятида — 405 та, Хоразм вилоятида — 283 та, Тошкент шаҳрида — 446 та вакансияга очиқ танлов ташкил этилган.
Бугунги кунга қадар ишга қабул қилинганлардан 734 нафари (38%) — 30 ёшгача бўлган кадрлар, 298 нафари (15%) давлат хизматига биринчи марта қабул қилинганларни ташкил этади.