Тадбир гибрид форматда, яъни онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди. Унда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Санэпидқўмита масъул вакиллари, соҳа мутахассислари, халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур семинарда вакцинациянинг аҳамияти, эмлашга нисбатан жамиятда мавжуд иккиланишлар, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган нотўғри маълумотлар, қизамиқ каби юқумли касалликларнинг олдини олишда вакцинанинг ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЖССТ маълумотига кўра, 2026 йилги Европа иммунизация ҳафталиги 19–25 апрель кунлари ўтказилмоқда ва бу йилги шиор — “Ҳар бир авлод учун вакциналар ишлайди”. Мазкур ҳафталик Европада 20-маротаба ташкил этилмоқда. 

Вакцина — тиббиёт тарихида инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилган энг муҳим кашфиётлардан бири. У фақат бир инсонни эмас, бутун жамиятни хавфли юқумли касалликлардан ҳимоя қилади.

Бироқ бугунги ахборот оқимида вакцина ҳақида турли афсоналар, асоссиз қўрқувлар ва нотўғри талқинлар ҳам кўпаймоқда. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда тарқалган биргина текширилмаган маълумот одамларни эмлашдан бош тортишга олиб келиши мумкин. Бу эса нафақат бир оила, балки бутун жамоат саломатлиги учун хавф туғдиради.

Айниқса, сўнгги йилларда қизамиқ касаллиги бўйича вазият яна долзарблашмоқда. ЖССТ ва ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, қизамиққа қарши вакцинанинг икки дозаси 97 фоизгача умрбод ҳимоя бериши мумкин, жамоавий иммунитет учун эса ҳар бир жамоада икки доза билан қамров 95 фоиз даражасида бўлиши керак. 

Шу нуқтаи назардан, журналистлар учун ўтказилган мазкур семинар аҳолига тўғри, асосли ва ишончли маълумот етказишда муҳим аҳамият касб этади.

 

“Вакцина бугун ҳам ишлайди ва у хавфсиз”

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Вакциналар логистикаси ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Дилором Турсунова ваксинанинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Вакцина бугунги кунда ҳам ишлайди ва у хавфсиз. Замонавий вакциналар аввалги йиллардагига нисбатан анча такомиллашган. Илгари вакциналарни сақлаш шароити чекланган бўлган, ҳарорат, қуёш нури, совуткич занжири каби омиллар жуда катта аҳамият касб этган. Бугун эса вакцина ишлаб чиқариш технологиялари анча ривожланган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, вакциналар инсон ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган тиббий восита ҳисобланади. Шунинг учун улар ишлаб чиқарилишидан тортиб, сақланиши ва аҳолига етказилишигача бўлган барча жараёнлар қатъий назорат қилинади.

— Бугунги кунда келаётган вакциналар халқаро стандартларга жавоб беради. Улар текширувлардан, сифат назоратидан ўтади. Вакцина — бу оддий дори эмас, у профилактика воситаси. Яъни касалликни даволаш учун эмас, унинг олдини олиш учун қўлланилади, — деди Дилором Турсунова.

Унинг сўзларига кўра, эмлаш жараёнида энг муҳим масалалардан бири — вакцинани тўғри сақлаш, белгиланган тартибда қўллаш ва тиббиёт ходимларининг масъулиятидир.

— Бизда очилган вакциналардан фойдаланиш бўйича ҳам аниқ талаблар бор. Бу талаблар аҳоли хавфсизлиги учун қўйилган. Ҳар бир вакцина ортида инсон саломатлиги, бола ҳаёти турибди. Шу сабабли бу масалага бефарқ қараб бўлмайди, — дея таъкидлади мутахассис.

Вакциналар қандай ишлайди?

Тадбирда экспертлар вакцинанинг асосий вазифаси организм иммун тизимини касалликка қарши тайёрлаш эканини қайд этди.

Вакцина организмга касаллик чақирмайдиган, лекин иммун тизимни “таништирувчи” маълумот беради. Натижада инсон кейинчалик ҳақиқий инфекция билан тўқнашганда, организм унга қарши тезроқ ва самаралироқ жавоб қайтаради.

ЖССТ маълумотларида вакциналар қизамиқ, гепатит В, полиомиелит, дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, грипп, пневмония, ротавирус, қизилча, бачадон бўйни саратони билан боғлиқ ВПЧ инфекцияси каби кўплаб касалликлардан ҳимоя қилиши қайд этилган. 

Шу боис вакцинация фақат болалар учун эмас, балки катта ёшдагилар учун ҳам муҳим профилактик чора ҳисобланади.

 

Қизамиқ хавфи: “Ҳар қандай тошма қизамиқ эмас, лекин бефарқлик ҳам мумкин эмас”

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Хурсaной Жамолова ушбу мавзуга атрофлича маълумот берди.

— Бугунги тадбирнинг асосий мақсадларидан бири — аҳоли ўртасида вакцинация ҳақида тўғри тушунча шакллантиришдир. Европа иммунизация ҳафталиги доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда аҳолини эмлаш билан қамраб олишни кучайтиришга қаратилган.

Унинг айтишича, бугунги кунда фақат болалар эмас, катта ёшдаги, ўз вақтида эмланмаган аҳоли қатламини ҳам яшаш манзилидаги поликлиникаларга мурожаат қилиб, эмлаш билан қамраб олиш муҳим.

— Айни вақтда қўшни давлатларда ҳам, Европа минтақасида ҳам қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Афсуски, эмланмаган аҳоли орасида касаллик асоратлари оғир кечиши мумкин. Ҳатто болалар орасида ўлим ҳолатлари учраётгани ҳақида маълумотлар ҳам бор. Шунинг учун биз аҳолини бефарқ бўлмасликка чақирамиз, — деди Хурсaной Жамолова.

Ижтимоий тармоқларда болалар танасида қизил тошмалар акс этган турли видеолар тарқалиши аҳоли орасида хавотир уйғотмоқда. Мутахассис бу каби ҳолатларда шошма-шошарлик билан хулоса қилиш тўғри эмаслигини таъкидлади.

 

— Ҳар қандай қизил тошма қизамиқ дегани эмас. Болаларда турли вирусли инфекциялар, аденовирус касалликлари, аллергик ҳолатлар, овқатдан бўладиган реакциялар ҳам тошма билан намоён бўлиши мумкин. Шунинг учун фарзандингизда қизил тошма, иситма ёки бошқа белгилар кузатилса, дарҳол ҳудудий поликлиникага мурожаат қилиш керак. Ташхисни фақат мутахассис қўяди, — деди у.

Хурсaной Жамолованинг қайд этишича, Санэпидқўмита томонидан ҳудудлардан келаётган юқумли касалликлар ҳақидаги маълумотлар доимий ўрганиб борилади. Зарур ҳолларда эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда чоралар кўрилади.

 

Нега қизамиқ алоҳида хавфли?

Қизамиқ — ҳаво-томчи йўли билан тез тарқаладиган юқумли касаллик. У оддий тошма ёки иситма билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Айрим ҳолларда ўпка яллиғланиши, қулоқ инфекцияси, кўриш билан боғлиқ асоратлар ва оғир неврологик ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

ЖССТ маълумотига кўра, қизамиққа қарши икки доза вакцина олиш касалликдан юқори даражада ҳимоя қилади. Шу билан бирга, жамоавий иммунитет шаклланиши учун эмлаш қамрови юқори бўлиши шарт. 

2026 йил бошида ЖССТ Ўзбекистонда қизамиқ бўйича элиминация мақоми бекор қилинганини маълум қилган. Халқаро манбаларда бу ҳолат 2019 йилдан буён вирус тарқалиши давом этгани билан изоҳланган. 

Бу ҳолат вакцинация масаласи фақат тиббий эмас, балки жамоат хавфсизлиги, ахборот сиёсати ва аҳоли ишончи билан боғлиқ муҳим масала эканини кўрсатади.

 

Вакцина ҳақидаги афсоналар қаердан пайдо бўлади?

Санэпидқўмита Ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова таъкидлашича, вакцинацияга нисбатан иккиланишлар оддий ҳолат эмас, балки бир нечта омиллар таъсирида шаклланади.

Унинг сўзларига кўра, вакциналарга нисбатан шубҳа қуйидаги сабаблар билан пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, аҳолида етарли маълумот йўқлиги, вакцина самарадорлиги ҳақида асосланган маълумотларга нисбатан шубҳа, ахлоқий ёки шахсий қарашлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар босими, хавфсизлик бўйича ҳадиклар, вакцинацияга қарши гуруҳларнинг таъсири, соҳалараро мувофиқлаштириш етишмаслиги, аҳоли билан коммуникациянинг камлиги.

— Вакциналарга нисбатан иккиланиш мураккаб тушунча. У аниқ вакцина, вақт, жой ва ахборот муҳитига боғлиқ бўлади. Бунда инсоннинг хабардорлиги, тиббиёт тизимига ишончи ва тўғри маълумотга эга бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деди Мафтуна Саидова.

Унинг таъкидлашича, вакцинацияга бутунлай қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил этмайди.

Аммо улар тарқатаётган нотўғри маълумотлар аҳоли орасида хавотир уйғотиши, эмлашни кечиктириш ёки ундан бутунлай бош тортишга сабаб бўлиши мумкин.

 

Вакциналар аллергия, диабет ёки тарқалувчи склероз чақириши мумкинми?

Тадбирда кенг тарқалган афсоналарга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мафтуна Саидованинг таъкидлашича, вакциналар ва аллергия ўртасидаги боғлиқлик бир нечта йирик илмий тадқиқотлар давомида ўрганилган ва улар ўртасида сабабий боғлиқлик тасдиқланмаган.

Шунингдек, вакциналар, жумладан, гепатит В ва гриппга қарши вакциналар тарқалувчи склерозни келтириб чиқариши ёки уни кучайтириши ҳақидаги хавотирлар ҳам назоратли тадқиқотларда ўрганилган. Мавжуд маълумотлар бу касалликларни вакциналар чақириши ҳақидаги тахминларни тасдиқламайди.

Вакциналар 1-тип диабетга сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар ҳам илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топмаган.

ЖССТнинг 2025 йил декабрдаги баёнотида ҳам болалар вакцинаси ва аутизм ўртасида сабабий боғлиқлик йўқлиги яна бир бор таъкидланган. ЖССТнинг Глобал вакцина хавфсизлиги бўйича маслаҳат қўмитаси мавжуд далилларни таҳлил қилиб, вакциналар аутизмга сабаб бўлмайди, деган хулосани қайта тасдиқлаган. 

 

“ВПЧ вакцинаси бепуштлик қилади” деган гаплар ҳам афсона

Семинарда ВПЧ вакцинаси ҳақидаги нотўғри қарашларга ҳам эътибор қаратилди. Айрим ижтимоий тармоқларда “ВПЧ вакцинаси қизларни бепушт қилади” деган асоссиз фикрлар тарқалган.

Мутахассислар бундай даъволар илмий асосга эга эмаслигини таъкидлади. Аксинча, ВПЧ вакцинаси келажакда бачадон бўйни саратони хавфини камайтиришга қаратилган муҳим профилактик воситалардан бири ҳисобланади.

Европа касалликларни профилактика ва назорат қилиш маркази ҳам 2026 йилги Европа иммунизация ҳафталиги муносабати билан ВПЧ вакцинаси бўйича қамровни ошириш онкологик касалликларнинг олдини олишда муҳим эканини қайд этган. 

 

Аҳоли вакцина ҳақида нимани билишни истайди?

Тадбирда аҳоли орасида вакцинацияга муносабат, саволлар ва хавотирлар ҳам таҳлил қилинди.

Умуман олганда, аҳолининг вакцинация дастурларига муносабати ижобий. Бироқ айрим қатламларда шубҳа сақланиб қолмоқда. Одамлар кўпроқ қуйидаги саволларга жавоб излайди:

— вакцина қандай хавф туғдириши мумкин?

— эмлаш оғриқли бўладими?

— вакцина нархи қанча?

— у мени ва оиламни қайси касалликлардан ҳимоя қилади?

— бу касаллик ҳозир ҳам учраяптими?

— “вакцинация дастури” деганда нимани тушуниш керак?

Мутахассислар фикрича, айнан шу саволларга содда, аниқ ва ишончли жавоб бериш вакцинацияга бўлган ишончни оширади.

 

ОАВнинг вазифаси — қўрқитиш эмас, тушунтириш

Семинарда журналистларнинг ролига ҳам алоҳида урғу берилди. Чунки вакцина ҳақидаги нотўғри маълумотлар кўпинча ижтимоий тармоқлар ва айрим текширилмаган манбалар орқали тарқалади.

Журналистлар эса мутахассис фикри, расмий маълумот ва илмий далилларга таяниб иш кўрса, жамиятда соғлом ахборот муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Вакцина ҳақида ёзишда шов-шув, қўрқув ёки сенсация эмас, балки аниқ факт, рақам ва эксперт хулосаси биринчи ўринда туриши керак.

Вакцина олган инсон аввало ўзини ҳимоя қилади. Аммо бу билан у атрофидаги бошқа инсонларни ҳам муҳофаза қилади. Айниқса, ҳали эмланиш ёшига етмаган чақалоқлар, иммунитети заиф инсонлар, оғир касалликка чалинган беморлар учун жамоавий иммунитет ҳаётий аҳамиятга эга.

Шунинг учун эмлашдан бош тортиш фақат шахсий танлов сифатида қаралмаслиги керак. Бу қарор жамиятнинг энг заиф қатламларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

ЖССТ ва ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, қизамиқ каби касалликларнинг олдини олиш учун икки дозали вакцина қамровини юқори даражада сақлаш зарур. 

Тошкентда ўтказилган “Вакцинация самарадорлиги: афсоналарни инкор этиш йўлида” мавзусидаги семинар бугунги кунда вакцинация масаласи қанчалик долзарб эканини яна бир бор кўрсатди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, вакцина — касаллик келгандан кейин эмас, касаллик келмасидан олдин ҳимоя қиладиган восита. Унинг асосий мақсади инсон ҳаётини сақлаш, жамиятда хавфли инфекциялар тарқалишининг олдини олишдир.

Қизамиқ, грипп, гепатит В, ВПЧ, полиомиелит ва бошқа кўплаб касалликларга қарши курашда вакцинация энг самарали профилактик чоралардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги вазифа эса битта: аҳолига қўрқув эмас, ҳақиқатни етказиш. Чунки вакцина ҳақидаги ҳар бир тўғри маълумот — бир инсоннинг саломатлиги, бир боланинг ҳаёти ва бутун жамият хавфсизлиги учун хизмат қилади.

 

Зулхумор Акбарова