Коронавирус инфекциясига қарши маҳаллий вакцинани ишлаб чиққан қозоғистонлик мутахассислар уни ўзларида синаб кўряптилар, деб хабар беради ТАСС, Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб. Аниқланишича, дори воситаси Биологик хавфсизлик муаммолари Илмий-тадқиқот институтида яратилган экан. Вакцинани ишлаб чиққан етти нафар мутахассислар, вирус билан ишлашда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўз ихтиёри билан уни ўз таналарида қабул қилганлар.

Вазирликда таъкидланишича, мутахассислар ўзларини яхши ҳис қиляптилар ва ишлашда давом этяптилар.

Мазкур вакцинанинг клиник синовининг биринчи фазаси сентябрда Олмаота шаҳрида бошланиши кутиляпти. Унда организмида коронавирусга қарши антижисмлар бўлмаган 18 ёшдан 50 ёшгача 44 нафар кўнгилли иштирок этиши кутиляпти.

Яқин ўтган кунларда Қозоғистонда 907 коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати аниқланган. Бундай маълумотларни COVID-19ни тарқатмаслик бўйича идоралараро комиссия ахборотига таяниб «Интерфакс» келтиряпти.

Пандемия бошланган даврдан мамлакатда 97 829 коронавирус билан касалланиш қайд этилган бўлиб, улардан 72 минги соғайиб чиққан. Касалликдан қурбон бўлганлар эса 1 189 кишини ташкил этади.