Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтишимиз ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун биздан талаб қилинадиган учта муҳим шартга қатъий амал қилишимиз лозим. Зеро, бунинг учун барча имкониятимиз мавжуд.
Вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти бўлган вакцинация бизга яратилган имконият кўплаб давлатлар, халқлар учун ҳавас. Бугунги кунга қадар юртимизга 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келинди. Ватандошларимизга қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича танлов имконияти берилди. Лекин биз шу имкониятдан тўлақонли фойдалана олмаяпмиз.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, эътибор қаратишимиз зарур бўлган иккинчи масала — шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқобда юришга нисбатан енгил қараш кайфияти пайдо бўлди. Ваҳоланки, ўтган йили карантин талабларига қатъий риоя этиб, муайян кўникмага эга бўлгандик.
Учинчи муҳим масала — касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган юртдошларимизнинг дори-дармонни палапартиш истеъмол қилишининг олдини олиш. Тан олиш керак, ўтган бир ярим йил давомида мутахассисларимиз коронавирусни даволаш борасида етарли тажриба тўплади. Бироқ айрим юртдошларимиз бу тажрибани назар-писанд қилмай, мутахассис тавсиясига эмас, балки қўни-қўшниси ёки танишининг гапига кўпроқ қулоқ соляпти. Турли-туман дориларни истеъмол қилиб, оғир аҳволга тушяпти.
Мана шу ҳолатларни инобатга олиб, Тошкент тиббиёт академияси илмий-педагогик жамоаси талабаларга мурожаат билан чиқди. Чунки аҳоли орасида энг ҳаракатчан қатлам — ёшлар. Улар ҳамма жойда ҳозиру нозир — кўчада, жамоат транспортида, ўқув курслари, маданий марказлар, спорт майдонлари, турли тадбирлар...
Хусусан, Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган 6 минг нафардан зиёд талаба юқорида саналган жойларга қўшимча равишда ҳар куни беморлар олдида, шифохона ва клиникаларда бўлади. Демак, ёшларни коронавирусга қарши эмлаш — зарур ва долзарб масала. Бу, аввало, бурч ва масъулият, Ватанимиз осойишталиги ва халқимиз тинчлиги, оилаларимиз фаровонлиги тўғрисида қайғуриш, дегани.
Вакцинация тадбирларида фаол қатнашган ёшлар тўлов-шартнома суммасидан 10 фоизли чегирмага ҳам эга бўлиши тушунтирилди. Бугун аҳоли орасида вакцина тўғрисида салбий муносабатлар, афсуски, йўқ эмас. Бу эса коронавирусни енгишда юртдошларимиз ҳамжиҳатлигига тўсқинлик қилаётган энг катта омил.
Инсон психологиясига хос хусусият мавжуд: пули тўланмаган хизмат қадрсиз бўлади. Бир пайтлар одамлар гриппдан ҳимояланиш учун болаларини пул тўлаб эмлатарди. Бугун давлатимиз бутун халқнинг саломатлиги тўғрисида қайғуриб, мавжуд муаммони бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, биргина Тошкент шаҳридаги “103” хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 4 минг 700 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Жумладан, атиги 10 кун ичида (19 июлдан 28 июлгача) 46 минг 569 та чақириқ келиб тушган. Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирус ташхиси қўйилган ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриган 12 минг 933 нафар беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ҳар куни телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали шифохоналарга олиб борилаётган оғир аҳволдаги беморлар, ўлим билан олишаётганлар ҳолати очиқ, такрор-такрор кўрсатиляпти. Уларнинг ўз вақтида вакцина олмай шу ҳолатга тушгани ҳақидаги пушаймонлиги намойиш этиляпти. Шунга қарамай, аҳоли орасида ҳали-ҳамон вакцина олишга шошилмаётганлар, ҳатто вакциналар самарасиз экани тўғрисида асоссиз фикрлар билдираётганлар учраяпти. Агар шу инсонлар бир марта коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган шифохоналарнинг бирортасига бориб, у ердаги ҳолатни кўрса ёки беморлар билан суҳбатда бўлса, шу ондаёқ бошқача фикрлар ва вакцина олишга шошилган бўлар эди.
Оммавий эмланиш — коронавирус пандемиясини енгишнинг ягона йўли. Мамлакатимизда барча эмланмас экан, бу масалани ҳал қилиб бўлмайди. Касаллик аҳоли орасида айланишда давом этавериши мумкин. Бутун дунёдаги саросимали вазият бизга кўп жиҳатдан сабоқ бўлиши даркор. Кўз ўнгимизда одамлар ҳаётдан кўз юмяпти. Минг афсуски, улар орасида болалар ва ҳомиладор аёллар ҳам бор.
Ақл юритадиган бўлсак, вакцинация бир одамни эмас, халқни ўйлаб қилинаётган ғамхўрлик. Агар бирлашиб, аҳиллик билан 70 фоиз аҳолини эмлашга эришилса, касаллик чекина бошлайди. Яна бир муҳим жиҳат. Реабилитация жараёнига жиддий эътибор қаратиш керак. Шу ўринда Тошкент тиббиёт академиясининг болалар касалликлари профилактикаси кафедрасида шу мавзуга бағишланган тўртта диссертация иши бажарилаётганини айтиш жоиз.
Ёш олимларимиз тажрибадан келиб чиқиб, юрак-қон томир ва гемостаз тизимидаги ўзгаришлар, буйрак бези ва қалқонсимон без функцияси фаолиятининг пасайишига доир тўртта илмий ишга қўл урди. Бу эса, яқин келажакда болаларни реабилитация қилиш жараёнини яхшилашга ҳисса қўшади.
Турдиқул БОБОМУРОДОВ,
Тошкент тиббиёт академияси проректори