Мамлакатимиз CОVID-19га қарши эмлашни амалга оширишга тайёргарлик кўраётгани сабабли, бугун БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСEФ пойтахтимиздаги «Миллий» стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширди.

Шу муносабат билан ўтган тантанали маросимда Бош вазир ўринбосари Б. Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири А. Хаджибаев, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М. Мамедзаде ва бошқа масъуллар иштирок этишди.

Тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион долларни ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукаммаллаштириш доирасида ажратилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирга сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, вакциналарни маълум бир ҳароратни сақлаган ҳолда ташиш жуда муҳим. Бунинг учун махсус автомобилларнинг топширилиши эса совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ҳамда вакциналарни мамлакат бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташишга ҳисса қўшади.

Шунингдек, COVID-19га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жадал олиб борилаётган ҳозирги даврда уларни адолатли тақсимлаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

— Ҳеч кимни четда қолдирмасдан COVID-19га қарши эмлашни адолатли ўтказишга тайёргарлик кетаётган вақтда Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, — деди ЮНИСEФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Ишончим комилки, ушбу ҳамкорлик барча ҳудудларда аҳолини вакцинация ишлари билан тўлиқ қамраб олиш сари яна бир қадам бўлади.