Маълумот ўрнида: IV-ХV acpларга оид ушбу объект давлат муҳофазасида бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019  йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатида 603-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сон қарорининг 11-бандига кўра, объектни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича 2021 йил 4 октябрда ЮНЕСКОга таклиф киритилган.

Ўрганиш жараёнида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Тўймурод Холмурод ўғли” фермер хўжалиги раҳбари А.Қ. тегишли идораларнинг хулосаларини олмасдан объектнинг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, ер қазиш, ер тузиш, экин экиш ва мелиорация ишларини амалга оширганлиги, жумладан, ариқ қазиб, фермер хўжалиги ер майдонини археология объекти муҳофаза майдони ҳисобидан кенгайтирганлиги маълум бўлди. Бу эса объектнинг Рабод қисми маданий қатлами йўқотилиши, ҳудуддаги саксовул дарахтларининг нобуд бўлиши ҳамда ер қаърида сақланиб келаётган қадимги тарихий топилмаларнинг йўқотилишига сабаб бўлган. 

Ўрганиш якунида археология ёдгорлигининг Рабод қисми ер майдонининг 1.800 квадрат метр қисмига шикаст етказилиши оқибатида давлат манфаатларига 26 млрд. 730 млн. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.

Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан  Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Бухоро вилоят прокуратурасига юборилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 
Ахборот хизмати