У ҳам бўлса, ўзбек давлати — Туронда юз берадиган ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий юксалиш эртами-кечми, аввало, ён-атрофни, сўнг бутун дунёни қамраб олиши қоидасидир. Унга оид далиллар давлатимизнинг 3000 йиллик бисотида етарлича топилади. Бироқ улар орасида энг ёрқини ва кўламлиси, албатта, эл-юртимизга Амир Темур бош-қош бўлган паллага тўғри келади.
Дунёни мўғулларнинг 150 йиллик исканжасидан озод этган Соҳибқирон 20 йил деганда Туронни бирлаштириш, 35 йилда Самарқандни жаҳоннинг сиёсий, иқтисодий ва илмий-маданий марказига айлантиришга эришди. Ўртаер денгизидан Хитой девори, Москвадан Деҳлигача ястанган улкан кенгликни қамраб олган улуғ салтанатда кейинги юз йилда кечган ва темурийлар олтин асри — Иккинчи Уйғониш даври ўлароқ тан олинадиган миллий ва умумжаҳон юксалиши пойдеворини ҳам Амир Темур қўйгани тарихий ҳақиқат.
Шоҳрух Буюк темурийлар салтанати бирлигини сақлаш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, жумладан, илмий-маданий юксалишни уддалаган улуғ шахсдир. Амир Темурнинг набираси Абусаид эса бобоси меросини тиклашга қаттиқ уринган ва шу йўлда қурбон бўлган жафокаш ҳукмдордир. Шундан кейин 550 йил ичида биз Соҳибқирон даврида эришилган марралар ва мақомимизни қўлдан бой бердик.
Таҳлилни айнан тарихий чекинишдан бошлаганимиз бежиз эмас. Бундан мақсад ўтмишдаги буюклигимизда ҳам эмас. Муддаомиз битта: ўтмишдаги хатоларимизни такрорламаслик, ҳозирги туриш-турмушимизда кечаётган тарихий ўзгаришлар, янгиланишлар, қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ва қилинажак ишлар аҳамиятини англаш, етиб келганимиз — шундай кунларни қадрлаш, ўз кучимизга ишониш, биргаликда ўйлаш ва хулосаларга ундашдир.
Бугун АҚШ деганда, 42,5 миллион квадрат километр майдонга эга, аҳолиси 1 миллиарддан ортиқ қитъани эмас, балки шу йил ёзда 250 йиллигини нишонлайдиган мамлакат тушунилиши, мазкур ҳолат ушбу давлатнинг сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва илмий-технологик куч-қудрати билан боғлиқлиги ҳам бор гап. Бироқ биз — ўзбеклар учун “янги дунё” кўп ҳам янгилик эмас.
Европаликлар уни 15-юзйиллик сўнгида кашф этган бўлса, океан ортида қуруқлик борлигини биз 1030 йилдаёқ билганмиз. Ўзбекнинг энг улуғларидан саналмиш Абу Райҳон Берунийнинг “Ернинг одамлар яшайдиган қисмини бундай тасаввур қил: шу қисм Ернинг шимолий ярмида бўлиб, бу эса ярмининг ярмини ташкил этади. Демак, Ернинг тўртдан бир қисмида одамлар яшайди. Шу қисмни муҳит (океан) деб аталадиган денгиз Ғарб ва Шарқ томондан ўраб туради... Бу денгиз Ернинг шу қисми билан ўзининг нариги томонида бўлиши мумкин бўлган қуруқлик ёки одамлар яшайдиган қитъа орасини Ғарб ва Шарқ томонларидан ажратиб туради”, деган хулосасининг ҳам илмий, ҳам амалий моҳиятини тушунган тушунади, тушунмаган эса йўқ!
Тушунганлар “Кимки бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилгудек бўлса, биз қурган иморатларга боқсин” деган таъкид шунчаки иншоотлар салобати ва бежиримлиги билан эмас, балки миллатимизга хос бунёдкорлик ва билимдонлик омили билан боғлиқлигини доим англаб етган. Англаб етганлар эса, масалан, ўтган асрнинг 60-йилларида, мустамлакачилар қиличини қайраб турганига қарамай, “Колумбда бор аламим маним, Ўзбекистон Ватаним маним”, дея ҳайқира олган. Мазкур ҳаққоний битиклар эгаси, улуғ шоиримиз Абдулла Орипов тирик бўлганида эди, олтмиш йиллик армонию Абу Райҳон Берунийнинг 1000 йиллик башорати ушалаётган, янги Ўзбекистон ҳақида бир-биридан гўзал ва асосли шеърлар битган бўларди!..
АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” бўйича фикр ва баҳолар бир хил бўлмаганидан яхши хабардормиз. Бунинг сабабларию баҳоналарини чамалашга ақлимиз ҳам етади. Бироқ мазкур кенгашнинг илк йиғилишига ҳар ким ҳам чорланмагани ва чорланганлардан ҳар ким ҳам ўз сўзини айтишга журъат қилолмагани аниқ.
Шу маънода, Президентимизнинг Вашингтонга ташрифи ҳам тарихий, ҳам замонавий жиҳатларга кўра тасодифан юз берган воқеа эмас, балки сўнгги тўққиз йилда дунё сиёсий, иқтисодий ва маданий борлиғининг энг кекса ўчоқларидан бирида кечаётган сифат ўзгаришлари, уларнинг яқин-узоқлардаги кенгликлар ва халқаро тузилмаларга кучли таъсирини тан олиш ҳамда ушбу куч билан ўз вақтида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш натижасидир десак, тўғри бўлади. Қолаверса, Дональд Трампнинг ўзи ушбу таъкидимизни тасдиқлаб берди: “Президент Мирзиёев менинг дўстим. У ўз юртини жадал ривожлантирмоқда, у ҳар қандай муаммони ҳал қиладиган инсон!”.
Бугун бутун олам сиёсий, ҳарбий, иқтисодий туриш-турмушининг диққат марказида турган шахснинг бундай эътирофи шунчаки эмаслиги аён, албатта. Чунки у сиёсий, иқтисодий зўравонлик, ижтимоий ночорлик гирдобидан қутула олмаган ўзбек жамиятига эркинлик берган, юртдошларидаги ички қўрқувни йўқотган, халқини 150 йиллик пахта қуллигидан қутқарган, демократия, инсон ҳуқуқлари, бозор иқтисодиёти, ижтимоий давлатчиликка асосланган бутунлай янгича тизим пойдеворини ярата олган, асрлар ичра йиғилиб келаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий чигалларни ечишга эришган, ўз эл-юрти учун қайғураётган миллий етакчи Шавкат Мирзиёев эканини жуда яхши билади!
Шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш бешиги бўлган, бироқ юз йил бурун мустамлакачилар парчалаб-майдалаб ташлаган тарихий Турон — эндиги Марказий Осиёни уруш-талаш ёқасидан қайтариб, бирлаштириш ва минтақавий тараққиёт изига солиб юборишни 1,5 йил, ушбу жараёнга Озарбайжоннинг ҳам қўшилишини 9 йилда уддалаган шахс Ўзбекистон Президенти эканини ҳам жуда яхши билади!
Номи бор-у, зарби йўқ Туркий кенгашнинг Туркий давлатлар ташкилотига айланишида ҳал қилувчи куч бўлган, туркий дунёнинг бирлаштириш имконини яратган етакчи айнан Шавкат Мирзиёев эканини ҳам жуда яхши англайди!
2025 йил февралида давлатимиз раҳбарининг ислом оламининг шарқий чеккасида жойлашган Малайзияга ҳар томонлама унумли ташрифи 2017 йил майда Саудия Арабистонига расмий сафаридан кейинги саккиз йиллик жараён — янги Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги азалий ўрнини тиклашга ўзига хос бирламчи якун ясагани, Шавкат Мирзиёев ғоясига кўра Тошкентда қад кўтарган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда барпо этилган Имом Бухорий мажмуасининг тез орада жаҳон мусулмонларининг мўътабар зиёратгоҳларидан бирига айланишини қамраб олган кечмишнинг эртаси қандай тус олишига оид таҳлилларни у жуда яхши билади!
Совет қўшини бостириб киргандан ўтган қирқ йилда жиловини ҳеч кимга бермаган афғон давлати билан муомала тилини топа олган, трансафғон темир йўлини хомхаёлдан воқеликка айлантирган, Россия, Хитой, Япония, Европа билан бир маромли ва ўзаро фойдали сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни ўрнатган, ўзбек давлати манфаатлари Жанубий Америкагача етиб боришини билдириб қўйган ҳам Ўзбекистон раҳбари эканини у жуда яхши билади!
Қисқаси, АҚШ Президенти Вашингтонга Тинчлик кенгаши аъзоларидан бири эмас, балки ҳам ўз юрти, ҳам кенг кўламли халқаро муносабатларда салмоқли натижаларга эришиб бўлган атоқли арбоб — Шавкат Мирзиёев ташриф буюраётганини жуда яхши англаган!
Кенгашнинг илк йиғилиши Ўзбекистон етакчисининг мазкур устунлик ва фазилатларини яна бир марта тасдиқлаб берганини бутун дунё кўрди, сиёсатчилар эсида қолди, таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари эътибордан қочирмади. Нуфузли тадбирдаги расмий чиқишларни бирма-бир кўздан кечирар эканмиз, уларнинг кўпи мезбонга мулозаматдан иборат умумий йўсинда бўлгани ҳолда Ўзбекистон Президенти ўз иш услубига содиқ қолиб, бутун диққатни муаммо ва ечимига қаратди. Жумладан: “Биринчидан, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон бериши керак. Иккинчидан, Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим. Учинчидан, барча саъй-ҳаракатлар Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилиши керак. Тўртинчидан, “Биз Янги Ғазони — иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”, деди.
Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлиги борасидаги таъкиди эса давлатимиз раҳбарининг хоҳ ўз юртида бўлсин, хоҳ чет элда, муаммо бор ерга қуруқ қўл билан эмас, аниқ маблағ ва лойиҳалар билан боришдек иш услубини яна бир бор намоён этди.
Вашингтон Ўзбекистон раҳбарининг муаммолар ҳал этилувига қаратилган яна бир ёндашувига шахсан гувоҳ бўлганига урғу бермаслик мумкин эмас. У ҳам бўлса, чигал ечимини жойидаёқ таъминлаш! АҚШдаги йирик банк, ишлаб чиқариш, сармоя тузилмалари етакчилари ҳукуматимиз аъзолари, ҳокимларимиз иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бунга шахсан гувоҳ бўлди. Улар Президентимизнинг Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлиги ишончли, қоидалари аниқ-равшан, узоқ муддатли бўлиши мантиғига асосланиши борасидаги таъкидини жуда яхши тушунди деб ўйлаймиз.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Давлатимиз раҳбарининг иш услуби шундай! Акс ҳолда, 12 соатдан ортиқ вақтда 10,5 минг километр йўл босиб, океанортидан қайтилган куниёқ Қорақалпоғистоннинг бугунги аҳволи таҳлили ва эртанги ривожи билан боғлиқ кенг қамровли масала билан шуғулланмаган бўларди. Шу маънода, 1997 йилдан 2016 йилгача ўтказилган, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ярим ва бир йиллик якунларига бағишланган деярли барча йиғилиш гувоҳи сифатида бир нарса эсга тушади. Ҳар қандай миллий иқтисодиётнинг тириклиги саналган пул-кредит соҳасидаги вазият бўйича ҳар гал фикр билдирадиган Марказий банк раиси “Ҳаммаси яхши, фақат Шуманай туманида айрим кичик муаммолар бор”, деб қўярди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Бутун юрт у ёқда турсин, бирор ҳудуд, айтайлик, Қорақалпоғистондаги аянчли аҳвол, масалан, Мўйноқнинг қисмати ҳақида сўз очиш мумкин эмасди...
Бугун барчасини очиқ айтса бўлади. Айтишгина эмас, узоқ вақтлардан буён ечимини кутиб ётган муаммоларни ҳал қилиш имкони бор! Бўлганда ҳам ўша ҳудуднинг ўзида бор. Масалан, мазкур йиғилишда Президентимиз Қорақалпоғистон 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 миллион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захираларига эгалигига алоҳида урғу берди. Бошқача айтганда, ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий муаммо ечимини ўша ернинг ўзида топса бўлади, аниқроғи, бўлар экан. Гап уларни кўриш ва юзага чиқара олишда.
Янги Ўзбекистон шу йўлдан кетмоқда. Бунинг исботини Қорақалпоғистон мисолида кўриш мумкин. Саккиз йил олдин ҳудуд иқтисодиёти аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда эди, бугун эса еттинчи ўринга кўтарилган! Илгари саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етган. Умумий экспорт 2016 йилдагига нисбатан 3,5 баробар ошиб, 2,1 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Мазкур кўрсаткичлар орасида диққатимизни тортиб, таҳлилга ундагани Қорақалпоғистонга тўғридан тўғри хорижий сармоя ҳажми 2025 йили 2,5 миллиард долларга етганидир. 2016 йил якунларига кўра, бутун миллий иқтисодиётимизга жалб этилган чет эл сармояси ва қарзлар 3,7 миллиардга тенг бўлгани инобатга олинса, янги Ўзбекистоннинг ҳар бир бўлагида юз бераётган чиндан ҳам тарихий ва сифат ўзгаришларининг сири яққол ойдинлашади- қолади.
Қорақалпоғистон мисолидаги кичик таҳлил ушбу сирнинг нимадалигига ишора берган эса-да, сўзимизни давом эттириб, давлатимиз раҳбарининг орадан бир ҳафта ўтиб, Термизга ташрифига эътибор қаратсак.
1998-2004 йиллари Сурхондарё вилоятидан Олий Мажлис депутати бўлган камина учун мазкур воҳа ва эл жуда яқин. Депутатлик кезларида сайловчилар билан учрашувларга борар эканмиз, юқори даражадаги иззат-ҳурмат, сурхонликларнинг танти ва мардлигига қарамай, бир кеча ҳам ётиб қолмасликка интилганимизни бугун тан оламиз. Сабабини энди рўй-рост айтиш мумкин: Тошкент ҳам жуда илғорлаб кетмагани ҳолда Термиз анча қолоқ эди. Ўзимиз сайланган Шеробод, Ангор туманларини айтмаса ҳам бўлади. Энг азиз меҳмонлар учун мўлжалланган макон — вилоят ҳокимлиги қўноғи ҳам кишини бир тунаб кетишга “кўндира олмасди”.
Депутатлик учрашувларини ўтказишга арзигулик ва одам йиғишга қулай жой мактаб бўлгани учун ўқитувчи, ўқувчиларнинг ҳаққоний аҳволини истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам кўрмасликнинг иложи йўқ эди. Ўшанда ҳам пахта мавсуми ўтгач, илиқ ё иссиқроқ кунларда бориларди. Чунки ўқитувчию ўқувчилар пахтага ҳайдалган ойлар — август охиридан декабргача учрашишга сайловчи йўқ бўларди! Совуқ, қор-ёмғирли пайтларда борсангиз, мактаб, боғчаларнинг иситилмаслиги ва электр энергияси йўқлигию йўлларнинг абгор аҳволи, боғча опа, ўқитувчилар ойлигининг камлигию пенсиянинг ярми ушлаб қолиниши, кўпчилик маҳаллалар бошқарувининг биносизлиги-ю, борларида ҳам коммунал харажатларни қандай қоплаш лозимлиги сингари ўткир ва ҳаётий саволларга нима дейишни билмай қолардингиз...
Энг оғири, ота-оналари, нима қилиб бўлса-да, чиройли ва озода кийинтириб қўйган бошланғич синф ўқувчиларининг дарсга интилиши, билимга чанқоқлиги, мактабга қатнай бошлаганидан чексиз қувонишига шахсан гувоҳ бўлиш, бироқ шунга яраша шароитнинг йўқлигини ўз кўзингиз билан кўриб, бунинг турли оқибатларини ақлингиз билан англаб туриш эди...
Президентимизнинг Сурхондарёга бу галги ташрифидаги тадбирларга таклиф этилганим туфайли Термизни яна бир бор кўриш, ҳамкасблар билан учрашиш имкони туғилди. Янги Ўзбекистон даврида Сурхонга илк боришимиз эса 2023 йил баҳорига тўғри келганди. Табиат ўз сепини ёйиб турган палла бўлгани сабаб Тошкентдан Термизгача машинада кетишга жазм қилган, ўшанда янги Ўзбекистон руҳи бутун юртимизни қамраб олганининг гувоҳи бўлгандик. 2016 йил кузида ҳар биримиз, жамият ва давлат ҳаётида бошланган ҳал қилувчи ва тарихий ўзгаришларнинг айнан ушбу жиҳатига диққатни тортишимиз бежиз эмас.
Гап шундаки, мустамлака давридан бошлаб янгиланишлар палласигача кечган ва ўзимиз эслаш, англаш даражасида бўлган қирқ- эллик йил ичида бир қоида кўпчилигимиз учун табиий саналган. У ҳам бўлса, Тошкентдан чиқиб, қай томон юзланмайлик, пойтахт, вилоят ва туман марказлари, қишлоқларимиз ўртасида кескин фарқ борлиги дарров сезиларди. Тошкентдаги нисбатан мўътадил шарт-шароит (йўлларнинг ҳолати, иморатлар, жумладан, уйлар, хизмат кўрсатиш даражаси ва кўлами, ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ҳар ҳолда ишлаб туриши ва бошқалар) ундан узоқлашган сайин сусайиб, йўқолиб бораверарди.
Қисқаси, “Қайдасан, Термиз”, деб йўлга тушиб, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари бўйлаб юрар эканмиз, тилга олинган ва ҳеч қаерда ёзилмаган “ўзимизга хос ва ўзимизга мос” қоида — пойтахт, шаҳарлар, қишлоқлар ўртасидаги кескин ижтимоий-иқтисодий тафовут йўққа чиққанига шахсан гувоҳ бўлдик.
Тўғри, ҳали қиладиган ишимиз жуда кўп, муаммолар ҳам етарлича. Бироқ Президентимиз ташаббуси билан бошланган янгиланишлар руҳи жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир бурчагига етиб боргани ва ўша ерлардаги ҳаётни ўзгаришга мажбур қилаётганини ҳеч ким инкор эта олмайди! Тошкентнинг кундалик туриш-турмуши — меъморчилиги, хизмат кўрсатиш тизими, таълим, тиббиёт муассасалари бинолари, энг муҳими, уй- ҳовлилар, маҳаллалар ички йўлларида юз бераётган барча сифат ўзгаришлари вилоят, туманларимиз, шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориб бўлган.
Депутатлик йилларимизда неча марта Сурхонга келиб-кетган бўлсак, биров университетга ҳам бир ўтайлик деган эмас, ўзимизнинг ҳам хаёлимизга келганмас. 2023 йилда ушбу даргоҳга илк бор қадам босиб, профессор- ўқитувчилар ва талабалар билан роса гурунг қилгандик. Ўшандаёқ университетнинг бутун инфратузилмаси, ўқув ва илмий имкониятини кўриб, анча-мунча катта ва кучли экани, мазкур марраларга сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг эътибори ва қўллови туфайли эришилаётганини билдик.
Университетга бу гал ҳам бордик. Унинг илмий-тадқиқот марказида бажарилаётган инновацион ишланмалар ва турли янги натижаларни кўриб, буларни ростдан ҳам ўзларингиз қиляпсизми, бу ерда шундай олимлар борми деган саволни бир неча марта беришга тўғри келди. Тасдиғини олгач, Президентимизнинг мактабгача ва мактаб таълиминигина эмас, олий таълим ва илм- фанни бутун Ўзбекистон бўйлаб ривожлантириш сиёсати қанчалик тўғри ва оқилона эканига тан бердик, энг асосийси, мақтаса арзигулик илк салмоқли натижаларга шахсан гувоҳ бўлдик.
Шу маънода, чуқурроқ ўйлаб кўрсак, мустақил бўлиб ҳам империячиликка хос қараш — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий бошқарув, илм-фан, олий таълим, маданият тизгинини метрополия-марказда тутиб, мустамлакаларни тараққиётдан нари ушлаш сиёсатини энди ўз доирамизда давом эттириб юраверган эканмиз.
Бундай хулосага марказ биносининг еттинчи қаватида тарихчи, адабиётчи ва тилшунос олимлар, ўқитувчилар билан учрашув чоғида туғилган бир туйғу узил-кесил туртки берганини яшириб ўтирмаймиз. Минбарда туриб, ижтимоий фанлар, хусусан, тарих фанини тизим ўлароқ тубдан ўзгартириш зарурати, соҳадаги оғир муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида сўзлаб турарканмиз, кўзимиз бирдан деразадан кўриниб турган кўп қаватли уй-жойлар силсиласи, янги қад кўтарган мавзеларга тушиб, очиғи, ғалати бўлиб кетдик. Тилда мавзуни давом эттираверсак-да, мия тўхтамай мантиқли ва адолатли саволлар билан ўққа тутарди: нега атиги тўққиз йил бурун бундай манзарани тасаввур этишнинг ўзи мумкин эмасди, цемент, темир, кўтаргичларни ўзимизда топиш шунчалар қийинмиди, бошқалар юртида қурувчилик қилиб юрган сурхонликлар бу ерда уйлар қуролмасмиди, “Тўпаланг”дан тайёр ичимлик сувни тортиб келиб, 1,5 миллион қоракўз — бутун вилоят аҳлининг ярмидан кўпини бахтли қилишга нима халал берганди, бугун Термизнинг айланма йўллари ҳам кафтдек текисликда азим Тошкентдагидан қолишмаётганда, ўн йил бурун ҳатто Шарқ дарвозаси кўчаларини асфальтлашга мазут топилмаганининг сири нимада эди?!
Саволлар туғилиши Президентимизнинг Сурхондарё вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишдаги маърузаларини тинглаш, ушбу тадбирдаги халқчил муҳитни кузатиш чоғида ҳам давом этди.
Сўнгги тўққиз йилда воҳада боғчага қамров 28 фоиздан 68 фоизга ошгани, 23 та янги мактаб қурилиб, яна 448 таси таъмирланганию қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни очилгани, 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтгани, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилаётгани, баъзи мактаб ўқитувчиларининг 2000 долларга тенг даромад топаётганига оид маълумотлар ўта қувонарли ва ҳатто ҳайратланарли. Бундан ташқари, тилга олинган кўрсаткичлар замирида юз минглаб сурхонликлар тақдири, лўнда айтганда, уларнинг ҳам бу дунёга келиб, XXI аср одамига ўхшаб яшаш, ўғил-қизларининг камоли ва бахтини кўриш умиди ва истаги ушалаётгани ҳақиқати борлиги кўзда тутилса, наҳотки, шу ишларни олдинроқ қилишнинг иложи йўқ эди деган савол ўз-ўзидан қуйилиб келиши табиий.
Бу сингари адолатли савол-сўроқлар каминадагина эмас, балки сўнгги тўққиз йилда ўз оиласи, маҳалласи, қишлоғи, шаҳрининг туриш-турмуши, чироғи, гази, суви, маҳалла гузари, фарзандлари қатнаётган боғча-мактаб, университетлар, ўзи ва яқинлари муолажа оладиган поликлиника, шифохона, юрадиган йўли, банк, молия, хизмат кўрсатиш тармоқларининг сони ва сифати, чет элларга саёҳати, қўйингки, ўта қисқа муддатда барча-барча соҳада юз берган ва юз бераётган туб, айрим жиҳатлардан айтганда эса кечагина ҳатто орзу қилиш мумкин бўлмаган ўзгаришларни кўриб, билиб турган юртдошларимизда ҳам туғилмоқда.
Олти-етти йил бурун янгиланиш жараёнининг илк натижаларини кўрган одамларимиз “Бизда ҳам қилса бўлар экан-ку”, дея ҳам қувониш, ҳам қониқиш туйғуларини билдирган бўлса, энди “Шу ишлар нега илгари қилинмаган?” деган саволни қўймоқда. Шахсан биз учун мана шуниси ўта муҳим. Негаки бу — қоракўзларимиз тафаккурида юз бераётган сифат ўзгаришларининг тасдиғи. Демак, юртдошларимиз ўз тақдирининг ожиз томошабини эмас, балки ҳаққоний эгалари бўлиш сари илдамламоқда. Энди уларга “бўлар экан-ку”, дейиш қизиқмас, улар “нега илгари бўлмагани”ни билишни истамоқда! Демак, ҳозир уларга ўтмишда бой берганларимизнинг ҳам, кейинги тўққиз йилда қўлга киритилган барча марра ва ютуқларимизнинг ҳам сабаб ва омилларини тушунтирувчи таҳлиллар керак.
Мазкур иш бугун унчалик ҳам қийин эмаслигини биламиз. Чунки ихтиёримизда ҳар бир оила, маҳалла, қишлоқ ва туман ҳаёти, тармоқлар ривожи билан боғлиқ чексиз ва жонли далиллар бор. Миллий ахборот маконимиз ва статистика кўрсаткичларининг кўлами ҳам жуда кенг. Бу борада, айниқса, Президентимизнинг ҳар бир чиқиши ва таҳлили ўта қўл келишини ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардик. Айтайлик, Сурхондарё ҳаётидаги тарихий ўзгаришларнинг иқтисодий омили Термиздаги маърузада аниқ-тиниқ кўрсатилган: ўтган даврда ҳудудда 5 миллиард долларлик 8000 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилди.
Демак, вилоятдаги марралар, энг аввало, ҳудуд иқтисодиётида рўй берган туб сифат ўзгаришлари билан боғлиқ. Агар юқорида тилга олинган маълумот — 2016 йили миллий иқтисодиётимизга четдан бор-йўғи 3,7 миллиардлик сармоя ва қарз жалб этилганини эсласак, бугун биргина Қорақалпоғистон ёки Сурхондарёнинг иқтисодий қудрати бутун бир давлатимизнинг кечаги кўрсаткичидан қолишмаётганини тасдиқлайди-қўяди.
Термиздаги йиғилиш камина учун яна бир жиҳати билан қимматли бўлди. У ҳам бўлса, тарих халқники бўлгани ҳолда, уни аслида шахслар яратишига оид қарашимизни тасдиқловчи ҳамда истиқлол йиллари рўй берган айрим воқеалар бўйича билимимизни бойитувчи қимматли далилларни қўлга киритишга эришдик.
Давлатимиз мустақиллиги тиклангач, олдимизда турган энг катта ва оғир ишлардан бири Ўзбекистонни халқаро майдонда тан олдиришдан иборат бўлгани ҳали-ҳамон эсимизда. Шу маънода, Эрон Президенти Али Акбар Ҳошимий-Рафсанжонийнинг 1993 йил октябрдаги давлат ташрифи алоҳида аҳамият касб этиши табиий эди. Ушбу юксак мартабали меҳмон камина ўша кезларда ишлаб турган Шарқшунослик институтига ҳам келган ва олимлар билан учрашган. Бундан, айниқса, биз, эроншунослар жуда қувонганмиз. Шу тариқа ушбу юртга йўл очилиши, у ерда сақланаётган, тарихимизга оид қўлёзма асарлардан баҳраманд бўлишга умид қилганмиз. Бироқ давлатимиз раҳбари Термиздаги йиғилишда айтиб берган бир тарихий тафсилот — ўша куни институтимиз биносидан бир неча ўн қадам нарида юз берган воқеа эндигина мустақил қадамини қўяётган мамлакатимиз шаънига ўчмас доғ туширишидан ташқари янги Ўзбекистонимиз асосчиси босиб ўтган йўлнинг қанчалар қалтис бўлганини кўрсатиб берди.
Демак, ўша куни эрталабки соат 10 да икки давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек ҳайкалига ҳурмат бажо келтириб, сўнг Шарқшунослик институтига ўтиши режалаштирилган. Бундан ўша кезлари Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган, мазкур маъмурий ҳудуд учун биринчи жавобгар шахс — Шавкат Мирзиёев ҳам хабардорлигию ташриф билан боғлиқ барча тегишли тайёргарлик ишлари кўриб қўйилгани табиий. Аммо соат ўнта кам еттида — давлат миқёсидаги тадбирга уч соатча қолганида, ҳайкалнинг боши том маънода кесиб кетилгани маълум бўлиши ҳеч қанақасига, кутилмаганлигидан ташқари, бугун ҳам ақлга сиғмайди.
Бундан тез хабар топган Шавкат Мирзиёев саросимага тушмаган, бундай пайтларда ҳар қандай инсонни эгаллаб олиши муқаррар чорасизлик ҳис-туйғуларига ҳам берилмаган. Қолаверса, ўша кезлари айрим каттаконларнинг қандай бўлмасин, уни йўқотиш пайига тушганларию катта куч сарфлаганига қарамай, ўзига қарши бирор айб тополмагани ва тополмасликларини ҳам яхши билган. Ўша ҳал қилувчи дақиқаларда хаёлини нима банд қилганини Президентимизнинг ўзи мана бундай тушунтириб берди: “Уларнинг муддаоси битта бўлган — мени йўқотиш, бироқ мен-ку, майли, улар ҳатто миллатимиз ва давлатимиз обрўсига етказиладиган улкан зиён ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган”.
Энг муҳими, ўта қисқа муддатда ҳайкални ўзидек қилиб тиклаб, олий мақомдаги меҳмоннинг ҳам Мирзо Улуғбек ҳайкали, ҳам Шарқшунослик институтига ташрифини юксак даражада ўтказишни таъминлагани ҳақида эшитганимизда ўша ўта хунук, бироқ охири хайрли тугаган воқеадан 33 йил ўтиб, Дональд Трампнинг “Президент Мирзиёев ҳар қандай муаммони ҳал қиладиган инсон”, деб айтганини эсладик.
Чиндан ҳам Шавкат Мирзиёев 2016 йил кузидан эмас, аллақачондан буён миллати, давлати, халқига қайғуриб келган, бутун борлиғи ва умрини қоракўзларининг оғирини енгил, ҳаётини бахтли қилишга бағишлаган, янги Ўзбекистонни яратишдек ўта оғир ва қалтис, бироқ шарафли ишга ишонч билан киришган, жуда қисқа муддатда умуммиллий ва халқаро миқёсда оламшумул марраларни забт эта олган буюк шахсдир.
Азамат ЗИЁ,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Тарих институти директори,
академик