Билгичларнинг айтишича, дастлабки шеърий намуналар бугундан етти минг йил нари қадимги Юнонистонда дунёга келган экан. Маълумингизким, ўша даврларда юнонлар илк давлатчилик асосларини ярата бошлаган, буюк бунёдкорлик завқи-шавқи миллатни жунбушга солган, айни илҳом ҳосиласи сифатида шеър ва шоир пайдо бўлган эди. Шу тариқа, оҳангга солинган қаҳрамонлик достонлари, мардлик эпослари дунёга келди. Демак, шеър катта эврилишлар самараси, шоир ҳам жамият бурҳонлари мевасидир. Ҳа, шоирни давр яратади. Чин шоир эса ўз даврига асос солади.
Одамзод ҳамиша янгиликка ташна, қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъи назар инсонга доимо мужда керак. Эскича яшаб, эскича бошқариб, эскича куйлаб бўлмайдиган бир пайтда адабиёт адирида Муҳаммад Юсуф деган шоир пайдо бўлди. Устозларимиз Муҳаммад Юсуфни адабиётга қандай кириб келганини халқ сезмай қолди, деган фикрни айтишади. Лекин ўша пайтда мактаб ўқувчиси, кейинчалик талаба бўлган бизнинг тенгқурлар Муҳаммад Юсуф деган шоирнинг илк қадамларидан бошлаб кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил кузатиб борганмиз. Муҳаммаджон Юсупов номи билан етмишинчи йиллар охирида “Ёшлик” альманахида чиқиши, “Муштум” журналида чоп этилган ҳазиломуз шеърлари бир ўқишдаёқ маъқул тушган, топишмоқнамо ва мадҳиясифат ашъор бадига урган ўқувчилар унинг фавқулодда тиниқ ва ўзбекона сатрларини жўшиб ёд ўқирди.
“Хўжайин келади:
— Нима ёзяпсан?
— Шеър... Кулиб чиқиб кетар:
— Майли ёзавер...
...Хўжайиннинг қизи келади,
Жим кириб, жим чиқиб кетади,
Юрагимни сиқиб кетади...
Энди чексам сигаретамдан
Атиргулни иси келади...”
Муҳаммад Юсуфнинг энг асосий, ўзига хос жиҳати қайси деганда, унинг халққа яқинлиги, самимияти, оддийлиги, оҳангдорлиги деб айтамиз. Бу тўғри, лекин менинг назаримда, устоз ижодининг жозибаси ва шираси одамзодни инсонийликка, инсонпарварликка чорлайдиган ўлмас ғоясида бўлса керак. Гарчи миллий оҳангларда шеърлар яратган бўлса ҳам унинговози жуғрофий ҳудуддан олисларга таралиб, умуминсоний моҳият касб этди. “Дард” сўзи ҳар элатда ўзгача янграса-да, туйғуси битта — қон ва кўзёшининг рангию таъми бир хил бўлмайдими ахир! Шоирнинг илк китоби — “Таниш тераклар”даги илк шеърлардан бирида шундай мисралар бор:
“Терлар бўлиб сув оқди биздан
Ва гурсиллаб йиқилди терак.
Ака бизнинг қилмишимиздан
Тунда қушлар йиғласа керак...
...Баланд бўлди уйимиз тоғдек,
Айвонида устун ул терак.
Биз яшармиз кўнглимиз чоғдек,
Шунда қушлар йиғласа керак...”
Терак, одатда, қурилиш ашёси сифатида кўрилади ва экилади. Қишлоқда яшаб, умрида терак экишда ва кесишда қатнашмаган ўзбек йигитини топиш қийин. Бу табиий ҳол. Очиғини айтганда, кўплашиб дарахт ағдаришнинг ажабтовур гашти бўлади. Эҳтимол бу ҳашар кайфияти билан боғлиқдир. Дарахт ағдарилдими, уй бино бўлади. Яхшиликками? Яхшиликка! Лекин шоир бизнинг яшовчан мантиғимизга кўнмайди. “Эй одам, дейди, сен бировнинг уйини вайрон қилиб уй қурасанми? Фақат сенга бошпана керагу, бошқаларнинг боши дўлда қолсинми, дейди. Шундан кейин ҳам одаммисан сен? Агар шу инсонгарчилик бўлса, бор-э! Қурган уйингданам ўргилдим!” деб қўл силтаб жўнаворади. Ҳар ҳолда мен Муҳаммад аканинг ана шундай муносабатини кўз олдимга келтираман
“Она чумчуқ айланиб, кетмас,
Кўнглига қил сиғмаса керак.
Эски индан ташиб бориб хас,
Янги инда йиғласа керак...”
Бировнинг уйини, ҳатто қушниям инини бузмагин, озор бермагин, деган нақлни Муҳаммад Юсуф қанақанги таъсирчан, ультрагуманизм ўлчамида тасвирлайди. Албатта, ҳаммамиз Навоий бобомизнинг чодирларига мусича уя қурганини, ногоҳ фармони олий кўчишга амр қилгани, ҳазратим эса мусичали қўналғага қўриқчи қўйиб, полапонлар парвозидан сўнггина чодир йиғишни тайинлаганини биламиз. Хемингуэй — Хем тоға эса, уруш кўрган, ярадор ва безор бўлган инсон сифатида урушга уруш эълон қилади: “Қирғинбаротга сабаб бўлган кимсаларни, уруш орқасидан сармоя йиғадиган корчалонларни деворга қўйиб отиш керак! Қон тўкилишига доҳил бўлган ҳар қандай банда маҳкумга айлансин. Мабодо айбим бўлса, мениям деворга қўйинглар!”. Ўзбекнинг Муҳаммад Юсуфи ўзбекона рамзлар билан, ўзбекнинг тераги, чумчуғи, толбешиги билан дунёшумул масалани кўтаради:
“Мен кимга ишонай ёлғиз боламни?
Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин!”
Рассомчиликда оқим, услуб ва турлар жудаям кўп. Графикадан тортиб мойбўёққача, натюрмортдан портретгача, реализмдан авангардизмгача... Аммо ҳаммаси ранг-тасвир орқали инсоннинг кўнглини уйғотишга, завқлантиришга, тасаввурини бойитишга, илҳомлантиришга қаратилган. Тошқояларга чизилган петроглифлару Ван Гогнинг ақл шоширар чизмалари моҳиятан яхлит. Рассом услубини қабул қилмаганингиздаям ижодкорнинг истеъдодини ҳис қилиб турасиз. Жаконданинг кўзлари сизни қандай ҳаяжонга солса, Пикассонинг “Кабутар”иям шундай хаёлга чулғайди. Истеъдод, аслида, ўша қолиплардан қочиб, ўзининг бетакрор қолипини яратади. Шоирлар ҳам шунақа. Аммо асл шоир атай услуб танламайди. Унга Худонинг ўзи йўл кўрсатади.
Агар сиздан, “Замоннинг энг машҳур шоири ким?” деб сўрашса, “Муҳаммад Юсуф”, деб айтасиз. “Энг кўп нусхада китоби чоп этилган шоир ким?” деб мендан сўрасангиз, “Муҳаммад Юсуф” деб айтаман. Устознинг чоп этилган китоблари икки миллиондан ошиқ. Ҳар йили барака топгур нашриётлар басма-бас босиб турибди. Нега? Одамзод ҳамдард, ҳамсуҳбатга ҳамиша зор экан-да. Муҳаммад ака кўнглингиздаги гапни топиб айтадиган, юпатадиган, керак бўлса, йўл кўрсатадиган холис дўст эмасми? Бунақа беминнат дўстни қайдан топасиз?!
* * *
Муҳаммад Юсуфнинг орзуманд кўнглини, аламзада юрагини, дарё қалбини эпик асарларида, айниқса, “Қора қуёш” достонида аён кўрасиз. Жадид боболаримизнинг бошига тушган кўргиликлар, истеъдод эвазига истибдод заҳрини тотишга мажбур бўлган буюк боболаримиз тарихий далиллар асосида хотирланади, одамни ларзага соладиган манзаралар чизилади. “Халқ душманлари”га айланган икки яшар болачоқлар, пахтазорларда увол бўлган биринчи синф болалари, томигача пахта эккану ўзи кафангадо халқ, жувонмард ва жувонмарг Усмон Носир, рўёларга ишонган соддадил Файзулло бобою Акмал Икромлар... Уларни унутиб бўладими? Йўқ! Агар улар эсдан чиқса, яна ўша давр келишига замин яралади. Шоирнинг вазифаси ана шу хавфдан огоҳлантириш, малол келмайдиган қилиб жигарларча жон тортиб уқтириш...
Ўттиз еттинчи йил қатағони исканжасига тушган ҳар юз одамдан тўқсон олтитаси ўз “айби”га иқрор бўлиб, халққа душманлик қилганини тан олган, ҳукмномага имзо чеккан экан. Қолган тўрт фоизи-чи дерсиз. Қолганлари қийноқ азобидан ақлдан озган... Ўша жиннилар ҳам қамчисидан қон томган, одамкуш тегирмон тошини юрғизган Қора қуёшни бетимсол нажоткор деб ишонган, ўлар чоғи ҳам “Яшашин, Ишталин!” деб жон берган...
* * *
Ватан ҳақида дунё халқларида тушунча ҳар хил. Баъзи миллатлар борки, қаерда яхши яшаса, қаерда даромад топса, қаерда қозони қайнаса, ўша ер — ватан. Лекин ўзбек ҳеч қачон ўз Ватанини Ўзбекистондан ёки туғилган жойидан ташқарида тасаввур қилолмайди. Гоголнинг “Тарас Бульба”сидаги Янкелни эсланг. Унинг учун Андрийнинг хоинлиги ҳеч гапмас. “Нима бўпти? Душман тарафга ўтган бўлса, у ўша жойда тўралардек юрибди. Эгнида зарбоф чакмон, киссаси тўла тилло...”.
Ватан дегани жуғрофий хариталарга сиғмаслиги мумкин. Навоий, “Мусофир бўл, аммо Ватан ичра бўл”, деган даъватида таърифланган Ватан ўша замондаги очуннинг муслимобод кенгликларини англатади. Биз бугунги Ўзбекистонни, кўнгилчан оталардан қолган ҳудудни юрт деб биламиз. Аввало, ана шу Ватанни асраш, обод қилиш, келажакка безавол етказиш муқаддас бурчимиз. Аммо Ватан фақатгина кўҳна кентлардан иборат эмас. Падаркуш фарзанд ва беоқибат тожу тахт боис қон йиғлаб турган Улуғбек ҳам Ватаннинг бир қисми. Яссавий, Кубро, Ибн Сино, Амир Темур, Навоий, Бобур, Машраб... барчаси миллатнинг гултожи сифатида Ватан тимсолига айланган. Бу бор гап.
Муҳаммад Юсуф ана шу рамзлар қаторига “Алпомишга алла айтган момолар”у “Марғилонда йиғлаб турган Кумуш”ни, “Қонбағир Зуҳрою Тоҳир”ни, “Хаёлдан кетмас Ботир Зокиров”ни, яктагию дўпписини ечмаган Турсунали полвонни... ва ўнлаб афсонавий ҳамда замондош шахсларни қўшади. Унинг назарида, дўппи шунчаки бош кийим эмас, у миллат тожи. “Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё Бош қолмади дўппига лойиқ”.
Сумалак бор-йўғи егулик — баҳор таоми бўлмай, меҳр-оқибат, қадриятлар белгисидир. “Ҳа, Наврўзфурушлар, қалайсиз энди, Биз билан сумалак ялайсиз энди!” Қизғалдоқ кўкламнинг чилги чечаги эмас, у илк муҳаббат суратидир. “Севги бамисоли лолақизғалдоқ, Тегинмай бўлмайди, тегсанг тўкилар...” От эса зинҳор улов ҳисобланмайди, у садоқатли дўст. “От демасман, у менга ҳам дўсту ҳам ёр эди...” Шеъриятга шунча тимсол олиб кирган бошқа шоирни биласизми? Ватаннинг тоғлари ортидан эргашиб юрган, юртини уч кун кўрмаса хумори тутадиган, Ўзбекистоннинг соясига жонини тўшайдиган асл фарзанд — иддаолар қилмай севадиган бола қайда бор?
* * *
Даҳоларнинг кўпи узоқ умр кўрмайди дейишади. Аммо Муҳаммад Юсуф то ўзбек деган халқ бор экан, абадий яшашига шубҳа йўқ. Буюклар тириклигида кўпам қадр топмайди деган гап бор. Лекин Муҳаммад Юсуф ҳаётлигида подшою фақирдан чексиз эъзозу ҳурмат топган эрка тақдир эгаси. Бугун ҳам унинг номи, шеърлари тилдан тушмайди. Бугун у туғилган қишлоқ мухлислар сайилгоҳига айланган, қизғалдоққа кўмилган қабри шеърпарастлар учун зиёратгоҳ.
Шоирлар юртининг феруза гумбазига қанотларини тегизиб қалдирғочлар чарх уради. Қайрилма қанотлар тўлқинидан мавжланиб, жонбахш наво уфқларга таралади:
“Мен дунёни нима қилдим, Ўзинг ёруғ жаҳоним...”
Юраклар бирлашади, дунё кенгая бошлайди. Кўнгилларни англамсиз қувонч чулғайди. Миллатлар, элатлар... бир тану бир жон бўлади.
“Улуғимсан, Ватаним!” деб авжини олади фахриёр эл.
“Сен шохлари осмонларга Тегиб турган чинорим...” — деб шивирлайман мен.
Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири