Умида 2-3 ёшга кирганида мозаика ва конструкторли ўйинларни қунт билан ўйнар эди. Отаси ва опалари дона сурганда ҳам, худди катталардек синчковлик билан ўйинни кузатар, бутун эътибори шахмат доскасида бўларди. Шунданми ота-онаси қизалоқни “кичкина синчи” деб чақирарди. Беш ёшга етганида эса Умида ҳам катталар билан мустақил шахмат ўйнай бошлади. Онасининг эслашича, у қўғирчоқлардан воз кечиб, от ўйнатиб, фил сурар эди. Машғулотларга шу даражада қизиқиб кетдики, опаларининг мактабдан, отасининг ишдан келишини интизорлик билан кутиб ўтирарди. “Кичкина синчи” шу тариқа шахмат сир-асрорларини ўргана бошлади. Ундаги иштиёқни кўриб хурсанд бўлган отаси Умидани шахмат тўгарагига олиб борди. Мураббий қизнинг пухталик ва диққат билан шахмат ўйнашини кўриб, жуда қувонди.
Болалигидан тафаккур машқи билан мунтазам шуғулланиб келаётган Умида Омонова ота-онаси ва устозлари ишончини оқлади, дея баралла айта оламиз. Ахир, у кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Ҳозир пойтахтимиздаги 266-мактабнинг 8-синфида ўқиётган қизни икки карра жаҳон, ўн карра Осиё ва Ўзбекистон чемпиони, десак ишонасизми?!
Интилувчан Умида 11 ёшида Хитой Халқ Республикасида ўтказилган Осиё чемпионатида 9 имкониятдан 8,5 очко жамғариб, спорт усталигига номзод талабини бажарди. Шу йили мазкур мамлакатнинг Панжин шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионатида 13 ёшгача қизлар ўртасида шахматнинг стандарт, блиц ҳамда рапид йўналишларида юқори ўринларни банд этиб, иккита олтин ва битта кумуш медаль соҳибаси бўлди. 2018 йилда эса Таиланднинг Чиангмай шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида ўз ёш тоифасидаги қизлар ўртасида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди. Худди шу йили Беларусь Республикасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам иккита олтин медалга эга бўлди. Қолаверса, Шри-Ланка ҳамда Испания давлатларида бўлиб ўтган мусобақаларда ҳам ғолибликни қўлга киритди.
Интилишлари самараси ўлароқ, Умида Омоновага 2019 йилда ФИДE устаси унвони берилди. Шу тариқа у Ўзбекистон тарихида ушбу унвонни қўлга киритган энг ёш аёл мастерга айланди. Ўтган йили эса Халқаро шахмат академияси ва Шаржа шахмат клуби ҳамкорлигида ўтказилган “Талантли ёшлар-2020” халқаро блиц турнирида биринчи ўринни эгаллади. Санайверсак, Умиданинг ютуқлари кўп. Айтиш жоизки, ёшларнинг мана шундай юксак чўққиларни забт этиши юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасидир.
Спорт ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради. Шу боис мазкур йўналишни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли спортчиларимиз жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида қатор ғалабаларни қўлга киритиб, халқимиз салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. Умида мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшлардан.
— Умиданинг ўзига ишончи аввалдан баланд эди, — дейди мураббийи Владимир Егин. — Шунингдек, шахматдаги ҳар бир қоидани қунт билан ўрганар, тенгдошлари ўйинини ҳам ўта зийраклик билан кузатар эди. Мана шу интилишлари унинг катта ютуқларни қўлга киритишига сабаб бўлди. Мен ундаги тиришқоқликни жудаям қадрлайман.
Халқнинг, ота-онасининг ишончини оқлаган, кўпчилик эътирофига, мураббийларининг таҳсинига сазовор бўлган Умида Омонова жорий йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Албатта, бу ютуқ унинг зиммасига янада улкан масъулият юклайди.
— Ватан фарзанди сифатида юраги ёниб, ҳаракатни бошлаган инсон жиддий изланиши, шижоат билан яшаши лозим, — дейди Умида Омонова. — Бугун бизнинг интилишимиз, юксак марраларни забт этишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Президентимиз Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаганида ўз олдимга янада катта мақсадларни қўйдим. Ватанимиз номини юксакларга кўтариш учун тинмай ҳаракат қилишим, ўз устимда ишлашим зарурлигини англадим. Мен, албатта, тинимсиз изланаман ва Президентимиз ишончини оқлайман. Тенгдошларимга ўз орзулари ва танлаган касби йўлида ҳеч ҳам толмасликни тилайман.
Бугун юртимизда барча соҳалар ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Бундан қўзланган мақсад: ёшларнинг билимли ва етук кадр бўлиб етишиши, жаҳон минбарларида байроғимизни баланд кўтариши. Ана шундай эзгу мақсад йўлида ҳаракат қилаётган Умида каби ёшлар учун юртимизда барча имконият муҳайё.
Феруза ЖЎРАЕВА, журналист